АсосийJamiyat

Анқарада Алишер Навоийга бағишланган анжуман бўлиб ўтди

'Анқарада  Алишер Навоийга бағишланган анжуман бўлиб ўтди'ning rasmi

Туркия пойтахти Анқара шаҳрида Халқаро турк маданияти ташкилоти (Турксой) ва Ўзбекистон элчихонаси томонидан улуғ ўзбек шоири ва давлат арбоби, ғазал мулкининг султони Алишер Навоийга бағишланган анжуман бўлиб ўтди. Бу ҳақда “Жаҳон” АА хабар бермоқда.

Тадбир ташкилотчилари буюк мутафаккирнинг жаҳон адабиётида тутган ўрни ҳақида батафсил гапириб бердилар.

Анжуман шоирнинг нодир ғазалларини ўқиш билан бошланди. Сўнгра ўзбек ҳамда турк тилларида Навоийнинг ҳаёти ва ижоди ҳақидаги ҳужжатли фильм намоийш этилди. “Турксой” бош котиби профессор Дусен Касеинов, Ўзбекистон элчиси Алишер Агзамхўжаев ҳамда Туркиянинг Сакаря шаҳри депутати профессор Мустафа Исен нутқ сўзладилар.

Д.Касеинов Ўзбекистон ва барча туркий халқларнинг фахри бўлган буюк шоирнинг хотирасини тадбирда ёд этишдан мамнуниятини изҳор этди.

А.Агзамхужаев Навоийнинг давлат арбоби сифатида юрти ва халқи учун қилган эзгу амалларини, мерос сифатида қолдирган асарларини, унинг шеър санъати ва адабий маҳорати ҳақида сўзлади.

“Агар дунёда беш кишилик даҳолар рўйхати эълон қилинадиган бўлса, бу рўйхатга турк дунёсидан кирган икки кишидан бири Алишер Навоий бўлар эди,” деди Мустафа Исен.

Сўнгра Ўзбекистон ва Туркиядан, турли олий таълим муассасаларидан келган олимлар маърузалари эшитилди. Алишер Навоийнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида муҳим фикрлар билдирган мутахассисларнинг барчаси шоир ва унинг меросига нисбатан чексиз ҳурмат изҳор этди. Ўзбекистонлик санъат арбоблари эса унинг ғазаллари асосида яратилган қўшиқлар куйлаб бердилар.

    Бошқа янгиликлар