АсосийJamiyat

"Фарҳод" ГЭСи теварагидаги муаммолар қандай якун топди?

'"Фарҳод" ГЭСи теварагидаги муаммолар қандай якун топди? 'ning rasmi

Хабарингиз бор, яқинда Тожикистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари ўртасида "Фарҳод" ГЭСининг мақомини белгилаш бўйича икки томонлама келишув имзоланди. Мазкур келишувга кўра, "Фарҳод" ГЭСи Ўзбекистон Рекспубликасининг мулки, у жойлашган ҳудуд Тожикистон Республикаси ҳудуди сифатида тан олинди. Келишувга кўра, ГЭСни қўриқлаш ишларини Тожикистон томони, корхонанинг техник таъминотини эса, Ўзбекистон амалга оширади.

Марказий осиёдаги энг катта ГЭС

“Ўзбекэнерго” Давлат акциядорлик компанияси таркибига кирувчи “Фарҳод” ГЭС Фарҳод сув омбори тўғонида, Норин-Сирдарё каскадида бунёд этилган бўлиб, сув омборининг умумий майдони 48 километр-квадрат, сув сиғими 350 млн кубометрни ташкил этади. ГЭС “Фарходстрой” қурилиш ташкилоти томонидан совет архитектор Иосиф Каракис етакчилигида қурилган. Етти йил давом этган қурилишда совет ишчи-хизматчилари билан бирга Иккинчи жаҳон урушида асирга тушган немислар ва японлар ҳам қатнашган.

Станция қурилиши 1949 йилда тўла якунланган. 1959 йилда ГЭСнинг икки гидроагрегати модернизация қилинган. Совет даврида мазкур станция нафақат Ўзбекистон, балки минтақадаги энг йиик гидроиншоотлардан бири сифатида аҳолининг электр энергиясига бўлган талабини қондириб келди.

Бироқ, ўтган асрнинг сўнгги ўн йилида Совет иттифоқининг парчаланиши, қўшни мамлакатнинг фуқаролар уруши гирдобида қолиши йирик корхона тақдирини ҳам савол остида қолдирган эди. Қолаверса, икки мамлакат ўртасида кўп йиллар давом этган нохуш муносабатлар ГЭСнинг барқарор ва бехавотир ишлашига ҳалал бериб келди.

Муаммо нимада?

Маълумки, бугунги кунда қўшни давлатлар билан муносабатлар яхшиланиб, алоқалар мустаҳкамланиб бораётир. Сир эмас, узоқ йиллар давомида қўшни Тожикистон билан муносабатларимиз совуқлигича қолиб келди. Бунга асосий сабаблардан бири айнан "Фарҳод" ГЭСи жойлашган ҳудуд билан боғлиқ эди.

Гап шундаки, 1933 йилда Тожикистонга тегишли бўлган бу ҳудуд Ўзбекистонга 40 йил муддатига ижарага берилган. Бироқ 1942 йилда янги ГЭС қурилиши муносабати билан икки иттифоқдош давлатлар ўртасида ер участкаларини айирбошлаш бўйича келишувлар имзоланган эди. Шунга қарамай, ушбу ер майдонининг асосий қисмига қўшни давлат даъвогарлик қилиб келарди. Сир эмас, 2002 йилда ГЭС атрофидаги ерларнинг бир қисми тожик милицияси томонидан қайтариб олинган эди.

Мазкур ҳудуд билан боғлиқ муаммо узоқ вақт мобайнида айрим нохуш ҳолатларга ҳам сабаб бўлган. Вақт-вақти билан баъзи ГЭС ходимлари “Тожикистон ҳудудига ноқонуний кириш” айбланиб қўлга ҳам олинган. Бу эса, вазиятни янада таранглашишига сабаб бўлган.

Кейинги йилларда икки давлат расмийлари ўртасидаги музокаралар мавжуд “музлар”нинг эришига йўл очди. Жумладан, “Фарҳод” ГЭСи бўйича ҳам ягона тўхтамга келинди.

Бугун бу масала ўз ечимини топди. Ноаниқликлар бартараф этилди. Корхона ўз мақомини эгаллади. Ўзаро келишув икки томонлама ҳужжатларда ҳам ўз аксини топди.

Энергия муаммолари ечим топадими?

“Ўзбекгидроэнерго” АЖ маълумотларига кўра, мамлакатимиз электростанцияларида бир йилда ишлаб чиқарилаётган қарийб 60 миллиард киловатт соат миқдордаги электр энергиясининг 6,5 миллиард киловатт соати гидроэлектростанциялар ҳиссасига тўғри келади. Ҳозир бу кўрсаткични янада ошириш орқали табиий, экологик тоза, арзон ва қайта тикланувчи энергия манбаидан фойдаланишни кенгайтириш чоралари кўрилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг ўтган йил 18 майдаги “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамиятини ташкил этиш тўғрисида” ҳамда 2 майдаги “2017-2021 йилларда гидроэнергетикани янада ривожлантириш чора-тадбирлари Дастури тўғрисида”ги фармони туфайли гидроэлектростанциялардан самарали ва хавфсиз фойдаланиш, Ўзбекистонда ягона гидроэнергетика тизимини яратишда янги имконият эшикларини очди.

Мамлакатимизда гидроэнергетикани ривожлантиришга изчил равишда хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш орқали корхоналар ва аҳолининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини тўлиқ қоплаш чоралари кўрилмоқда. Шу мақсадда хорижлик ҳамкорлар билан ҳамкорликда ўнга яқин лойиҳани амалга ошириш мўлжалланмоқда, "Чорвоқ" ва "Фарҳод" ГЭСлари модернизация қилинмоқда.

Ўйлаймизки, мазкур йирик гидроиншоот теварагидаги вазиятнинг ўнгланиши, унинг замон талаблари доирасида модернизация қилиши айни пайтда юртимиздаги электр энергияси таъминотини яхшилашда муҳим қадам бўлади.

    Бошқа янгиликлар