Қочоқлар, бошпана сўровчилар сони иккинчи жаҳон уруши вақтидан буён илк бора 50 млн кишига етди.
Бу ҳақда БМТнинг қочоқлар иши бўйича агентлигининг ҳисоботида кўрсатилган. Қочоқлар сони 2013 йилга нисбатан 6 млн.га кўпайган.
Ҳисоботда қайд этилишича, қочоқларнинг сони ошишига Суриядаги фуқаролар уруши сабаб бўлган. У ердан ўтган йили 2,5 миллион суриялик ўз ватанини тарк этишга мажбур бўлган. Қолган 6,5 миллион киши эса Сурияда қолган, аммо ўз уйларини тарк этишган.
Қочоқлар сони ортган ҳудудлар қаторида Марказий Африка Республикаси ва Жанубий Судан мамлакатлари алоҳида кўрсатилган.
Умуман олганда энг кўп қочоқлар Афғонистон, Сурия ва Сомалидан эканлиги айтилмоқда. Улар бутун дунёдаги қочоқларнинг ярмидан ортиғини ташкил қилмоқда. Покистон, Эрон ва Ливан давлатлари эса қочоқларни қабул қилувчи асосий мамлакат деб топилди.