Рамазон ойи барчамизга муборак бўлсин!

ҲИДОЯТ САРИ 16.05.2018, 15:18
Рамазон ойи барчамизга муборак бўлсин!

Муборак Рамазон ойи кириб келмоқда. Бизларни ушбу улуғ кунларга етказган Аллоҳ таолога шукроналар бўлсин. Халқимиз учун меҳр-шафқат, саховат ва мурувват, қаноат ва шукроналик, жамиятимизда меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик рамзи бўлган бу муборак ой барчамизга қутлуғ бўлсин!

Азал азалдан ота боболаримиз бу ойни орзиқиб кутишган, бу ойни сўнгини кўзда ёш билан кузатишган, Яратган келаси Рамазонга етказармикин, гуноҳлардан покловчи бу ойда савобли амалларни қилиш яна менга насиб этармикан деган ўйда бўлишган. Аллоҳ таоло бизларни шундай кунларга яқинлаштиряпти экан, бу кунларни ғанимат билишимиз лозим.

Рамазон покланиш ойи. Яъни, рўзадорда руҳий ахлоқий тозаланиш бўлади. Саҳардан шомгача еб-ичишдан тийила олган одамда сабр­-қаноат туйғуси ортади. Иродаси мустаҳкамланади. Иродали, сабрли инсонлар хотиржам бўлишади. Хотиржам кишилар тилларини ғийбатдан, беҳуда гап-сўзлардан тияди. Кўнгилларидан ҳасаду ғаразни, гина-кудуратни ҳайдайди. Одамларга эътиборли, раҳм-шафқатли бўлишга интилади. Шу сабабдан ҳам Рамазон ойи номига маърифат, мағфират, тинчлик, хотиржамлик, сабр ойи каби сифатлар қўшиб айтилади.

Ҳужжатул Ислом Имом Ғаззолий таърифича: “Рўза тутиш жон учун закот, бадан учун риёзат, яхшилик учун даъват, гуноҳлардан сақланиш”, демакдир. Исломнинг беш устунидан бири бўлмиш рўза туфайли ўзаро аҳиллик, тотувлик, бағрикенг­лик туйғулари кучланади. Ҳамжиҳатлик ва ҳамкорликка интилиш ортади. Рўзадор ушбу амалларга алоҳида эътибор бериши керак:

— бирор киши уни ҳақоратласа ё уришса, “Мен рўзадорман”, дейиш;

— қуёш ботиши билан тезда, шом намозини ўқишдан олдин бирор нарса (сув, хурмо) билан оғизни очиш;

— оғизни очишда ривоят қилинган дуолар билан дуо қилиш;

— ортиқча гап, лағв сўзлардан тилни тийиш;

— рўзани бузмайдиган, аммо ҳузурбахш, нафсни талтайтирадиган нарсаларни тарк этиш;

— оила аъзолари ва қариндошларга кенгчилик билан мурувват қилиш. Бева-бечора, етимлар ва камбағалларга хайр-эҳсонни кўпайтириш;

— Қуръон қироати, зикр ва салавотларни кўпайтириш.

“РАҲМАТ ОЙИ РАМАЗОН” китобидан

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1