Орол денгизи... Эсимни танибманки, унинг қуриб бораётгани, денгиз ўрнини поёнсиз саҳро эгаллаётгани, ҳудуддаги вазият издан чиқаётгани ҳақида эшитаман. Бу ҳақдаги жуда кўп мақолалар ўқиганман, кўрсатувлар, фильмлар кўрганман. Дунё ҳамжамияти бу ҳақида ўн йиллардан бери бонг ураётган бўлса-да, бу оламшумул фожиани тўхтатиб қолишнинг имкони бўлмаяпти.
Анчадан бери ана шу воқеликни ўз кўзим билан кўриш, бу ҳақда ёзиш истагида эдим. Марказий Осиё минтақавий экологик маркази Европа Иттифоқи молиявий кўмагида, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган сув бўйича саводхонликни оширишга қаратилган #UzWaterAware лойиҳаси доирасида ташкил этган преcс-тур ана шу орзунинг амалга ошуви учун йўл очди.
Ватанимизнинг шимолий дарвозаси
Қорақалпоғистон Республикаси маркази Нукус шаҳрини гоҳида ана шундай аташади. Саҳро бағридаги жавоҳир мисол ўз жозибасини кўз-кўз қилаётган бу шаҳар бизни сокин ва хотиржам қарши олди.
Нукус халқаро аэропортида қурилиш ишлари авжида. Тез орада аэропорт янги қиёфада меҳмонлар ва сайёҳларни қарши олса ажаб эмас. Шу боис, ҳозирча биз йўловчилар учун ажратилган вақтинчалик йўлакдан шаҳарга чиқдик. Журналистлар жамоаси жой олган автобус аэропортдан унча узоқ бўлмаган меҳмонхона томон йўл олди.
Қорақалпоқ миллий анъаналари асосида бунёд этилган меҳмонхонада барча шароитлар муҳайё. Меҳмонхона ҳудудидаги ўтов ҳам ҳар қандай сайёҳнинг диққатини ўзига тортади.
Нукус ҳар доим кўзимга бошқача кўринади. Айниқса, тунги Нукус кўчаларида кезишнинг гашти бошқача. Ортиқча шовқин, тирбандликни кўрмайсиз. Чароғон кўчалар ёқалаб навқирон шаҳар бой бўй-бастини ўз жамолини кўз-кўз этади.
Жўқорғи Кенгес, Вазирлар кенгаши бинолари, “Саҳродаги Лувр” номини олган Савицкий музейи, Қорақадлпоқ давлат драма театри, ўзгача салобат ила кўзга ташланади.
Саҳро томон йўл
Эрталаб меҳмонхонадан чиққанимизда журналистлар учун ажратилган 12 та “Жип” машинаси қатор тизилиб турарди. Бизга аввалдан айтишган: йўл жуда узоқ, машаққатли, ҳатто хатардан ҳам холи эмас. Чунки йўлимизнинг катта қисми саҳро бағридан ўтади. Бу йўлларда унча-мунча машиналар тоб беролмайди. Ҳар бир машина уч нафардан йўловчи учун мўлжалланган.
Мана, ниҳоят Қорақалпоғистоннинг бош кентидан чиқдик. Олдимизда эса, поёнсиз кенгликлар. Ҳайдовчимиз Ойберген ака ўта камгап, камсуқум, хокисорлиги билан ажралиб туради. Лекин ниманидир сўрасак, босиқлик билан тушунтириб беришдан чарчамайди.
Илгари Қорақалпоғистон ҳақида, Оролбўйидаги вазият ҳақида жуда кўп ўқиганим, эшитганим боис, тасаввуримда бу ҳудуд фақат қумдан иборат, шароит ўта даражада оғир деб ўйлардим.
