Сардор РАҲИМХОН: “Юлдузлик касалига чалинганим рост!”

ШОУ-БИЗНЕС 07.07.2014, 11:30
Сардор РАҲИМХОН: “Юлдузлик касалига чалинганим рост!”

Сардор Раҳимхон... У билан қанча кўп суҳбатлашмай ҳар гал айтишга арзигулик, ўқувчини қизиқтира оладиган гап топилади. Охирги бор у билан бундан икки йил аввал суҳбатлашган эдим. Ўшанда суҳбат деярли танқидий руҳдаги саволлардан иборат эди. Бу орада Сардор анча ўсди. Яна ўз мавқеини тиклаб олди. Шунинг учун суҳбат Сардорнинг бугунгача босиб ўтган йўли, кечаси, бугуни ва шу бугунидаги бўшлиқлар ҳақида бўлди. Дарвоқе, у аввалгидан анча ўзгарган. Юлдузлик касалидан асар ҳам қолмаган, десам хато бўлар-у, аммо дунёқараши, одамлар билан муносабатида ижобий ўзгаришлар катта.

— Кўп вақтдан буён бир нарса мени ўйлантиради. Ё мухлислар Сардор Раҳимхондан “тўйган”ди ёки Раҳимхон ТВда кўринмаса ҳам худди ҳар куни телеканалларда чиқаётгандек одамлар буни пайқамаяпти...

(Кулиб) Буни пайқашмаётганининг сабаби шуки,  рекламани бошқа тарафдан кучайтирганман. Масалан, радиоканалларда қўшиқларим тинмай “айланяпти”, интернет сайтларида ҳам янги қўшиқ ва клипларимни тақдим этиб турибман. Интернетдаги барча ижтимоий тармоқларда фаолман. Вақтимни аямай иш жараёнидаги сурат ва видеолавҳаларни шахсий саҳифамга жойлаш орқали мухлислар билан мулоқот ўрнатганман.

— Хўш, нима учун ТВда қўшиқларингиз берилмаяпти? Ваҳоланки, “Танҳогинам” номли қўшиғингиз клипи ўтган йил яхши клиплар қаторида эътироф этилганди. Устига устак хорижий телеканалларда ҳам намойиш этилганидан хабаримиз бор...

— Бу саволни менга беришингиз ноўрин! Тез орада бу муаммолар ҳал бўлишидан умидворман. Лекин шу вақт оралиғида ижодим анча тобланди. Клипсиз ҳам рейтингни ушлаб туриш мумкинлигини тушуниб етдим. Масалан, “Дўст” номли қўшиғим ҳеч қандай рекламага муҳтож бўлгани йўқ. Тилдан-тилга ўтиб оммалашди. Болажонларга аталган “Чақачум” қўшиғим ҳам худди ўша муваффақиятни давом эттиряпти.

— Наҳотки Сардор Раҳимхон шуни ўзига эп кўрса? Одатда сиз тутаётган йўлни, яъни клипсиз қўшиқ тақдим этишни кўпчилик санъаткорлар “катта майдон”га хос усул, деб билишмайди...

— Излаган имкон топади! Ҳамма нарса доим биз истагандек бўлавермайди. Аксинча, ҳозир ижод қилишимга жуда зўр имконият ва қулай шароит бўляпти. Ишонаман, вақти келиб ҳаммаси изига тушади.

— Ўтган 3 йил ичида интернетдаги шахсий саҳифаларингизга жойлаган суратлар ва ёзган изоҳларингиздан тушкунликка тушиб қолганингизни сезиш қийин эмасди...

— Уч йил депрессия ҳолатида юрдим. Ҳаётнинг кутилмаган зарбалари — ижоддаги муваффақиятсизликлар, омадни бой бериш, рейтингни бир маромда ушлаб тура олмаслик, оилавий муаммолар... буларнинг бари манаман, деган одамни ҳам йиқитиши тайин. Шу каби муаммоларга ўралашиб, қайта ўзини ўнглолмаган кўпгина санъаткорларни биламан. Шукрки, мен ҳаммасини енгиб ўтдим. Энг муҳими, синовлардан тўғри хулоса чиқардим! Бироз кибр-манманликка берилган, “юлдузлик касали”га чалинган вақтларим бўлганди. Хатоларимни тўғирладим. Синов бежизга берилмайди. Ундан тўғри хулоса чиқариб, хатоларни тўғирлаш, атрофимизни тозалаш керак.

— Баъзи санъаткорларни юлдузлик тарк этса ҳам, юлдузлик касали тарк этмайди. Сизни 4 йилдан буён яқиндан билсам, ҳар йили ўзгариш сезяпман. Бугун оддий одамга айлангансиз.

— Машҳурлик — бу бизнинг ожизлигимиз. Унинг ортидан қувиб, ў                                                            зимиз билмаган ҳолда “юлдузлик”нинг асирига айланиб қоламиз. Бу жараёнда тарбия, атрофдаги дўст ва яқинларнинг роли ҳам катта. Шахсан менинг оиламда ота-онам доим “ўзингни “босиб” олгин! Тан олинганлар сендан олдин ҳам бўлган, сендан кейин ҳам бўлади”, дейишарди.

