АсосийJamiyat

Ўзбекистон бешта энг оммабоп сайёҳлик йўналишлари рўйхатида

'Ўзбекистон бешта энг оммабоп сайёҳлик йўналишлари рўйхатида'ning rasmi

Италияда чоп этиладиган нуфузли “Corriere Della Sera” газетаси ёз фаслида саёҳатга чиқиш тавсия этиладиган мамлакатлар рейтингини эълон қилди. Ўзбекистон улар орасидаги энг мақбул йўналишлар қаторидан жой олган. Бу ҳақда “Жаҳон” АА хабар бермоқда.

Нашр тадқиқотчилари фикрича, мамлакатда ҳукм сураётган умумий вазият, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, янги сайёҳлик объектлари бунёд этилаётгани, пул алмаштиришдаги мақбул қийматлар сингари омиллар ҳамда сайёҳлик соҳасидаги йирик компаниялар юритаётган нарх сиёсати халқаро сайёҳликнинг чўққисига кўтарилишга имкон беради.

Ўзбекистон ёзги таътилни ўтказиш учун Уругвай, Андаман ороллари, Замбия ва Финляндия каби энг оммабоп бешта сайёҳлик йўналиши рўйхатига киритилган.

Ўз тадқиқотларини айнан мамлакатимиздан бошлаган нашр экспертлари Ўзбекистон йўналишига “Юқори тезликдаги Ипак йўли”, дея таъриф берган. “Марказий Осиё мамлакатлари орасида фақат Ўзбекистонда юқори тезликда ҳаракатланувчи поездлар Ипак йўли бўйидаги бетакрор маданий меросга эга шаҳарларни бир-бири билан боғлайди. Тошкентдан Самарқандгача (344 километр) бор-йўғи икки соат, сўнгра Бухорогача (пойтахтдан 600 километр) 3,5 соат вақт кетади, холос”, деб ёзади газета.

Тадқиқотда таъкидланганидек, “кўпгина қийинчиликларга дуч келинаётганига қарамасдан, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигида ҳаётга тадбиқ этилаётган янги сиёсат мамлакатни демократия йўлидан етакламоқда. Бироқ ҳаммага таниш бўлган ўзбекона самимият ўзгармасдан қолади”.

Мамлакатимизги меъморий обидалар ҳақида тўхталар экан, Италия нашри Бухорони муқаддас шаҳар, “ислом қуввати, дин ва маданият юраги”, дея таърифлаган. “Шаҳрисабз минтақанинг асосий шаҳарларидан бири, Амир Темур туғилган гўша, Хива – энг фусункор шаҳар, Самарқанддаги машҳур Регистон майдони ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган энг гўзал қадамжолардан бири, Улуғбек расадхонаси – Ўрта асрнинг энг машҳур дурдонасидир”, дея қайд этади “Corriere Della Sera”.

Газетанинг “DoveClub” деб номланган сайёҳлик ҳаёти саҳифасида 2018 йил сентябрь ойида италиялик сайёҳлар гуруҳининг номлари саналган шаҳарлар бўйлаб саёҳат ташкил этиш режасини эълон қилгани ҳам ёзилган.

Эслатиб ўтамиз: ўтган йили Ўзбекистон Италиядаги бошқа бир оммабоп газета – “IlSole24ore” нашрининг энг яхши сайёҳлик йўналиши рейтингидан жой олган эди.

    Бошқа янгиликлар