Рост, Оролнинг қуриши ҳудуд экотизимига жиддий таъсир ўтказган. Бундан ярим аср муқаддам тўлиб тошган асов денгиз дунё жўғрофий харитасида йил сайин кичрайиб бораётир. Совет даврида суғориладиган ерларнинг кўпайтирилиши, сунъий сув иншоотларининг кўпайтирилиши, пахта яккахокимлиги, табиий ресурслардан нотўғри фойдаланиш сингари номлар билан аталадиган сабаблар катталик бўйича Ер юзида тўртинчи ўринда турган кўлни қуритди. Соҳил юзлаб чақирим ортга чекинди. Денгиз акваторияси ўнлаб баравар қисқарди. Орол денгизи ўрнида бугун бир нечта кичкина кўллар қолган холос...
Аммо, Оролбўйининг ўзига хос табиати, даштнинг ўзгача ҳавоси, гўзал манзараларидан ҳали ҳам баҳраманд олса бўлади. Маълумотларга кўра, Оролбўйидаги қирққа яқин ўсимликлар дунёнинг бошқа минтақаларида ўсмайди, улардан фармацевтикадан фаол фойдаланилади. Бугун ушбу ўсимликларни кўпайтириш, улардан ишлаб чиқаришда фойдаланиш борасда сезиларли ишлар амалга оширилмоқда.
Устюрт – сир-синоатлар макони
Мамлакатимизда майдони бўйича энг катта– Қўнғирот туманидан кетиб боряпмиз. Унинг ҳудуди 50 минг квадрат-километрдан ортиқроқ. Тўғрироғи Ўзбекистоннинг 12 фоиз ер майдонини эгаллайди.
Бу ерда бизни Қўнғирот тумани ҳоким ўринбосари Бахтиёр Камолов қарши олди. Ҳудудда қилинаётган ишлар, янги иш ўринлари яратиш, мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш, экологик муаммоларни бартараф этиш борасидаги амалга оширилаётган ишлар хусусида сўзлаб берди.
Яқинда туманда барпо этилган Қўнғирот сода заводини бежиз “Аср мўъжизаси” деб аташмаган. Мамлакатимиз шимоли-ғарбий қисмидаги Устюрт платосининг катта қисми ҳам айнан туман ҳудудига киради.
Устюрт! Мозийнинг миллион йиллик сир-синоатларини ўз бағрида яширган бепоён кенгликлар! Мағрибдан Машриққа, Шимолдан Жанубга қараб эсаётган тиним билмас шамоллар! Сайёрамизнинг энг ажабтовур, энг сирли гўшаларидан бири...
Устюртнинг Қорақалпоғистонга тегишли қисми 70 минг квадрат километрдан зиёдроқ майдонни ташкил қилади. Илмий манбаларда бундан миллион йиллар муқаддам Устюрт заминида уммон мавжуд бўлганлиги айтилади. Қўнғирот туманидан Устюрт платосига кўтариладиган тик жарликлар юзасида қачонлардир соҳилини ювиб турган денгиз тўлқинлари излари яққол кўзга ташланади. Устюрт пасттекислиги атрофини қуршаган текисликдан юксакка кўтарилиб, “Чинк” деб номланувчи жарликлар билан ихоталанган. Қолаверса, Устюртнинг тупроқ қатлами юпқа ёпишқоқ жинсдан ташкил топган бўлиб, қуйи қисми эса тош қотган денгиз чўкмасидан иборат.
Узоқ ўтмишда “Буюк ипак йўли”нинг муҳим тармоқларидан бири ҳам айнан Устюрт текислигидан ўтган. Қаравимбет туз кони этагидаги тепаликда жойлашган Алан қалъаси харобалари ва Белиули карвонсаройининг бугунги кунгача сақланиб қолган ҳашаматли дарвозаси қолдиқлари ҳам бу фикрни исботлайди.
Устюрт чинкларини ёқалаб юрган йўловчи ҳар бир қадамда тепаликка қўйилган кўчманчилар қабристонларига дуч келади. Уларда марҳумларга қўйилган қулфитошлар, тошга битилган тамғалар бизгача етиб келган. Инсон қадами етиши бироз мушкул бўлгани боис, бу обидаларнинг аксарияти ҳанузгача тўла тадқиқ қилинмаган.
