АсосийJamiyat

Шомаҳмудовлар оиласи кўрсатган қаҳрамонликнинг аҳамияти ва қадри тобора ошиб бормоқда

'Шомаҳмудовлар оиласи кўрсатган қаҳрамонликнинг аҳамияти ва қадри тобора ошиб бормоқда'ning rasmi

Миллионлаб юртдошларимиз Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг "Истиқлол" майдонига "Халқлар дўстлиги" номининг қайтарилиши ва темирчи Ш.Шомаҳмудовлар оиласи ҳайкалининг ўз ўрнига ўрнатилишига доир қарорини чуқур хурсандчилик билан қарши олди.

...1986 йилда агентлик топшириғи билан ушбу оила хонадонида бўлганим, темирчининг турмуш ўртоғи Баҳри опа ва унинг фарзандлари билан учрашганимни яхши эслайман. Ўшанда мен Шомаҳмудов оиласи ўз тарбиясига олган саккизинчи фарзанд ҳақида фотоочерк тайёрлагандим.

Келиб чиқиши украиналик, тарбиясига кўра ўзбек бўлган, беш ёшигача Фёдор Кульчиковский (вояга етгунига қадар унинг исми Йўлдош Шомаҳмудов эди) Днепропетровск вилояти Васильковка тумани Письменное қишлоғидан ўз қадрдонларини топди. Қирқ беш йиллик айрилиқдан сўнг нафақадаги Дарья Алексеевна Кульчановскаяга ўз набираси билан қайта учрашиш бахти насиб этганди. Шунча йиллар мобайнида у Фёдорнинг тирик эканлигига ишонарди.

Бу ҳақиқатдан шов-шувли хабар эди. Агентликнинг ўша пайтдаги муҳаррири мени ушбу учрашув ҳақида очерк тайёрлаш учун Украинага жўнатди.

... Фёдор бу учрашувни узоқ кутганди. Кўп жойларга ёзиб мурожаат қилди, меҳнат таътили пайтларида вақтини архивларда ўтказди...

8.JPG

Ўшанда Дарья Алексеевна 104 ёшда эди. Етмиш яшар қизи Вера Ивановна билан темир йўл станциясига яқинроқ ерда жойлашган оддий деҳқон кулбасида яшарди. Ҳар кун набирам келдимикан, деган умидда бу ердан ўтган темир ғилдираклар товушига қулоқ тутарди.

Ёши улуғ бўлишига қарамай у анча тетик эди, хўжалик юмушларини бажарар ва бошидан ўтган қийинчикликлар, ота-онаси, вафот этган саккиз нафар ака-сингилларини яхши эсларди. Эрталабдан кечгача бойнинг қўлида ишлаганини, 15 ёшида уни турмушга берганларини ҳам эсларди. У Иван, Оксана ва Вера исмли фарзандларни дунёга келтирди. Турмуш ўртоғи билан бир тану бир жон бўлиб иноқ яшадилар, лекин бахтли кунлар узоқ давом этмади. Турмуш ўртоғи фуқаролар урушида жароҳат олиб, вафот этди ва Дарья Алексеевна қизларини ёлғиз ўзи тарбиялади.

Оксана Иккинчи жаҳон уруши бошланишидан аввал Донбасслик кончига турмушга чиқади ва Фёдорни дунёга келтиради. Дарья Алексеевна қизининг кўзи ёрганида унинг бошида тургани, болакайни туғилиши билан ўзи қўлга олгани, чақалоқнинг кўкрагида қизил майдагина холи борлигини яхши хотирлайди.

Фёдор 1,5 ёшга тўлганида онаси Оксана қора чечак касаллигидан вафот этади. 1941 йилнинг июль ойида эса отаси оғир юк ортаётиб ҳаётдан кўз юмади.

