Президент ташаббуси билан пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманидаги кўча Шомаҳмудовлар номи билан қайта номланади, дея Президент матбуот котиби Комил Алламжонов Facebook’даги саҳифасида хабар қилди.
Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев пайшанба куни ўтган видеоселектор йиғилишида маълум қилди.
"Уруш пайтида Украина, Белоруссия ва Россиядан турли миллатга мансуб 1 миллиондан ортиқ аҳоли, шу жумладан 200 минг нафар ёш болалар Ўзбекистонга эвакуация қилинган. Халқимиз уларга меҳр бериб, бошпана, озиқ-овқат, кийим-кечак билан таъминлаган.
Айниқса, жуда кўп ўзбек оилалари етим болаларни ўзига фарзанд қилиб олиб, тарбиялаган. Ана шулардан бири – 14 та етим болани ўз тарбиясига олган тошкентлик темирчи Шоаҳмад Шомаҳмудов хонадонидир.
Ер юзида жуда камдан-кам давлат ва миллат бундай юксак инсоний фазилатлар билан ғурурланиши мумкин. Вақт ўтган сари Шомаҳмудовлар оиласи кўрсатган бу қаҳрамонликнинг аҳамияти ва қадри тобора ошиб бормоқда.
Тарихий ҳақиқатни қарор топтириш, халқимизнинг эзгу фазилат ва қадриятларини абадийлаштириш учун, Шомаҳмудовлар оиласига бағишланган “Халқлар дўстлиги” деб номланган ёдгорлик ансамблини пойтахтимиз марказидаги майдонга қайтарсак, адолатли бўлади.
Тошкентнинг Шайхонтоҳур туманидаги кўчага Шомаҳмудовлар номи қайтарилади. Метро бекати, санъат саройи ва майдонга “Халқлар дўстлиги” номи қайтадан берилади. Бизнинг бағрикенглигимиз ота-боболаримиздан қолган ва қолади. Илоҳим, болаларимизга ҳам ўтсин".