АсосийDunyo

Табассум – америкаликларнинг ташриф қоғози

'Табассум – америкаликларнинг ташриф қоғози'ning rasmi

Америкаликлар ўзига хос халқ. Бу мамлакатда қовоқ солиб юрган одамни учратмайсиз.Табассум америкаликларнинг ташриф қоғози, дея бемалол айтиш мумкин.

Америка Қўшма Штатлари (United States of America- USA) Шимолий Америкадаги давлат бўлиб, 1776 йил 4 июлида Буюк Британиядан мустақил бўлган. Унинг мустақиллиги 1783 йилнинг 3 сентябрида расман тан олинган.

Ер майдони 9,5 млн. км² бўлиб, жаҳонда тўртинчи ўринда туради. Аҳолиси 327 миллион кишини ташкил қилади. Маъмурий жиҳатдан 50 штат ва Колумбия федераль округидан иборат.

03.jpg

АҚШга бир нечта орол ҳудудлари ҳам бўйсинади. Масалан, Тинч океанидаги Гавайи штат, Кариб денгизида Пуэрто-Рико ва Тинч океанида Америка Самоаси, Мидуэй, Гуам ва бошқа оролларни мисол келтириш мумкин. Алоҳида мақомга эга Пуэрто-Рико, Гуам, Шимолий Мариан ороллари, Америка Виржиния ороллари, Америка Самоаси каби бошқа ҳудудлар маслаҳат овозига эга бўлиб, хоҳлаган вақтларида Вашингтон билан муносабатларни тўхтатишлари мумкин.

Пойтахти Вашингтон шаҳри. Мамлакат аҳолисини америкаликлар деб аташади. Шимолда Канада, Жанубда Мексика, денгиз орқали Россия билан чегарадош. Соҳилларини Тинч, Атлантика ва Шимолий Муз океанлари ювиб туради.

04.jpg

Қўшма Штатлар 1776 йилда Буюк Британиянинг 13 колонияси бирлашиши натижасида ташкил топган. Бироқ мустақиллик учун кураш 1783 йилгача давом этади. 1787 йилда АҚШ Конституцияси, 1791йилда эса ҳукуматнинг фуқороларга нисбатан ваколатини чекловчи Ҳуқуқлар тўғрисидаги Билль қабул қилинди. АҚШ Конститутцияси жаҳонда ҳаётга татбиқ этилган энг кўҳна ёзма конституция бўлиб, дунё мамлакатлари асосий қонунлари учун намуна вазифасини ҳам ўтайди. 1789 йилдан бери конституцияга 27 та қўшимча киритилган.

05.jpg

1860 йиларда қулчилик мавжуд бўлган Жануб ва саноати ривожланган Шимолий штатлар ўртасида келишмовчиликлар тўрт йил давом этган фуқоролар урушига сабаб бўлган. Шимолий штатларнинг ғалабаси АҚШда қулчиликка барҳам берди ва паракондага учраган мамлакатни бирлаштирди.

Биринчи жаҳон урушига қадар АҚШ ташқи манфаатлари Шимолий, Марказий ва Жанубий Америка ҳудудлари билан чекланиб турди. Биринчи жаҳон урушидан кейин Конгресс Қўшма Штатларни халқаро ташкилотларга, жумладан, Миллатлар Лигасига киришига йўл қўймади. Бу, ўз навбатида, АҚШни халқаро сиёсатдаги иштирокини чеклади. Иккинчи жаҳон уруши даврида АҚШнинг жаҳон саҳнасидаги таъсири кенгайди ва ўтган асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб АҚШ капиталистик лагернинг ядроси сифатида тан олинди. 1945 йилда АҚШ биринчи ядро қуролига эга давлат сифатида тан олинди.

Ялпи Ички маҳсулот бўйича АҚШ дунё иқтисодиётининг етакчиси саналади. АҚШда расман давлат тили йўқ. Аҳоли америкача инглиз тилида сўзлашади.

