Тошкент замонавий кўринишга келтирилиб, пойтахтнинг тарихий кўчалари, обидалари бузилиб кетаётгани ҳақида ЎзА мухбири Шайхонтоҳур туман раҳбари билан суҳбатда бўлди.
“Тарихий объектлар бузилмайди, мисол учун энг замонавий лойиҳалардан бўлган “Тошкент сити”нинг қоқ марказида халқ орасида “Эшонзодалар сағанаси” номи билан машҳур бўлган қабрлар бор. Ана шу жой ҳам сақланиб қолинади. Тошкент йирик мегаполисга айланиб бораётган бўлса-да, шаҳарнинг тарихий намуналарини, барибир сақланиб қолаверади”, - деди Баҳодир Ғойибназаров

Маълумотларга кўра, сағаналарнинг бири Хожи Аҳмад ибн Мир Али Шоший Қоратоший қабри ҳисобланади. У халқ орасида “Қора салла Эшон” тахаллуси билан машҳур бўлган. Ҳозирда “Тошкент сити” яқинидаги маҳалла ва кўча номи ҳам айнан унинг номи билан “Қоратош” деб аталади.


Қоратоший ҳақида қисқача маълумот: Хожи Аҳмад ибн Мир Али Шоший Қоратоший 1788-1889 йилларда яшаган. Халқ орасида “Аҳмад Маъдум” номи билан машҳур бўлган. “Аҳмад Маъдум” томонидан Жиззах, Зомин шаҳри, Ўратепа шаҳар (Тожикистон Республикаси) ва Шайхонтоҳур туманида жами 4 та масжид қурилган. Ушбу шахс исломий рисолалар ва шеърлар ёзган. “Аҳмад Шоший – Қоратоший”, деб имзо чеккан. У Баҳоуддин Нақшбанд тариқати давомчиси бўлиб, ўнлаб шогирдлар етказган. Улардан бири Обидхон Маҳдум саналади.
“Эшонзодалар сағанаси”да 60 га яқин шахс дафн қилинган. Ушбу ҳудуд 33 сотихга яқин бўлиб, унда “Сугул” масжиди ва ҳаммом бўлган. Афсуски, масжид ва ҳаммом 1986 йилда бузиб ташланган. Кейинчалик Тошкент шаҳри ҳокимининг 2007 йил 2 августдаги қарорига кўра “Сугул” масжиди ва Эшонзодалар 4 та сағанаси номи билан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш давлат инспекциясига ўтказилган. “Эшонзодалар сағанасини” “Олмазор” кўчаси бузилишидан олдин мутасаддилар сақлаб қолиш, маданий ёдгорлик сифатида атрофи ўраб, тартибга келтириш режасини ишлаб чиқишган.
Ҳозирда, сағаналарга зарар етмаслиги учун бу жой темир тўсиқлар билан ўралиб, атрофида “Тошкент сити”нинг қурилиши давом этмоқда.






