Шимолий Корея баллистик ракеталар ва ядро қуроллари синовини, шунингдек, Пунгери ядро полигонидаги амалиётларини якунлайди.
Корея ишчилар партияси Марказий қўмитасининг мажлисида Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин ана шундай баёнот билан чиқиш қилган. Марказий қўмита қарорида бу мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш ҳамда қўшни давлатлар ва халқаро ҳамжамият билан мулоқотни сақлаб қолиш зарурати билан изоҳланмоқда.
АҚШ президенти Доналд Трамп Шимолий Кореянинг ядровий синовлари тўхтаганини "жуда яхши хабар" деб атаган. Япония Бош вазири Синзо Абе эса буни "ижобий йўналишдаги яна бир қадам" деб таърифлар экан, Шимолий Кореяни тўлиқ ядросизлантирилишига эришишга ваъда берган.
Жанубий Корея президенти Мун Чжэ Ин маъмурияти КХДР қарори, Корея давлатлари ва Америка-Шимолий Корея саммитларини муваффақиятли ўтиши учун қулай муҳитни яратади, деб ҳисоблайди.
Хитой Ташқи ишлар вазирлиги қарор Корея яриморолидаги можарони тинч йўллар билан ҳал қилиш учун имкон беради, деб айтди.
“The Washington Post”нинг ёзишича, АҚШ президенти Доналд Трамп маслаҳатчилари Шимолий Корея етакчисиниг ядро ва ракета синовларини тўхтатаётганига оид баёнотига ишонмаслиги маълум қилишган.
23.04.2018 04:51
Шимолий Корея ядровий синовларни тўхтатмоқда