Фёдор бувиси қўлида тарбиялана бошлайди, ақлли ва одобли бола бўлиб ўсади. Оккупация хавфи яқинлашиб, қишлоқ кенгашидан Фёдорларникига келишганида, Дарья Алексеевна неварасини эвакуация қилишга розилик бермайди:

- Федор оиламизда қолган ёлғиз эркак, - деб жавоб беради у.

Кенгаш аъзолари хонадонга яна бир бор келиб, "кейин ўзинингиз афсус қиласиз, Германияга олиб кетиб қолишади, қадди-қомати келишган йигитча бўлса...", дейди.

Бир неча кундан сўнг эшелон болакайни олиб, Шарққа йўл олади. Шундай қилиб, 1941 йилнинг июлида 5 яшар Фёдор қадрдон уйини тарк этади.

Фёдор поёни йўқ ўша йўлни, йўлда фашистлар самолётининг уларнинг эшелонига бир неча бор ҳужум қилганини яхши эслайди. Ҳаво ҳужумлари бошланганда йўловчилар ҳар тарафга қочар, кейинчалик барчаси ҳам орқага қайтиб келмасди...

Йўлда сув ва ҳаво етмай қолади, болалар вагонларнинг металл қисмларига тушган қировга қараб нафас олар ва ундан тушган сув томчиларини ичардилар. Йўл якунида очарчилик ва совуқдан нобуд бўлган болаларни вагонлардан қўлда кўтариб чиқишарди. Бир болакай мурғаккина сингилчасини қучоқлаганини, фақат Тошкентга етиб келгандагина у ўлган эканидан хабар топганини Фёдор яхши эслайди...

Фёдорни Тошкентдаги 41-сонли болалар уйига жойлаштиришади. У бу ерда ҳамюрти Саша Бунин билан дўстлашади. Кунларнинг бирида Шооҳмад Шомаҳмудов Сашани ўз оиласига олиб кетади. Бир ҳафта ўтгач, у болалар уйига қайтиб келиб, Саша ўртоғини соғинганини айтади.

...1942 йил 2 сентябрь куни Фёдор Шомаҳмудовлар хонадони остонасига илк қадам қўяди. Унга Йўлдош деб исм қўйишади, у оилада саккизинчи фарзанд эди.

Пойтахтлик темирчи Шооаҳмад Шомаҳмудов ва унинг турмуш ўртоғи Баҳри ая Акрамоваларнинг ўз фарзанди бўлмаган, лекин улар бутун меҳрларини ўз тарбиясига олган ўн беш нафар болакайларга бағишлайди. Болалар орасида рус, татар, украин, беларус, қозоқ, ўзбек, чуваш ва молдован миллатига мансуб болалар бор эди.

Болалар оилада у қадар тўкинчиликда бўлмасада, бироқ иноқ яшарди. Темирчи ва унинг турмуш ўртоғи фарзандларини ҳалол ва меҳнатсевар этиб тарбиялади.

Урушдан сўнг, тўрт нафар бола ўз яқинларини топади ва ўз юртига қайтади. Оиланинг икки нафар фарзанди ўзбек миллатига мансуб Муаззам ва беларус Михаил бир-бирларини ёқтириб қолишади ва турмуш қуришади.

Фёдор саккиз йиллик ўрта таълим мактабини тугатиб, Тошкент тоғ-кон техникумига ўқишга киради ва Қорағандага жўнаб кетади. У ерда Валентина исмли қизни учратади ва улар оила қуришади. 1966 йилги зилзиладан сўнг Тошкентга, ота-онасиникига қайтади. Ҳозир Фёдорнинг икки нафар ўғли ва қизи бор.

...Дарья Алексеевна урушдан сўнг анча пайтгача набирасини излайди. Кўп жойларга ёзиб мурожаат қилади, лекин саъй-ҳаракатлари самара бермайди. Дарья Алексеевнага эшелон Тошкентга кетганини хабар қилишади, холос.

Бу ишда Дарья Алексеевнага Васильковка тумани газетасининг штатдан ташқари мухбири Константин Иосифович Сальниченко кўмаклашади. У биринчи марта Дарья Алексеевна хонадонига буви 101 ёшини қарши олаётган куни ташриф буюрган эди. Сальниченко Бухорога, комсомол обкомига хат жўнатади.