Найзасимон иншоотлар сири
Бу кўҳна маконнинг бир неча ўн йиллардан бери илм аҳлини ўйга толдириб келаётган жумбоқларидан бири “найзасимон иншоотлари”дир. Гап шундаки, кимсасиз саҳро бағридаги ўйиқларни яқиндан кўриб, унда ҳеч қандай сирли белги топа олмассиз. Аммо, қуш парвози баландлигидан қаралганда азалий қумликлар бағрида улкан найзаларнинг ўйма тасвири кўз олдингизда намоён бўлади. Олимлар томонидан турли тахминлар, фаразлар билдирилмоқда. Аммо, ҳақиқат уларнинг қай бирида яширинганини аниқлаш мушкул.
Ўтган асрнинг 70-80 йилларида бу найзасимон объектлар дунё миқёсида кўплаб олимлар ва оммавий ахборот воситалари эътиборини жалб қилди. Баъзи журналистлар ва тадқиқотчилар бу найзасимон иншоотларни «ўзга сайёраликлар томонидан қурилган» деган тахминларни ҳам билдирган.
Қорақалпоқ олими Хожаҳмад Эсберганов фикрича, ичимлик суви тақчил бўлган Устюрт ҳудудида ёмғир ва қор сувларини йиғиш учун кўчманчи қабилалар шундай қазилмаларни бунёд этишган.
— Аслида бир пайтда бу ерларда сарматлар, массагетлар, ўғузлар, қипчоқлар сингари кўплаб кўчманчи қабилалар яшаган, - дейди бизга ҳамроҳлик қилган таниқли олим, тарих фанлари номзоди Октябрь Доспанов. – Аждодларимиз ёввойи ҳайвонларни овлаш учун чўл бағридаги ана шундай ғалати иншоотларни қуришган. Бир пайтлар анча чуқур бўлган бу йўлаклардан жониворлар таъқиб қилинган ва қочаман деб, “ўқ” учидаги тузоққа илинган.
Урга – Борлиқ ва йўқлик оралиғида
Устюрт бағридаги энг кўҳна ва сирли масканлардан бири бу Урга шаҳарчаси харобаларидир. Нукусдан 200 километр узоқда, саҳро бағрида баҳайбат тепаликлар панасида эски харобаларга дуч келасиз. Бир пайтларда бу ерда мўъжазгина Урга шаҳарчаси бўлган.
Баъзи қарашларга кўра, бу ерда минг йиллар муқаддам ҳам аҳоли манзилгоҳлари бўлган. Массагетлар бу ерда денгиз бўйида қамишдан бошпана тиклаб, балиқчилик қилиб кун кечиришган. Лекин бугун денгиз бу ҳудуддан ўнлаб чақирим олислаб кетган.
Бундан икки аср муқадам бу ерга Чор Россиясидан эски эътиқодига кўра қувғин қилинган староверлар ҳам яшашган. Бошқа бир маълумотга кўра, 1773 йилдаги Пугачёв қўзғолонидан сўнг бир гуруҳ казаклар Чор ҳукумати томонидан шу ерга сурган қилинган. Улар кўл соҳилида бир умр балиқчилик қилиб кун кечиришган.
Урга посёлкаси яқинида староверларнинг эски қабристони бор. Ортиқча ҳою ҳашамдан холи бўлган эски қабрлар ўз қарашлари учун қувғинга учраган, аммо ақидасидан мустаҳкам турган насронийлар кечмишининг рад этилмас ёдгори ўлароқ мунғайиб туради. Қабристондан сал нарида балиқчилик корхонасининг эски деворлари кўзга ташланади. Унинг рўпарасида эса, суви саёзланиб қолган Судочье кўли. "Судочье" атамаси қорақалпоқча "суви доччи" - (суви чучук) сўзидан олинган экан. Судочье кўли вақтида анча йирик бўлган. Орол денгизи билан туташиб кетган кўлда хилма-хил балиқлар сузиб юрган. Эндиликда анча саёзлашиб қолган кўл соҳили қамиш ва соҳилбўйи ўтлари билан қопланган.
