АсосийDunyo

Саркози унга қўйилган айбловларни сиёсий ҳийла деб атади

Франция собиқ президенти Николя Саркози унга қўйилган айбловлардан ҳайратга тушди ва ушбу айбловлар сиёсий ҳийла эканлигини таъкидлади. Бу ҳақда собиқ президент TF1 ва Europe1 телеканалларига берган интервьюсида маълум қилди.

“Вазият жуда жиддий. Гап сиёсий ҳийлалар ҳақида кетмоқда. Францияликлар буни билишлари лозим”,-дейди Саркози.  Собиқ президент  унга қўйилган айбловлардан ҳайратга тушганини ҳам қайд қилиб ўтди. 

“Мени номимни булғаш мақсадида қўлларидан келган барча ишни қилишяпти.  Мен ҳеч қачон давлат ва республика принципларига қарши иш қилмаганман”,-деди Николя Саркози.

Шу билан бирга, собиқ президент унга қўйилган айблов ва суд тергов ишларига қарамай сиёсий фаолиятини давом эттириш ниятида эканлигини айтмоқда.

“Сиёсатга қайтишдан бош тортиш тўғрисидаги савол мени ўйлантирмаяпти. Мени халқ олдида вазифаларим бор”,-деди Саркози ва шу билан сиёсат майдонига қайтиши тўғрисидаги миш-мишларни тасдиқлади.

Шунингдек, Саркози президент лавозимини тарк этганидан бир йил ўтиб,  унинг телефон қўнғироқларини кузатишга рухсат берган суд вакилларини ҳам танқид қилди. Ушбу воқеа Франция тарихида илк бор собиқ президентнинг қўлга олиниб, полиция назоратида маҳкамага олиб келиниши бўлди.      

Николя Саркози сешанба куни тонгда маҳкамага олиб кетилди ва тергов 15 соат давом этди. Саркози Нантер шаҳарчасидаги адлия вазирлиги маҳкамасини маҳаллий вақт билан кечки 02:00 да тарк этди. Саркозининг сўзларига кўра, бу собиқ давлат раҳбарининг обрўсига путур етказиш мақсадида қилинган.

Куни кеча Франция суди Саркозига  учта модда бўйича  расмий  айблов қўйди. Уни фаол тарзда коррупция, тергов ишининг махфийлигини бузганлик ва “орбў савдоси”да айблашмоқда.  Адлия вазирлиги Саркозини ушбу қонунбузарликларни 2007 йилги сайловолди кампанияси давомида амалга оширган деб ҳисобламоқда. Қайд этилишича, 2013 йил ушбу иш юзасидан барча айбловлар собиқ президентдан олиб ташланган эди.

Шунингдек, Саркозининг адвокати Тьерри Эрзога ва собиқ прокурор ёрдамчиси Жильбера Азиберага ҳам айблов қўйилган. Улар коррупция ва тергов ишининг махфийлигини бузганликда айбдор деб топилишлари мумкин. 

    Бошқа янгиликлар