Бу ҳақда Германия Ташқи ишлар вазири Хайко Маас "Twitter"да маълум қилди.
“Биз Суриядаги муҳтожларни ўз ҳолига ташлаб қўймаслигимиз лозим. Германия гуманитар ёрдам учун қўшимча миллиард евро ажратади” деган у.
Жорий йилнинг февраль ойида Германия Федератив Республикаси шарқий Ғутага ёрдам кўрсатиш мақсадида Халқаро Қизил хоч ташкилотига 10 миллион евро ажратишини маълум қилган эди. Бунгача ГФР Сурияни қайта тиклашга 2012 йилда 3,78 миллиард евро йўналтирган бўлган. Ўшанда мазкур маблағнинг учдан бир қисми гуманитар ёрдамга мўлжалланган.
Эслатиб ўтамиз, Брюсселда Евроиттифоқ ва БМТ бошчилигида ўтказилаётган Сурия бўйича халқаро донорлик анжуманида гуманитар ёрдам ва кризис бошқармаси Еврокомиссари Кристос Стилианидес Сурияда гуманитар вазият ёмонлашаётгани, 13 миллиондан зиёд аҳоли ёрдамга муҳтож ва уларнинг ярми болалар эканлигини маълум қилди. Анжуманнинг яна бир иштирокчиси Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибининг гуманитар масалалар бўйича ўринбосари Марк Лоукок бу йил БМТ Сурияга кўрсатажак гуманитар ёрдам қиймати 3,5 миллиард долларга тенглигини билдирди.






