АсосийJamiyat

“Ермулккадастр” давлат корхонасининг туман филиали ходими жиноят устида қўлга олинди

'“Ермулккадастр” давлат корхонасининг туман филиали ходими жиноят устида қўлга олинди'ning rasmi

Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак, деган ғоя ҳаётимизда ўз ифодасини топаётгани қувонарли. Бугун ана шу эзгу мақсад йўлида жамиятнинг барча соҳаларида чуқур ислоҳотлар давом этмоқда.

Лекин орамизда ҳанузгача бу ўзгаришлар моҳиятини тушуниб етмаётганлар учраб тургани жуда ачинарли.

...Сардор Юнусов Зафаробод тумани “Ёрқин” шаҳар фуқаролар йиғинида истиқомат қилади. У уйининг ҳужжатларни расмийлаштириш мақсадида “Ермулккадастр” давлат корхонасининг туман филиалига боради. Боришга боради-ю, аммо иши битмаётгандай туюлаверди.

Буни қарангки, ўша пайт бу ишни бир зумда ҳал қилиб берадиган одам ҳам топилади. "Ҳожатбарор" филиалнинг ишлаб чиқариш бўлими бошлиғи Қобил Абдураҳимов бўлиб, расмий тўловлардан ташқари “қўл ҳақи” учун 300 минг сўм беришини талаб қилади.

Сардор Юнусов ундан имкониятларини чамалаш ва ўйлаб кўриш учун вақт сўрайди.

У ўйлаб кўрди... Ноқонуний талаб юзасидан туман ички ишлар бўлимига ариза ёзди.

Кўза кунида эмас, ўша куни синди. Зафаробод тумани ҳокимлиги рўпарасида пора олаётган Қобил Абдураҳимов Жиззах вилояти ИИБ жиноят қидирув бўлимининг коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими томонидан жиноят устида қўлга олинди.

Жиззах вилояти Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати хабарига кўра, мазкур ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Эслатма! Материалда келтирилган исм-фамилиялар ўзгартирилган, тўғри келган ҳар қандай ўхшашлик тасодиф саналади.

    Бошқа янгиликлар