Бугунги кунда дунёда тахминан бир миллиард, Ўзбекистонда 600 мингдан ортиқ ногирон бор. Уларнинг аксарияти кундалик турмушда турли қийинчиликларга дуч келади. Мамлакат сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ва маданий ҳаётида фаол иштирок эта олмайди...
Мамлакатимизда эса ногиронларнинг ўзларини жамиятнинг тўлақонли аъзоси сифатида ҳис қилишлари учун шарт-шароитлар яратишга катта эътибор қаратилган. 1991 йилда МДҲ давлатлари ичида биринчилардан бўлиб «Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг қабул қилингани бунга бир мисол. Ушбу қонун 2008 йилда янги таҳрирда қабул қилинди. Бугунги кунга келиб эса, афсуски, қонун маънан эскирди ва БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясида белгиланган ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасидаги халқаро талаблар ва стандартларга жавоб бермай қолди.
Шундан келиб чиқиб, Президентимизнинг 2017 йил 1 декабрдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш бўйича муҳим ҳужжат ва дастуриламалдир.
Унда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳаёт сифати ҳамда даражасини оширишга кенг қамровда ёндашиш асосий мезон қилиб белгиланган. Шунингдек, БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини ратификация қилишга тайёргарлик кўриш, “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш, имконияти чекланган шахсларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш ва реабилитация қилиш самарадорлигини яхшилаш, уларнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши ҳамда ишга жойлашишини таъминлаш кабиларга эътиборни янада кучайтириш вазифалари қўйилган.
Ушбу вазифалар ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишлар, жумладан, кўзи ожиз шахсларнинг саводхонлигини ошириш, шу мақсадда вилоятлар ва туманлар марказларидаги умумтаълим мактаблари негизида Брайль алифбосини ўқитиш бўйича махсус ташкил этилаётган курслар, янги ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларига абитуриентлар қабулининг умумий сонидан ногиронлиги бўлган шахслар учун қўшимча равишда икки фоизли квоталарнинг киритилиши имконияти чекланган йигит-қизларни ўзлари қизиққан соҳада олий маълумотли мутахассис бўлиш, жамиятда ўрнини топиб, ўзига, оиласига, мамлакат фаровонлигига наф келтиришдек юксак орзулар сари дадил интилишга ундайди.
Энг муҳими, бугун одамларда ногиронлиги бўлган шахсларга нисбатан муносабатни ўзгартириш, улар ҳам сизу биз каби жамиятнинг тўлиқ ҳамда тенг ҳуқуқли аъзоси эканини чуқур тушунтириш зарурати бор. Шу маънода, эндиликда “ногирон” тушунчаси муомаладан чиқарилиб, унинг ўрнига “ногиронлиги бўлган шахс” атамаси киритилаётгани қувонарли ҳолдир.
Ўзбекистон ХДП марказий кенгаши ташаббуси билан ўтказилган “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонун лойиҳасига бағишланган йиғилишда ана шулар ҳақида сўз борди.
Таъкидландики, янги қабул қилинаётган қонун ногиронлиги бўлган шахсларнинг қонуний манфаатларини таъминлашни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш имконини беради. Унда кўзда тутилган мақсад ҳамда вазифаларни амалга ошириш, эҳтиёжманд қатлам вакилларига беғараз ёрдам кўрсатиш жараёнида давлат ва нодавлат тузилмалар масъулияти, фаоллиги янада ортади.
Тадбирда Ўзбекистон Халқ демократик партияси ва Ногиронлар, Кўзи ожизлар ва Карлар жамиятлари томонидан Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини амалга ошириш борасида ҳамкорликни янада кучайтиришга келишиб олинди.
Ўз.А.