Бугун, 17 май куни Туркиянинг Ўзбекистондаги элчиси Ахмед Башар Шен Диний идорага ташриф буюрди. Меҳмон муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари билан мулоқот ўтказди, деб хабар бермоқда диний идора матбуот хизмати.
Элчи жаноблари Рамазон ойи билан муфтий ҳазратлари ва бутун Ўзбекистон халқини табриклаб, Ислом оламига тинчлик-осойишталик ва нохуш ҳолатларнинг тезроқ барҳам топишини тилади. Ахмед Башар Туркия Президентининг Ўзбекистонга ташрифи бутун дунёда ижобий акс садо бергани, ҳақиқатан самарали бўлганини таъкидлади. Айниқса, Бухоро шаҳрига ташриф жуда ҳам кўтаринки руҳда ўтгани, у ердаги юқори савиядаги тайёргарлик ишлари учун миннатдорлик билдирди.
Ахмед Башар Туркия Диёнат ишлари бошқармаси раиси Али Эрбош жанобларининг салом ва Рамазон табрикларини етказиб, икки мамлакат мусулмонлари идоралари ҳамкорлигида Рамазон ойи давомида тадбирлар ўтказишдан бахтиёр эканини изҳор қилди. Муфтий ҳазратлари ҳам Туркия Диёнат ишлари бошқармаси билан ҳамкорлик қилиш жуда ҳам фойдали эканини билдириб, яхши натижалар беришини таъкидладилар. Ҳар икки томон ҳам ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олишди.
Учрашув дўстона ва самимий руҳда ўтди.