06.jpg

Ҳар бир штат ўз конституциясига, Қонунчилик, ижроия ва суд ҳокимиятига бўлинади. Кўплаб штатлар ҳиндулар ҳамда Англия ва Франция қиролларининг номига қўйилган.

Штатлар округларга бўлинган. АҚШ Аҳолини рўйхатга олиш Бюроси маълумотларига қараганда мамлакатда 3 141 округ бор. Энг кам округ Делавэр штатида (3та), энг кўп округ Техас штатида (254та) жойлашган. Маҳаллий аҳоли пунктларини муниципалитетлар бошқаради. Конституцияга кўра, давлат ҳокимияти федерал ҳукуматга берилган.

Қонун чиқарувчи олий орган икки палатали Конгресс бўлиб, қуйи палатаси – Вакиллар Палатаси, юқори палатаси Сенат, деб атилади. Олий ижроия орган АҚШ президенти саналади. Президент – давлат раҳбари, Қуролли кучлар олий бош қўмондонидир. Шунингдек, Вице-президент лавозими ҳам мавжуд. Олий суд ҳокимияти – АҚШ Олий судидир. Мамлакатда партиялар жуда кўп бўлишига қарамай, асосий сиёсий куч сифатида республикачилар ва демократлар тан олинади.

АҚШнинг ташқи сиёсати икки мақсадни – яъни давлат ва фуқороларнинг хавфсизлигини таъминлашни, мамлакат фуқороларининг фаровонлигини кўзлайди.

07.jpg

АҚШ инфратузилмаси тараққий этган. Узунлиги 6 506 204 километрга тенг мамлакат автомобиль йўллари дунёдаги энг узун тармоқ сифатида кўрилади. Темирйўллари эса 226 427 километрдан иборат. АҚШда 5194 аэропорт ва аэродром мавжуд.

Соғлиқни сақлаш тизимида 10 миллиондан ортиқ киши меҳнат қилади. Тиббиётга ажратиладиган маблағ бўйича АҚШ дунёда биринчи ўринда туради. Соғлиқни сақлашга 2,26 триллион доллар сарфланиши айтилади. Бу бир кишига ўртача 7439 доллар демакдир.

08.jpg

АҚШ Нобел мукофотлари сони бўйича биринчи ўринни эгаллайди. Бу мамлакатда 350га яқин киши Нобел соҳиби бўлган. Мамлакат аҳолисининг 97 фоизи саводхон.

09.jpg

Аҳолининг 82 фоизга яқини шаҳар ва шаҳарлар атрофида истиқомат қилади. Бу мамлакатда юз минг аҳолисига эга 273, бир миллондан кўп аҳолиси бор 9, икки миллиондан ортиқ аҳолиси бор 4та шаҳар бор. Булар Нью-Йорк, Лос-Анджелес, Чикаго ва Хьюстондир.

10.jpg

Байрамлари: ноябрь ойининг 4-пайшанбасида Миннадорлик куни (Thanksgiving Day), 25 декабрда Рождество (Christmas), 1 январда Янги йил (New Year’s Day), январь ойининг 3-душанбасида Мартин Лютер Кинг (Martin Luther King, Jr. Day) куни, февраль ойининг 3 душанбасида Президент (Presidents' Day) куни, май ойининг сўнгги душанбасида ҳалок бўлганлар хотираси (Memorial Day) куни, 4 июлда Мустақиллик (Independence Day) куни, сентябрь ойининг биринчи душанбасида Меҳнат (Labor Day) куни, октябрь ойининг 2-душанбасида Америка кашф қилингани муносабати билан Колумб (Columbus Day) куни, 11 ноябрда Ветеранлар (Veterans Day) куни нишонланади.

12.jpg

Америкаликлар ўзига хос халқ. Бу мамлакатда қовоқ солиб юрган одамни учратмайсиз.Табассум америкаликларнинг ташриф қоғози, дея бемалол айтиш мумкин.

Шарофиддин Тўлаганов, ЎзА

    Бошқа янгиликлар