1

Бугун Озарбайжонда сукунат куни

ДУНЁ 10.04.2018, 15:01
Бугун Озарбайжонда сукунат куни

Эртага Озарбайжон Республикасида навбатдан ташқари президентлик сайлови ўтказилади. Бугун йирик сиёсий тадбир олдидан мамлакатда сукунат куни эълон қилинди.

Озарбайжон Республикаси сайлов қонунчилигига кўра ушбу кунда сайловга оид ҳар қандай ташвиқот, сиёсий рекламалар ман этилади.

Озарбайжон президентлигига сайловолди ташвиқот жорий йилнинг 19 мартидан бошланган эди. Шу кундан эътиборан президентликка номзодларнинг сайловчилар билан учрашувлари, ташвиқот видеороликлари, сиёсий дебатлар давлат оммавий ахборот воситалари орқали омма эътиборига ҳавола этила бошланди. Шу мақсадда номзодларга 3 соатлик бепул эфир вақти ажратилган бўлган.

Президентликка номзодлар саккиз нафар. Булар амалдаги давлат раҳбари Илҳом Алиев, “Бутун Озарбайжон халқ партияси”дан Гудрат Гасангулиев, Озарбайжон Социал-демократик партиясидан Араз Ализода, “Халқ ҳаракати – Тикланиш”партиясидан Фараж Гулиев, “Фронтчилар ташаббус гуруҳи”дан Рози Нуруллаев, “Замонавий Мусават” партиясидан Ҳафиз Гажиев”, ўз номзодини илгари сурган Зоҳид Оруж ва Озарбайжон Демократик партиясидан Сардор Мамедов.

Мухолиф бўлган “Миллий кенгаш” партияси, “Халқ фронти партияси” ва “Мусават” сайловнинг муддатдан олдин ўтказилишига қарши чиқди. Оппозиция сиёсий тадбирга бойкот эълон қилган.

Эртага Озарбайжон Республикасида маҳаллий вақт билан соат 8.00 да президентлик сайлови бошланади. Марказий сайлов комиссиясининг маълумотларига кўра мамлакатда 5 миллиондан зиёд сайловчилар бор. Рўйхатдан ўтган халқаро кузатувчилар сони 900 га яқин. Жами 5 минг 641 та сайлов участкаси ташкил этилган. Республиканинг 32 давлатдаги дипломатик ваколатхоналарида ҳам 41 та сайлов участкаси ҳозирлаб қўйилган.

Эслатиб ўтамиз, Озарбайжон Республикасида президентлик сайлови 2018 йилнинг октябрь ойида бўлиб ўтиши керак эди. Президент Илҳом Алиев Озарбайжон Республикаси Конституцияси ва сайлов қонунчилигининг тегишли моддаларига биноан қарор қабул қилди. Мазкур қарорга кўра 2018 йил 11 апрелда Озарбайжон Республикасида президентлик сайлови муддатидан олдин ўтказилади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1