— Қачонлардир сиз ҳам юлдузлик касалига чалингансиз. Ўша вақтларда кўпчилик сиздан ранжигани аниқ. Ўша одамлар билан ҳозир юзма-юз келиб қолсангиз қандай ҳолга тушасиз?

— Тан оламан, ўз вақтида “юлдузлик касаллигига” чалинганим рост. Лекин, узр сўрашдан ор қилмайман. Инсон кечириш билан бирга, кечирим сўрашни ҳам билиши керак!

— Бугун “юлдуз”мисиз?

— Мен ўзимни “юлдуз” деб ҳисобламайман. Ўйлаб кўрсам, ҳали ҳеч нима қилмабман. Ўзбекистондан ташқарига чиқсам, мени ҳеч ким танимайди. Дунёнинг ҳамма бурчагида мени танишса, ана ўшанда ўзимни “юлдуз” десам арзийди. Бугун баъзилар учун мавқеингиз эмас, балки маблағингиз муҳим. Бундай вақтда “юлдуз”лигингиз ҳам сариқ чақага арзимай қолади.

Истайсизми-йўқми, доим кулиб юриш, одамлар билан яхши муносабатда бўлишга мажбурсиз. Гоҳида ана шу самимийлик сохталикка ҳам айланиб кетади. Шу мажбуриятдан чарчамайсизми?

— Чарчайман, десам ношукрлик бўлади. Бир пайтлар “қанийди менинг ҳам битта қўшиғим машҳур бўлса, мени кўча-кўйда танишса, дасхат олишса”, деб йиғлаб орзу қилганман. Энди эса оддийгина кулиб юриш оғирлик қиляпти, десам бу манманлик эмасми? Ана шундай вақтда бошингдаги омад қуши бирдан йўқ бўлиб қолиши ҳеч гап эмас. Ҳолбуки нимани хор қилсанг, ўшанга зор  бўласан. Очиғи, ўша мажбуран кулиб юришга ҳам зор бўлган пайтларим бўлди.

— Сиз билан суҳбатлашишдан аввал бир қанча мухлисларингизнинг фикри билан ҳам қизиқдим. Кўпчилиги бир мазмундаги Санжарнинг Сардорга айланиши яқинлари билан муносабатида кўринмас девор бўлмайдими? деган савол беришди. Сизни доим Санжар дейдиганлар Сардор деб чақирса гўё бегонани чақираётгандек...

(Ўйланиб) Оилам ва яқинларим учун доим Санжар бўлганман. Мухлисларим, санъат ортидан топган яқинларим учун Сардорман! Бу одамлар билан яқинлигим ёки узоқлашишимга ўз таъсирини ўтказолмайди. Санъатдаги фаолиятимни тахаллус билан бошлаб, яхши қилган эканман, дея хурсанд ҳам бўламан. Чунки қайсидир маънода Санжар исмим мени санъатнинг ғийбат-бўхтонларидан сақлаб туради. Оиламдагилар, яқинларим “Санжар” деб чақиришганининг ўзида яна ўша оддий одамга айланаман. Сиз айтган юқоридаги мажбуриятларни ҳам буткул унутаман.

— Битта концерт билан яна аввалги мавқеингизни тиклаб олдингиз. “Дўст” қўшиғи эса Раҳимхонга яна аввалги омадини олиб келди. Лекин, “Чақачум” Сардор Раҳимхонга ярашмаган. Тингловчилар сиздан бундан-да мазмунлироқ қўшиқни кутганди!

(Ўйланиб) Фикрингизда жон бор. Бу қўшиқ учун мазмунли, “юк”и бор шеърни танлашим, мусиқасини ҳам бошқа йўналишда қилишим мумкин эди. Бироқ бу қўшиқни болалар эшитмасди. Болаларга аталган, кичкинтойларнинг шўхлиги акс эттирилган, кайфият улашувчи қўшиқни оғирлаштиришнинг, болалар тушунмайдиган сўзларни ишлатишнинг нима кераги бор? Қизим 3 ёш, лексикасида нари борса 100 га яқин сўз бордир. Ўша сўзларни ҳам тўғри айтолмайди. “Чақачум”ни ўз қизимга атаб, унинг дунёқарашидан келиб чиқиб, фарзандини эркалаётган ота сифатида айтганман. Шунинг учун ҳам қўшиқ болаларга ёқяпти.

— “Дўст” қўшиғингиз Улуғбек Раҳматуллаевга аталганмиди?

(Кулиб) Йўқ, Улуғбекка аталмаган!

Раҳматуллаев ҳам сиздан аввал шу мазмундаги қўшиқ куйлаганди. Тингловчиларнинг фикрича, гўё қўшиқ орқали иккингиз бир-бирингиз билан қасдлашяпсиз...