Кўл қирғоғида анча унниқиб қолган қайиқларни кўриш мумкин. Балиқ овлаш мавсумида бу ерга ташриф буюрадиган кишилар ҳануз улардан фойдаланишади. Вақтида кўлда балиқчиларнинг бутун бошли флотилияси фаолият кўрсатган.
Бир муддат тин олиш учун шу ерда тўхтаб ўтамиз. Ташландиқ шаҳар кўчалари бўйлаб кезамиз. Нураган деворлар, бетон парчалари, аллақачон муддатини ўтаб бўлган уй-рўзғор буюмлари, каравот суянчиқлари...
Таъзимга лойиқ одамлар
Гоҳида шаҳарлаги арзимас муаммолар – газ, сув ёки электр таъминотидаги қисқа узилишлар таъбимизни хира қилади. Нолишга тушамиз. Аммо, Оролбўйининг чекка ҳудудларида, тараққиётдан олис жойларда истиқомат қилаётган ҳамюртларимизни кўриб, ана шу “ношукурлигимиз” эсга тушади.
Совет даврида “Комсомольск на Устюрте” деб аталган посёлкадамиз. Бир пайтлар бу ҳудудд собиқ иттифоқ учун муҳим стратегик объект саналган. Шу боис саҳро бағрида алоҳида аэродром барпо этилган. Ундан Нукусга, Қўнғиротга кичик самолётлар қатнови йўлга қўйилган. Аммо, негадир ўша пайтларда посёлкани ташқи дунё билан боғловчи йўл қуришни “унутишган” кўринади.
Бу ҳудудда кичик шаҳарча ҳам қурилган бўлиб, у ерда ҳозир ҳам 200 га яқин оила истиқомат қилади. Шароитнинг оғирлиги сабаб кўпчилик бу ердан бошқа шаҳарларга кўчиб кетган. (Ўтган асрнинг 70 йилларида эса, 600 дан ортиқ аҳоли бўлган) Ҳудуд номи бугун “Қубла-Устюрт” (Ғарбий Устюрт) деб номланаркан. Аммо, аҳоли учун бошқа ҳудудларга бориш жуда катта муаммо. Саҳро бағридан ўтувчи тупроқ йўлдан куз-қиш мавсумида юриб бўлмай қолади.
Шунга қарамай, Қубла-Устюрт аҳлининг юз-кўзларида норозилик акс этмайди. Улар ҳукуматимиз томонидан ўзлари учун янада яхшироқ шароитлар яратилишига ишонадилар.
Бир неча дақиқа шу масканда тўхтадик. Ҳамкасбларимиз бу ерда ҳаёт кечиришни бир зумгина бўлса-да тасаввур қилиб кўришди.
Ёш ҳамкасбларимиздан бири ҳорғин елка қисади:
“Бу ерда вай-фай йўқмикин?”...
Орол бағридаги маҳзун лаҳзалар
Ниҳоят карвонимиз оппоқ кенгликлар бағрида мавж ураётган денгиз соҳилига яқинлашади. Мана, ўша номи афсоналарга, армонларга йўғрилган мовий дунё! Йил сайин, кун сайин унинг қадру қимматини англаб етмаган биз – ғофил фарзандларидан чекинаётган Она денгиз.
Атрофда тушуниксиз сукунат ҳукмрон. Алланечук журъатсиз қадамлар билан денгиз томон одимлаймиз. Кўз илғамас мовий текислик аслида биз ўйлаганимиздек катта эмас. У энди саҳро бағрида шовуллаб турган улкан, денгиз мақомига эришган улкан ҳаёт манбаи эмас, бўйига 20, энига 6 километрга чўзилган, шўрланиш даражаси бўйича Ўлик денгиздан қолишмайдиган сув ҳавзаси холос.
