1

Адлия вазирлиги ҳузурида Жамоатчилик кенгаши тузилди. Энди нима ўзгаради?

ЖАМИЯТ 14.05.2018, 10:59
Адлия вазирлиги ҳузурида Жамоатчилик кенгаши тузилди. Энди нима ўзгаради?

Адлия вазирлиги ҳузурида Жамоатчилик кенгаши иш бошлади. Ушбу кенгаш Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини тубдан такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан тузилди.

Жамоатчилик кенгашининг таркибига вазирлик ходимлари, фахрийлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситаларининг вакиллари киритилди. Кенгаш Адлия вазирлиги ҳузуридаги маслаҳат органи сифатида жамоатчилик асосида ишлайди.

Мазкур кенгаш ёрдамида нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан самарали ҳамкорлик ривожлантирилади, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари юзасидан жамоатчилик фикри тизимли ўрганилади ва таҳлил қилиб борилади.

Шунингдек, мазкур кенгаш Адлия вазирлигида соғлом маънавий-руҳий ҳолатни, қонунийлик, юқори ҳуқуқий маданият ва ахлоқийликни таъминлаш борасида таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишни ўз олдига мақсад қилиб олган.

Маълумки, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш мамлакатни бошқариш тизимини демократлаштиришнинг муҳим механизмларидан бири ҳисобланади. Шу мақсадда, янги тузилган Жамоатчилик кенгаши Адлия вазирлиги фаолиятининг очиқлигини таъминлаш бўйича мониторинглар олиб боради.

Қолаверса ушбу кенгаш фуқаролар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг Адлия вазирлиги фаолияти билан боғлиқ ташаббус ва мурожаатларни кўриб чиқишда иштирок этади ва натижалар бўйича тегишли таклифлар тайёрлаб боради.

Эътибор қаратиш лозим бўлган муҳим жиҳатларидан яна бири, мазкур кенгаш вазирлик фаолиятига тааллуқли, шу жумладан коррупцияга қарши курашиш бўйича амалга оширилган ишлар самарадорлигини таҳлил қилади ҳамда йўл қўйилган хато ва камчиликларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади.

Адлия вазирлиги фаолиятига доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни, шунингдек ички идоравий ҳужжатларни такомиллаштириш, улардаги мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш ва муҳокама қилиш ҳам Жамоатчилик кенгаши функцияларидан бири ҳисобланади.

Албатта, кенгаш томонидан вазирлик фаолиятини ислоҳ қилиш бўйича мамлакат ҳудудида ва хорижда амалга оширилаётган тизимли чора-тадбирлар ҳақида мунтазам равишда жамоатчиликни кенг хабардор қилиш таъминланади.

Бир сўз билан айтганда, Адлия вазирлиги ҳузуридаги ушбу кенгаш фуқаролар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан очиқ мулоқотни ривожлантиришга қаратилган.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1