"The Guardian" нашри Лондоннинг Россияга қарши иттифоқ тузиш режаларидан хабар топди.
Нашрнинг ўз манбасига асосланиб ёзишича, Буюк Британия Россиянинг "сохта ахбороти”га қарши курашиш ва Москва билан анъанавий мулоқотни қайта кўриб чиқишга хорижий ҳамкорларини жалб қилади. Бу йил ўтказиладиган G7, G20, НАТО ва Евроиттифоқ саммитлари доирасида бу режа амалга ошиши мумкин.
"The Guardian" суҳбатдоши Буюк Британия ташқи ишлар вазири Борис Жонсон Москванинг Солсбери, Суриянинг Дума шаҳридаги воқеаларга реакциясини “бурилиш нуқтаси”деб ҳисоблаётганини, айтиб ўтган. Унингча, шу асос билан ТИВ раҳбари Лондоннинг Россия дезинформациясига қарши туриш ва кимёвий қурол қўллаганларни жавобгарликка тортиш борасидаги ҳаракати халқаро даражада қўллаб -қувватланишига аминдир.
Эслатиб ўтамиз, Лондон ва Москва муносабатлари Буюк Британия махсус хизматларида ишлаётган россиялик собиқ жосус Сергей Скрипаль билан боғлиқ воқеадан сўнг кескинлашди. ББ томони Скрипаль фалаж қилувчи “Новичок” моддаси ( A234) билан заҳарланган ва бунда Россиянинг қўли бор, деб ҳисобламоқда. Москва эса айбловни кескин рад этмоқда. Шунингдек, ғарб давлатлари ҳам Суриянинг Дума шаҳрида кимёвий қурол қўлланганини таъкидлаб, Россияни Башар Асад қилмишларига "кўз юмишда” айбламоқда.
04.05.2018 08:25
ОАВ: Лондон Россияга қарши иттифоқ тузади






