9 май – Хотира ва қадрлаш куни
Хотира ва қадрлаш куни байрам тадбирлари Самарқанд вилоятида ҳам кенг халқ оммаси иштирокида муносиб нишонланди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Маълумотларга кўра, Иккинчи жаҳон урушида 152 мингдан кўпроқ самарқандликлар иштирок этган. Уларнинг 73 минг нафарига она-юртига қайтиб келиш насиб этмади. Самарқанд шаҳридаги Хотира майдонида 48 минг 500 нафардан ортиқ шаҳид кетган ота-боболаримиз номлари битилган.
Бугунги кунда вилоятда 97 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари давлатимиз ва халқимизнинг доимий эътибор ва ғамхўрлигидан баҳраманд бўлиб ҳаёт кечирмоқда. Президент фармонига кўра, уларга беш миллион сўмдан пул мукофоти ва давлатимиз раҳбарининг қимматбаҳо совғалари топширилди. Шунингдек, вилоят, туман, шаҳар ҳокимликлари, давлат ва жамоат ташкилотлари томонидан уруш ва меҳнат фахрийларига алоҳида ҳурмат-эҳтиром кўрсатилмоқда.
...9 май куни эрта тонгдан Самарқанд шаҳридаги Хотира майдони ҳар қачонгидан гавжум бўлди. Бу ерга Самарқанд вилояти ҳокимлиги, Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги, ҳуқуқ-тартибот идоралари, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фахрийлари, ёшлар, кенг жамоатчилик вакиллари жам бўлди.
Самарқанд вилояти ҳокими Т.Жўраев бошчилигида Мотамсаро она ҳайкали пойига гул қўйилиб, бугунги тинч ва осуда кунлар учун жон фидо қилган юртдошларимиз ёд этилди.
Тадбир давомида уруш ва меҳнат фахрийлари бир-бирлари билан дийдорлашиб, ёшлик йилларини эсладилар, бугунги кунлар учун шукрона айтиб, ёшларни тинчлик-осойишталик қадрига етиб яшашга даъват этдилар.
– Шу кунларга етказганига минг карра шукроналар айтамиз, – дейди қўшработлик Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Адирбой Хўжанов. – Бошимиздан кечирган уруш йиллари тарихда қолгани рост бўлсин. Бу йилги байрам арафасида давлатимизнинг жуда катта эътибори, ғамхўрлигидан баҳраманд бўлдик. Бунинг учун Президентимиздан миннатдормиз.
Шундан сўнг тадбирлар Кўксарой майдонига кўчди.
Бу ерда “Нуроний” жамғармаси туман ва шаҳар бўлимларига Президент совғаси – 16 “Дамас” автомашинаси, жамғарма вилоят бўлими кенгашига эса “Каптива” автомобили топширилди.
– Президентимизнинг “Нуроний” жамғармаси фаолиятини такомиллаштириш ҳақидаги фармони билан ўтган йил вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида “Нуронийлар маскани” бунёд этилди, – дейди “Нуроний” жамғармаси Ургут тумани бўлими раиси Ф.Азизов. – Жумладан, Ургут истироҳат боғи ҳудудида туманимиз нуронийлари учун ана шундай маскан қуриб берилди. Давлатимиз раҳбарининг совғаси – “Дамас” автомашинаси олганимиздан бошимиз кўкка етди. Бу юртимизда ёши улуғ инсонлар давлатимизнинг доимий эътибор ва ғамхўрлигида эканлигининг яна бир ифодасидир.
Ушбу майдонда Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги томонидан ҳарбий техникалар ва қурол-аслаҳалар кўргазмаси ўтказилди. Фахрийлар ҳарбий-дала ошхонасида тайёрланган таомлардан татиб кўрдилар, театрлаштирилган кўринишларни томоша қилдилар.
Тадбирлар доирасида Самарқанд шаҳрининг Регистон майдонидан Университет хиёбонигача бўлган масофада ёшлар ва фахрийлар иштирокида марафон ҳамда веломарафон ўтказилди.
Тадбирлар якунида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фахрийлари учун Самарқанд вилояти ҳокимлигининг тантанали қабул маросими уюштирилиб, иштирокчиларга совғалар топширилди.
Хотира ва қадрлаш куни тадбирлари доирасида мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар оиласидан хабар олиниб, ҳокимликлар ва ҳомийларнинг совғалари топширилди.