Хатни Ғиждувон ўрта мактабининг география ўқитувчиси Эркин Латипов раҳбарлик қилган "Қидирув" клуби изтопарларига топширишади. Болалар "Совет Ўзбекистони" республика газетасида жуда ўхшаш фамилияга дуч келишганди.

Уруш Фёдорнинг фамилиясига ўзгартишлар киритган эди. Шошилинчда ҳужжатларда Кульчановский фамилияси Кульчиковскийга ўзгариб қолган, Фёдор отасининг исми Григорьевич ҳам Васильевич бўлиб хато қайд этилган.

Сальниченкога қидирувларга муҳим ҳисса қўшган одам билан кўришиш насиб этмади. У Фёдор ва Дарья Алексеевнанинг учрашувидан бир неча ой олдин вафот этади.

Ўша илк учрашувда буви ва набира тонггача гаплашиб ўтиришди, Фёдор бувисининг гапларини иштиёқ билан тингларди.

1941 йилда Письменное қишлоғини немислар босиб олишади. Тўрт нафар фашист Дарья Алексеевна хонадонида яшайди. Босқинчилар партизанлардан қўрқарди: уларнинг икки нафари уйда ухлар, яна икки нафари боғда қўриқчилик қиларди.

Ҳалоскор армия ҳудудни озод этмагунча, бу йиллар оғир ва машаққатли ўтган.

Бувиси Фёдорга кўп нарса ҳақида сўзлаб берди. Ардоқлаб юрадиган қутидонидан қизи Оксананинг ягона сақлаб қолинган суратини чиқаради. Кичкина, сарғайиб кетган фотосуратда Фёдор кўзида ёш билан онасининг ўхшаш чеҳрасини томоша қилди.

Бу орада Фёдор бувисиникига икки марта келиб-кетди. Дарья Алексеевна эвараси Константинни кўриб, жуда қувонди, уни қаттиқ бағрига босди.

1986 йилнинг сентябрь ойида Дарья Алексеевна оламдан ўтади, у умрининг сўнгги дақиқаларигача Фёдорни асраб олган онасига чуқур таъзимда эканини етказишни сўраган. Баҳри опа билан учраша олмаганидан афсусланган.

Дунёда ҳаётлик пайтида уларга ҳайкал қўйилган инсонлар камчиликни ташкил этади. Пойтахтимизнинг ажойиб майдонларидан бири - Халқлар дўстлиги майдонида ана шу оиланинг ҳайкали ўрнатилди.

Ушбу оилавий портрет бугунги ва келгуси авлодларга оддий темирчи ва унинг турмуш ўртоғининг қаҳрамонона амалини эслатиб туради. Ҳайкал рассом Дмитрий Борисович Рябичев томонидан бунёд этилган.

СССР Олий Кенгаши Президиумининг 1955 йил 23 августдаги фармони билан Ш. Шомаҳмудов ва Б.Акрамова юксак даҳлдорлик ҳисси ва ватанпарварлиги учун "Эҳтиром нишони" ("Знак почета") ордени билан тақдирланди.

Шоаҳмад Шомаҳмудов 1969 йил 13 августда 82 ёшида ҳаётдан кўз юмди. Шоаҳмад Шомаҳмудов Баҳри опадан ўн олти ёш катта бўлсада, турмуш ўртоғи ва фарзандрларини қаттиқ севарди. Шоаҳмад Шомаҳмудов ҳақиқий меҳнатсевар инсон эди, у боғда қўлида кетмон билан ишлаётган пайтида оламдан ўтди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, вақт ўтган сари Шомаҳмудовлар оиласи кўрсатган қаҳрамонликнинг аҳамияти ва қадри тобора ошиб бормоқда.

Рустам Шагаев (сурат), ЎзА

    Бошқа янгиликлар