АсосийDunyo

Конго Демократик Республикасида гаровга олинган Британия фуқаролари озод этилди

'Конго Демократик Республикасида гаровга олинган Британия фуқаролари озод этилди'ning rasmi

Конго Демократик Республикаси қўриқхоналаридан бирида жума куни гаровга олинган икки нафар британиялик ва ҳайдовчи озод этилган.

Уларни мамлакатнинг шарқида жойлашган Вирунжа миллий боғида гаровга олишган эди. Қуролланган шахслардан уларни ҳимоя қилмоқчи бўлган қўриқхона хизматчиси оғир жароҳат туфайли вафот этган. Қидирув ишларига Конго ҳарбийлари ва миллий боғ қўриқчилари жалб этилди.

Бу миллий боғда йўқолиб кетиш арафасида турган гориллалар яшайди. Бу ерда ўтган олти хафта давомида бир неча маротаба одамлар ўғирланди. Гаровдагиларни озод этилиши қандай шартлар асосида амалга оширилгани борасида қўшимча маълумотлар берилмаган.

Қуролланган гуруҳларнинг анча фаоллашгани туфайли Британия ташқи ишлар вазирлиги ўз фуқароларини Конго Демократик Республикасидаги миллий боғ ҳудудига бормасликка чақирмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Конгонинг шарқий ерлари кўп йиллардан бери зўравонлик ва турли исёнчи гуруҳ ва жангариларнинг ўзаро урушлари маркази бўлиб келмоқда.

Исёнчи гуруҳлар ва жангарилар ханузгача ҳудуднинг катта қисмини назорат қилади. Зўравонликлар бошланганидан бери Вирунжа миллий боғи қўриқчиларининг 175 нафари жангарилар томонидан ўлдирилган.

    Бошқа янгиликлар