— Улуғбек Раҳматуллаев қўшиғини мухлисларга тақдим этишдан аввал ёнимга келиб, “Сардор, дўст ҳақида қўшиқ ёзяпман, бу сенга аталмаган” деган. “Қўшиқни сенга атаб куйлабди”, деганлар ҳам бўлди. Қўшиқни эшитиб кўрганимда, аввалига бироз алам қилди, дилим оғриди. Кейин “Нега асабийлашяпман?! Ахир Улуғбек мени огоҳлантирганди-ку!” деб шайтонга ҳай бердим. Менинг қўшиғимга келсак, агар қўшиқ Улуғбекка аталган бўлганда, уни концертимдан аввал мухлисларга тақдим этиб, яхшигина реклама қилган бўлардим. Қўшиқ сўзлари умумий маънода келтирилган. Ҳамманинг дилидаги мавзу бўлгани, менга ўхшаб дўстидан панд еганлар борлиги учун ҳам қўшиқ одамлар юрагига етиб борди. “Дўст” мени “сотиб” кетган, дўстликнинг қадрига етмаган, оғир кунимда ёнимда бўлмаган “дўст”ларимларга аталган! Дўст ким ўзи? Бошингга иш тушганида пули тугул, жонини бериши керак эмасмиди?.. Афсуски, ҳатто пулини беролмаганлар бўлди...

— Ҳақиқий дўстлар ҳам бор-ку!

— Сиз айтаётган ўша дўстларим тухматлар гирдобида қолганимда, қарзга ботиб, яшаб турган уйимни сотмоқчи бўлганимда қаерда эди? Отам 3 йил касалхонада ётганида, бир бора йўқлашга вақт топа олмаган одамларни ДЎСТ, дейиш мумкинми? Холбуки, атрофимдаги ҳамма “дўст”ларимнинг бошимга тушган ишлардан хабари бор эди. Ёнингизда суянишга арзигулик дўст топилмаса алам қиларкан. Бу — одамларга нисбатан ишончим йўқолди, дегани эмас.  Мен мана шундай чин дўстларни қидираман!

— Йиллар давомида Улуғбек иккингиз дўстлигингиз ҳақидаги саволларга жавоб беришдан бўйин товлашга ҳаракат қилдингиз. Бу мавзуда сўз очилса ҳали ҳам дўстмиз”, деб қутилардингиз...

— Тан оламан, бугун Улуғбек билан дўст эмасмиз! Лекин “бир-бири билан ҳатто сўрашмайди”, деган гаплар нотўғри. Балки вақти келиб, иккимиз ҳам хатоларимизни англармиз, яна чин дўст бўлармиз. Бир нарсага ишончим комилки, бундан кейин мени Улуғбекдек, Улуғбекни эса мендек дўсти бўлмайди! Чунки, биз дўстлашган пайтларимиз ҳеч ким эмасдик. Ўртамизда на манфаат ва на мансаб учун кураш бор эди. Ўша самимийлик, беғуборликни иккимиз ҳам қидирсак-да тополмаймиз.

— Продюсерлик фаолиятингизга тўхталсак...

— Продюсерлик фаолиятимни тўхтатганман. “Баён” гуруҳи ҳам, Дилсўз ҳам мустақил фаолият юритишяпти. Ўз вақтида бу ишни бошлаётганимда устозларим Мусахон Нурматов, Иқбол Муҳаммаджонов “продюсерлик қилишингизга ҳали эрта. Ўзингизнинг бажарадиган ишларингиз кўп”, дея кўп бора таъкидлашган. Қулоқ солмадим, охир-оқибат вақтим ҳам, нақдим ҳам бекорга кетганини тушундим. Ўзимга керагидан ортиқ ишониб юборган эканман.

— Фарзанд тарбиясидаги Сардор Раҳимхонни қандай тасаввур қилиш мумкин?

(Ўйланиб) Фарзанд тарбиясидан-да қийин иш бўлмаса керак. Тўғри, ота-оналик бебаҳо бахт, аммо бу бахтни асраб-авайлаш осон эмас. Ишдан чарчаб келганимда уларни бағримга боссам овунаман, чарчоғим чиқади. Оила тўкислиги, яқинлар саломатлиги бўлса, кўнглингиз хотиржам бўларкан.

— Сочингизга оқ оралагани етмагандек, тўкилишни ҳам бошлабди?

(Кулиб) Бу муаммо бугун бутун дунё эркакларини қийнаяпти, назаримда. Сочим тўкилаётганини яширмайман, лекин олдини олишга ҳаракат қиляпман. Энг муҳими, бу ҳақда ўйлаб, сиқилмаслик керак. Ҳамма нарсанинг борида, борича қадрига етсак, ўша нарсадан тўғри фойдаланишни билсак, энг тўғри йўл шу менимча. Бу нафақат соғлиғимиз, чўнтагимиздаги пулимиз ёки яқинларимиз мисолида, балки тинчликнинг ҳам қадрига ўз вақтида етиш керак! Ёшларга бу юрт ўз-ўзидан бунёд бўлмагани, шарт-шароитларнинг қадрига етиш кераклигини тушунтиришимиз, ўрнак бўлишимиз шарт!

Қамариддин ШАЙХОВ суҳбатлашди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1