1

Хоразмда собиқ ўқувчилар мактабга китоблар совға қилди

ЖАМИЯТ 19.04.2018, 16:10
Хоразмда собиқ ўқувчилар мактабга китоблар совға қилди

Хоразм вилоятининг Боғот туманидаги 5-умумтаълим мактабини 1982 йилда битирган бир гуруҳ ўқувчилар мактаб кутубхонасига мингта китоб совға қилди, деб хабар бермоқда ЎзА.

Президентимизнинг 2017 йил 13 сентябрдаги “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар Дастури тўғрисида”ги қарори аҳоли ўртасида китобхонлик маданиятини юксалтиришга хизмат қилаётир.

– Биз 36 йил аввал шу мактабни битирган эдик, – дейди Самандар Ҳайитбоев. – Бизнинг ҳаётда ўз ўрнимизни топишимизда шу ерда олган билимларимизнинг ўрни беқиёс. Шу боис, биз бу муқаддас даргоҳ ва устозлар олдидаги қарзимизнинг бир қисмини бўлса-да, узиш мақсадида шу ишга қўл урдик. Совға қилинган китоблар мактаб ўқувчиларининг билими янада ортишига хизмат қилади, деб ишонамиз.

Совға қилинган китоблар ўзбек ва жаҳон мумтоз адабиёти дурдоналари, замондош ижодкорларнинг асарларидан иборат.

– Кутубхонамизга совға қилинган китоблар орасида жуда кўп қизиқарли асарлар бор экан, – дейди 9-синф ўқувчиси Маҳлиё Қурбонбоева. – “Ёш китобхон” клубимиз аъзолари ҳар доим дарсдан сўнг ўз вақтини мазмунли ўтказиш учун китоб мутолаа қилади. Эндиликда уларнинг сафи янада ортади.

Тадбир доирасида китоб кўргазмаси ташкил этилиб, инсон ҳаётида китобнинг ўрни, ўзбек ва жаҳон адабиёти дурдоналари ҳақида сўзлаб берилди. Аълочи ва ташкилий ишларда фаол ўқувчиларга эсдалик совғалари топширилди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1