АсосийJamiyat

Самарқанд вилояти ҳокими Жом қишлоғида оммавий қабул ўтказмоқда

'Самарқанд вилояти ҳокими Жом қишлоғида оммавий қабул ўтказмоқда'ning rasmi

Айни вақтда Президент давлат маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Улуғбек Муҳаммадиев ва вилоят ҳокими Т. Жўраев Жом қишлоғида Нуробод, Паст Дарғом, Самарқанд ва Тойлоқ туманлари аҳолиси учун ҳудудий оммавий қабул ўтказмоқда, деб хабар бермоқда "Зарафшон" нашри.

Дастлаб вилоят ҳокими томонидан Жом қишлоғидаги ногирон хотин-кизларнинг 12 нафарига Президент туҳфалари – тикув машиналари ва эсдалик совғалари топширилди.

– Бундай эътибордан мамнунмиз, – дейди биринчи гуруҳ ногирони Дилфуза Раҳматова. – Келгусида тикувчилик фаолияти орқали даромад олишни мақсад қилганман. Бизга кўмак берган Президентимиз ва вилоятимиз раҳбарларидан миннатдормиз.

Шунингдек, Жом қишлоғидаги ногирон хотин-қизларга дори-дармонлар берилди.

Оммавий қабул давом этмоқда. Унда вилоятдаги масъул идора ва ташкилотлар раҳбарлари, жамоатчилик вакиллари, қишлоқ аҳолиси иштирок этмокда.

Айни дамларда вилоятдаги барча соҳа раҳбарлари алоҳида хоналарга бўлинган ҳолда аҳолини қабул қилмоқда. Мурожаатларини тинглаб, муаммоларни асосан ижобий ҳал этмокда.

— Бизнинг қишлоғимизда телевизион антена йук, - дейди Нуробод тумани Чункаймиш қишлоғида яшовчи Ҳислат Жабборов. - Ушбу масаладаги мурожаатим ҳал этиладиган бўлди. Вилоят ҳокими топшириғи билан тегишли ташкилотлар томонидан бир ой муддатда қишлоғимизга телевизион антена ўрнатиладиган бўлди.

— Ногирон ўғлим бор, - дейди Гирдиқўрғон маҳалласида яшовчи Ойимхол Қудратова. - Охирги вақтда дори-дармон учун моддий томондан кийналиб қолдик. Шунинг учун вилоят ҳокимидан ёрдам сурадим. Мурожаатим ижобий ҳал этилди. Бизга эртанинг ўзида моддий ёрдам берилади.

Республика миқёсида ҳал этиладиган масалалар юзасидан Президент девони вакили Х.Жуманиёзов қабул қилмоқда.

Шунингдек, оммавий қабул доирасида биометрик паспортлар эгаларига топширилди.

- Жом қишлоғидаги 10 нафар кекса отахон ва онахонларга биометрик паспорт топширдик, - дейди Нуробод тумани ИИБМ ва ФРБ бошлиғи Абдурафиқ Жабборов. - Жом қишлоғида 933 нафар фуқаро қабул қилиниб, шу вақтга қадар тайёр булган биометрик паспортлар эгаларига топширилмоқда.

    Бошқа янгиликлар