Оёқларимиз остида туз қумлар орасида сочилиб ётган миллионлаб митти чиғаноқлар бир пайтлар орол тубида сув остида фаунаси ранг-баранг бўлганидан дарак беради. Бир пайтлар ўнлаб турдаги балиқлар, турфа сув жонзотлари яшаган Оролда бугун бир неча хил планктонлар қолган холос.
Орол денгизи бундан миллион йиллар аввал манмлакатимизда мавжланиб турган Тэсис океанининг “мероси” бўлган. У ҳақидаги илк тарихий маълумотлар араб географи Ибн Рушта асарларида учрайди. Ўрта аср манбаларида Орол денгизи Қипчоқ кўли номи билан ҳам юритилган. Юз йиллар давомида унинг соҳилида турли қабиалар, уруғлар, халқлар умргузаронлик қилишган.
“Куйиб қолгунча исиниб қол...”
Тарихий маълумотларга кўра, Орол денгизи асрлар мобайнида бир неча бор қуриб, яна қайта тикланган экан. Бу галги жараён Оролбўйи халқлар учун қимматга тушгани айни ҳақиқат. Бунинг натижасида экологик танглик вужудга келди. Турли касалликлар тарқалди. Аҳли генофонди жиддий зарар кўрган. Ўнлаб саноат корхоналари тўхтаб қолди. Қанчадан-қанча гавжум шаҳар ва қишлоқлар ҳувиллаб қолди.
Ўн йиллар давомида Оролни қутқариш бўйича қилинган хатти-ҳаракатлар, чақириқ ва даъватлар кутилганидек деярли самарасиз кетаётир. Орол бир куни яна ортга қайтадими, туз ва қум босган саҳролар сувга тўладими-йўқми, бу фақат Яратганнинг ўзигагина маълум.
Мутахассислар фикрича, кейинги пайтларда ёғингарчилик миқдорига қараб, Оролнинг сатҳи кўтарилиб-пасайиб турибди. Оролнинг бугунги Қозоғистон ҳудудидаги қисми – Кўкорол кўлининг ҳажми Сирдарёдан қуйилаётган сув кўпайгани ҳисобига сезиларли даражада ортиб борётир.
Бироқ, Ўзбекистон ҳудудидаги икки парча кўлга Амударё сувлари етиб бормаяпти. Термиз соҳилларида ўзанига сиғмай оқаётган Жайҳун сувларининг катта қисми саҳро бағрига сингиб бормоқда. Бироқ, мавжуд вазиятдан ҳам тўғри фойдаланиш мумкин. Бугун Оролнинг қуриган тубида турли экинлар етиштириш, саксовулзорларни кўпайтириш борасида кенг қамровли ишлар амалга ошириляпти. Ушбу ҳудудда етиштирилаётган ўсимликлардан яхшигина даромад қилиш мумкин. Қолаверса, Устюрт саҳроси ва Орол денгизи тубида жуда кўп фойдали қазилмалар, нефть ва газ заҳиралари аниқланган.
Бугун Оролда яшаётган ягона жонзот – Артемия уруғлари косметология ваа балиқчилик учун жуда қимматли хомашё саналади. Айтишларича, артемия уруғининг бир килограми олдиндан қиммат тураркан.
Мўйноқ тумани ҳокими Сайлеубай Данияровнинг айтишича, ҳозирги кунда туманда ушбу хомашёни қайта ишлаб хорижга экспорт қилиш билан шуғулланувчи 17 та корхона фаолият кўрсатмоқда. Балки, келгусида ўзимизда ҳам косметик маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи корхоналар кўпаяр. Фақат унгача, Оролнинг қолган қисми ҳам қуриб қолмаса...
Очиқ осмон остидаги тун
Бугун оғир қисматга дучор бўлган Орол ва унинг атрофидаги вазият билан танишиш учун дунёнинг турли бурчаклардан сайёҳлар келишади. Улар Оролбўйи ҳақлқлари тарихи, маданияти, турмуш тарзи билан ҳам яқиндан танишишади. Улар учун зарур шароитларни яратиш мақсадида денгиз яқинида дам олиш масканлари ташкил этилган, миллий услубдаги ўтовлар тикилган.
