Тошкент шаҳар ИИББ асли Россия фуқароси бўлган Дмитрий Питкони ватанига қайтаргани ҳақида хабар берди.
Ўтган ойнинг охирида Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари хотирасини йўқотган киши ҳақида ижтимоий тармоқларда тарқалган маълумот юзасидан суриштирув ўтказишди. Россия фуқароси бўлган Дмитрий Питко исмли шахснинг ҳужжатларини қайта тиклаш бўйича Россия Федерациясига сўров юборилди.
Қисқа фурсат ичида Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси кўмагида Дмитрий Питкога Россия Федерациясининг паспорти расмийлаштирилди. Унинг ватанга қайтишида фаол иштирок этган «НТВ» телеканали эса самолёт чиптасини тақдим этди.
Питкога кўп йиллар ғамхўрлик қилган тошкентлик Эдуард Чуляков ва Лада Анохина эса уни И.Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортига кузатиб қўйдилар.
Дмитрий ҳозир отаси билан Оренбургда. Ўйлаймизки энди унинг ҳаётида ҳаммаси жойида бўлади.






