23 апрель куни соат 14:00 да Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Маданият вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Миллий кутубхона билан ҳамкорликда Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллудига бағишланган “Ўлуғимсан, Ватаним!” номли кўргазма ва ижодий кеча ўтказилди.
Кечада адибнинг ҳаёт йўли, ижодий жараёнлари акс этган фотосуратлар намойиш этилди. Тадбирни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Муслимбек Йўлдошев олиб борди. Ижодий кечани Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Минҳожиддин Мирзо очиб, шоир ижодидаги нозик қирраларни таърифлади.
Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Ғайрат Мажид, Маданият ва санъат кўргазма зали директори Наргиза Толипова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Сайди Умиров, фалсафа фанлари доктори, профессор Сайёра Тўйчиева, шоира Нодира Рашидова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Ғиёс Бойтоев, Тошпўлат Маткаримов, Илҳом Фармонов, Муҳаммад Юсуфнинг рафиқаси Назира Ассалом ва яқинлари иштирок этиб, шоирнинг ёрқин хотираси ҳақида илиқ сўзлар айтишди.
Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф 1954 йил 26 апрелда Андижон вилояти, Марҳамат туманидаги Қовунчи қишлоғида деҳқон оиласида таваллуд топди.
Дарҳақиқат, шоирнинг дўстлари ва яқинлари у билан ҳамроҳ юрган ёшлик кезларини ифтихор билан тилга олар экан, Муҳаммад Юсуфнинг ҳаёт йўли, ижоди ва қизғин ижтимоий фаолияти ёшларимиз учун ибрат мактаби бўлиб хизмат қилаётганини таъкидлади.
Шоирнинг “Таниш тераклар” (1985), “Булбулга бир гапим бор” (1987), “Илтижо” (1988), “Уйқудаги қиз” (1989), “Ҳалима эна аллалари” (1989), “Ишқ кемаси” (1990), “Кўнглимда бир ёр” (1991), “Бевафо кўп экан” (1991), “Эрка кийик” (1992), “Сайланма”, “Биз бахтли бўламиз”, “Осмонимга олиб кетаман”, “Улуғимсан, Ватаним” сингари ўндан ортиқ шеърий тўпламлари адабиётимизнинг олтин меросига айланди.
Муҳаммад Юсуф ўзбек шеърияти ва қўшиқчилигини ривожлантиришдаги хизматлари учун 1996 йилда “Дўстлик” ордени билан тақдирланди. Шоир ҳаёт бўлганда бу йил 64 баҳорни қаршилаган бўлар эди.
Унинг «Кўкламойим», «Оқ тулпорим» “Ватан” номли ва бошқа кўплаб шеърларини ҳофизлар куйга солиб куйлаганида, шубҳасиз диллар яйрайди
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист ҒИЁС БОЙТОЕВ: “Саксон фоиз қўшиқларим муаллифи Муҳаммад Юсуф эди. «Муҳаббат йўқ экан дунёда...» деган қўшиғимдан бошлаб у киши билан ҳамкорлик қилганмиз. Ака-укадек қадрдон эдик. «Онам йиғлар...» кўшиғининг мусиқасини яратишда ҳам, қандай қилиб айтишимгача ўзи устида турган эди. Унинг ёзганлари кўпинча менинг овозимга мос келарди. Шеърлари халқона эди, оҳангини ўзи билан ёзарди”, дея эслаган шоирнинг сайланмаларидан бирида.
Ўтар қанча йиллар тўзони,
Юлдузлар — кўзёши самони.
Ўтар инсон яхши-ёмони,
Меҳр қолур, муҳаббат қолур.
Қорачуғда порлаган ўша,
Иқболига чорлаган ўша.
Дунёни тор айлаган ўша —
Меҳр қолур, муҳаббат қолур.
Анор сенинг юзларинг, сулув,
Хумор сенинг кўзларинг, сулув,
Ёдда қолмас сўзларинг сулув,
Меҳр қолур, муҳаббат қолур.
Оқиб кетди сувларда Тоҳир,
Зуҳро йиғлаб қолди қон бағир.
Келганда ҳам қиёмат охир,
Меҳр қолур, муҳаббат қолур.
Нима дейсан, эй, ғаюр инсон?
Ғийбатларинг қилди мени қон.
Сен ҳам бир кун ўтурсан, инон,
Меҳр қолур, муҳаббат қолур.
Дарҳақиқат, мана шу мисраларни битганида Муҳаммад Юсуф ўзидан ўзидан нақадар меҳр ва муҳаббат намуналари бўлган гўзал бисот қолаётганини сезган бўлса, ажабмас.