Қашқадарёда “Шўртангазкимё мажмуаси” масъулияти чекаланган жамияти қошидаги “Қорабайир отчилик мажмуаси” унитар корхонаси фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Таъкидлаш жоизки, маузкур мажмуанинг бунёд этилиши ташаббуси муҳтарам юртбошимиз Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йилнинг 24 февралида Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида ўртага ташланган эди. Президентимиз ўшанда миллий ифтихоримиз саналган қорабайир отлари ва ҳар бир ўзбек ўғлонининг қонига сингиб кетган туғма чавандозлик хусусияти ҳақида алоҳида таъкидлаган эдилар.
Ушбу отчилик мажмуасини қуриш, яйлов ва қишлоқ хўжалик экинларини экиш учун жами 1 минг 204,6 гектар ер майдони ажратилди.
Мажмуа ўзида насос хўжалиги, 2 та 200м3 суғориш ва 2 та 50м3 ичимлик сувини сақлаш хавзаларини, очиқ манеж майдони (140м х 75м), 2 та 50 ўринли 1 ва 3 ёшгача бўлган отлар учун отхона бинолари, 2 та 50 ўринли 3 ёшдан ошган отлар учун отхона биноларини, ёпиқ манеж биносини (ёпиқ манеж, маъмурий бино ва 500 ўринли трибуна), отни механик тарзда қумда юрғизувчи ёпиқ манеж биносини, отни механик тарзда сувда юрғизувчи ёпиқ манеж биносини, 2 та ем сақлаш омборхоналарини қамраб олган.
Таниқли от спорти усталари томонидан намойиш этилган конкур ва улоқ чоптириш мусобақалари барчада катта таассурот қолдирди.
Тадбирда Қашқадарё вилояти ҳокими З.Рўзиев иштирок этди.
Маълумот ўрнида: Мутахассисларнинг қайд этишича, қорабайир зотли отлар устидаги дастлабки селекция ишлари бундан уч ярим минг йил аввал қадимги Фарғона водийси ва Жиззах воҳасида бир пайтнинг ўзида олиб борилган. Кўҳна Хитой ёзма манбалари ва мамлакатимизнинг турли мавзеларидан топиб ўрганилган қоятош суратлари – петроглифлар қорабайир зотининг ёши уч минг йилдан зиёд эканлигини амалда исботлайди. Дейлик, Фарғона водийсидаги Аравон қишлоғидан топилган тошсуратларда эрамиздан уч минг йил аввал йилқичи аждодларимиз қорабайир зотли отларнинг суратини чизганлиги замонамиз олимларининг тадқиқотларида исботланган.







