Бироз аввал Улуғбек Раҳматуллаевнинг, ҳамкасби Зиёда Қобиловага йўллаган саволларини тақдим этган эдик. Энди улар ўрин алмашишди. Зиёда доимий дуэтдоши Улуғбек Раҳматуллаевга бешта савол билан мурожаат этди.
— "Мени сев" дуэтини куйлаш ҳақида ўзингиз таклиф билдирган бўлсангиз ҳам, унга клип суратга олишни узоқ ўйладингиз. Нега?
— Клип суратга олиш керакми ёки йўқ деган иккиланиш бўлгани йўқ. Лекин мухлислар кўпроқ “Қирмизи олма” қўшиғимга қизиқишгани сабаб биринчи унга клип суратга олгандим. Шунинг учун ишимиз бироз чўзилди. Лекин асосийси, бугун қўшиғимизнинг клипи бор. Мухлисларга маъқул келди, асосийси ҳам шу.
— Бундан бир неча йил илгари куйлаган дуэтимиз жуда оммалашгани эсингиздами? "Мени сев" ҳам унинг муваффақиятини қайтаради, деб ўйлайсизми?
— Ҳақиқатдан ҳам биринчи ҳамкорлигимиз кутилгандан ҳам яхши натижа берганди. У пайтда мусиқий телеканаллар кам бўлса-да, унинг тингловчилари жуда кўп эди. “Мени сев” ҳақида эса ҳозирча бир нима деёлмайман. Талаб бор, тинглашяпти. Бу ҳам натижа!
— Учинчи фарзандингизнинг дунёга келиши ҳаётингизда нималарни ўзгартирди?
— Жуда болажон инсонман, фарзандларим кўп бўлишини истайман. Чақалоқ ҳидини ҳам тез-тез соғиниб қоладиган одатим бор. Ҳар бир фарзандим туғилгач, айрим салбий одатларим йўқола бошлайди. Фарзандларнинг туғилиши, фақат яхшилик олиб келади.
— Тажрибамдан биламан қариндошлар билан ишлаш осон эмас. Сизнинг ҳам продюсерингиз укангиз... Бирга ишлашда муаммолар келиб чиқмайдими?
— Тўғри, яқинлар билан ишлаш, жуда масъулиятли. Доим қариндошлик ришталари ҳам борлигини ёдда тутиш шарт. Лекин жигарларнинг ўрни бошқа. Сенга улар каби жон куйдурувчи инсон бўлмайди. Укам Дилшод иш юритувчим бўлгандан хурсандман. Эришган ютуқларимда унинг ҳам ҳиссаси катта, деб ўйламан.
— Ўзингиз ҳақингиздаги қайси танқиддан хафа бўлгансиз?
— Танқидлар доим бўлган ва бундан кейин ҳам йўқолмайди. Улар орқасида кўнгилга тегадиганлари ҳам йўқ эмас. Лекин иложи борича, ҳар бир гапдан керакли хулоса чиқариб, яшашга ҳаракат қиламан.