1

“Sanoat gilam”: экспорт ҳажми ошмоқда

ЖАМИЯТ 30.04.2018, 19:52
“Sanoat gilam”: экспорт ҳажми ошмоқда

Бухоро вилояти Когон туманида туркиялик инвесторлар билан ҳамкорликда ташкил этилган “SANOAT GILAM” қўшма корхонаси самарали фаолият кўрсатмоқда.

Гилам ишлаб чиқаришга ихтисослашган мазкур субъектнинг иқтисодий салоҳияти йилдан-йилга ошиб, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми кенгаймоқда.

Масалан, ўтган йили 2 миллион квадрат метр гилам ишлаб чиқарилди. Корхона маҳсулоти нафақат ички, балки ташқи бозорда ҳам харидоргир. Бултур унинг 20 фоизи, яъни 300 минг долларлик маҳсулот “Made in Uzbekistan” ёрлиғи билан Россия, Қирғизистон ва Тожикистонга экспорт қилинган. Жорий йилда бу кўрсаткич 400 минг доллардан ошиши кутилмоқда.

– Ҳар қандай корхона учун маҳсулот таннархи муҳим омиллардан биридир, – дейди “SANOAT GILAM” Ўзбекистон – Туркия қўшма корхонаси бош менежери Эркин Ражабов. – Илгари гилам ишлаб чиқариш учун зарур бўладиган полипропиленни катта маблағ эвазига Саудия Арабистони, Эрон ва Туркия давлатларидан харид қилардик. Бир неча йилдирки, бунга ҳожат қолмади. Полипропилен грануласини Устюрт-газ кимё мажмуасидан сотиб олиб, ундан синтетик ип-калавани ўзимизда ишлаб чиқаряпмиз. Шунинг учун ҳам гилам таннархи нисбатан арзон.

Корхонада ўтган йили яна бир бизнес режа муваффақиятли амалга оширилди. Лойиҳа қиймати 3,1 миллион долларга тенг бўлган ип-газлама ишлаб чиқариш цехи фаолияти йўлга қўйилди. Унда Европанинг қатор корхоналари дастгоҳларида тайёрланаётган чойшаббоп мато ички бозорга етказиб берилмоқда. Янги цех ишга туширилиши билан корхонада иш ўринлари яна 42 тага кўпайди.

ЎзА хабарига кўра, айни пайтда қўшма корхонада туркиялик ҳамкорлар билан келишувга мувофиқ, яна бир лойиҳанинг бизнес режаси ишлаб чиқилмоқда. Унга кўра, бу ерда келгуси йили чойшаббоп матодан тайёр маҳсулот тикиладиган янги йирик цех қурилади. Истиқболда экспорт таркибидан тикувчилик моллари ҳам ўрин олади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1