Албатта замонавий тамаддундан юзлаб чақирим олисда, бир ҳовучгина бўли қолган Орол ёнида, саҳро биқинида бундай шароитларни яратишнинг ўзи бўлмайди.
Бизни ҳам ушбу маскан вакиллари очиқ чеҳра билан кутиб олишди. Орол соҳилида оқшом чўкаётир. Устюртнинг ўйноқи шамоллари нотаниш меҳмонларни чимдиб ўтмоқчи бўлади. Атрофга қизиқиш ва ҳайрат ила боқаман.
Бир пайтлар сув остида бўлган ҳудуд эндиликдан паст-баланд тепаликларга айланган. Баҳор эпкинлари турфа ёввойи гиёҳлар ифорини димоғимизга уради. Кечки овқатдан сўнг гулхан атрофидаги гурунг ҳар биримизнинг руҳиятимизда ажиб енгиллик уйғотади. Оролбўйи таассуротлари, ҳамроҳларнинг жўшқин гурунгига гиталарнинг сирли оҳанглари жўр бўлади. Ўртада уйилган саксовул шохлари оташ бағрида мунгли чирсиллайди.
Ҳар соҳадан хабардор, донишманд ҳамроҳимиз Октябр оға Оролбўйи халқлари ҳаётидан турфа афсоналарни сўйлайди. Ўзининг болалик хотираларини армон билан эслайди:
– Мен Мўйноқда, шу шўрлик Орол бағрида туғилиб ўсганман. Унинг гувиллаган, уввос солган навқирон дамларини эслайман. Бугун эса, ҳаммамизнинг кўз ўнгимизда у тобора чекиниб бораётир. Ҳозир Нукусда яшайман. Мен ҳар гал денгиз бўйига келганимда, у билан соатлаб гаплашаман, сирлашаман, дардлашаман. Унинг соҳилларидан кетгим келмайди. Борди-ю, қайтмоқчи бўлсам, унинг тўлқинлари “кетма” дея ёлвориб оёқларига бош уради. Йиғлайди. Мен ҳам йиғлаб-йиғлаб у билан хайрлашаман...
...Соатлаб давом этган гурунглар тугаб, ҳамма ўзи учун ажратилган ўтовлар томон йўл олади.
...Ўтов! Оролбўйи халқларининг асрий қўналғаси. Орзу-армонлар, афсонаю ҳақиқатлар, қувонч ва ташвишларнинг мўъжаз макони... Саҳро шамоли ўтовнинг намат деворларига гувиллаб урилади. Ўтовнинг ёғоч қовирғалари оғриниб қисирлайди...
Бедор ўйлар чекиниб, кўзимни уйқу босганини сезмай қоламан. Тушимда... сон-саноқсиз кемалар сузиб юрган, сарҳадсиз, тизгинсиз, армонсиз Денгизни кўраман...
Мана, сафаримиз қариб, бутун карвон аҳли бирга ортга қайтаяпмиз. Сафар жуда қизиқарли, таассуротларга, саргузаштларга бой, қувончли ва... ғамгин кечди. Ортга боқиб, мовий кенгликларга армон билан кўз соламан. Юраклар пичирлайди:
“Биз сени асрай олмадик! Биз сени қадрингга етолмадик. Биз сени турли бюрократлардан, курси ва амал қуллари, эл-юрт ғанимлари чангалидан қўрий олмадик. Сен биздан тобора ортга чекинмоқдасан! Лекин биз сендан умид узмаймиз. Сени йўқотишни истамаймиз! Бизни кечир! Бизни ташлаб кетма...
Орол!...”
Рустам Жабборов,
Тошкент-Нукус-Қўнғирот-Мўйноқ-Тошкент
Фото: Асқар Ёкубов