АсосийDunyo

Тарихий учрашув: Ким Чен Ин Жанубга қадам қўйган илк КХДР раҳбари

'Тарихий учрашув: Ким Чен Ин Жанубга қадам қўйган илк КХДР раҳбари'ning rasmi

Шимолий ва Жанубий Корея етакчилари ҳарбий кучлардан холи ҳудуд Пханмунжом чегара қисмида олий даражада музокара ўтказмоқда.

Кутилганидек, бугун Шимолий ва Жанубий Корея давлатлари раҳбарлари Ким Чен Ин ва Мун Чжэ Ин учрашди. Нафақат икки мамлакат, балки дунё афкор оммаси томонидан узоқ кутилган мазкур саммит Корея ярим оролида тинчликни таъминлаш, яхши қўшничилик муносабатлари ўрнатилишида муҳим қадам ҳисобланади.

Саммитнинг биринчи қисмида Корея ярим оролини ядроқуролдан ҳоли ҳудудга айлантириш масаласи диққат эътиборда бўлган. Муҳокама жараёнида Ким Чен Ин ўзаро қарама-қаршиликка чек қўйишга чақириб, узоқ кутилган яхши қўшничилик муносабатларига фурсат келганини таъкидлаган. Ўз навбатида Мун Чже Ин ҳам икки давлат ўртасидаги мустаҳкам алоқаларнинг ўрнатилишига тилак билдирган. Шу билан бирга Корея Республикаси Президенти икки мамлакат ўртасида темир йўл қатновини йўлга қўйишни таклиф этган.

Музокаралар давом этмоқда. Саммит якунига қадар томонлар Шимол ва Жануб муносабатларини яхшилаш, ўзаро тинчликни таъминлаш ва мамлакатларни қайта бирлаштириш истиқболларини муҳокама этишни режалаштирган.

Тарихий учрашувгача: Ўтган 2017 йилда КХДР кетма-кет ядровий синовлар ўтказгандан сўнг БМТ Хавфсизлик Кенгаши Пхеньянга қарши чекловлар жорий қилди. Ўз навбатида АҚШ ва Жанубий Корея ҳам дунё ҳамжамиятини Шимолий Кореяга босим ўтказишга чақирди. Жанубий ва Шимолий Корея муносабатларининг илиқлашуви эса Пхенчан қишки Олимпиадаси ва Ким Чен Иннинг синглиси Ким Е Чжоннинг Корея Республикасига амалга оширган расмий ташрифи фонида юз берди. Ўтган ҳафтада Ким Чен Ин АҚШ давлат котибига номзод Майк Помпео билан ҳам учрашиб, мамлакат ядро полигонида Америка томони текширув олиб боришига розилик берди. Эътироф этиш керакки, АҚШ ва КХДР томонларининг бу даражадаги музокараси 2000 йилдан буён кузатилмаётган эди. Жорий йилнинг 20 апрелида Ким Чен Ин Корея ярим оролини ядлроқуролдан ҳоли ҳудудга айлантириш борасида муҳим қарорни расман маълум қилди. Унга кўра КХДР бундан буён ракета-ядровий синовларни тўхтатади.

    Бошқа янгиликлар