Бир гуруҳ тадқиқотчилар кўп йиллардан бери тақиқланган CFC (хлорфторуглеводород) кимёвий моддалари шарқий Осиёнинг қайсидир ҳудудида яна ишлаб чиқарилаётганини аниқлашди.
Агар айбдорлар топилиб, уларнинг фаолиятига чек қўйилмаса ердаги ҳаётни зарарли радиация нурларидан ҳимоя қилувчи озон қатламининг қайта тикланиши яна ўн йилликларга чўзилиши мумкин.
CFC кимёвий моддалари мебел ва бинолар учун кўпик ишлаб чиқаришда, аэрозоль ҳамда музлатгич, кондиционерлар учун фреон сифатида ишлатилган. Аммо ушбу кимёвий моддалар 1980 йилда Антрактида узра ҳосил бўлган озон туйнуги аниқланганидан сўнг Монреал протоколи билан тақиқланган эди. 2007 йилдан бошлаб CFC кимёвий моддалари орасида хавфлилиги бўйича иккинчи ўринда турадиган CFC-11 ни ишлаб чиқариш сезиларли даражада камайган эди.
Атмосферада CFC-11 моддасининг кўпайганини Колорадода жойлашган АҚШнинг National Oceanic and Atmospheric Administration илмий тадқиқот маркази ходими Стефан Монтзка атмосферадаги кимёвий моддалар мониторингини олиб борадиган ҳамкасблари билан биргаликда аниқланган.
Стефан Монтзканинг айтишича у бу борада 27 йилдан бери иш олиб борган ва ушбу кимёвий модданинг атмосферада катта хажмда топилиши унинг учун энг кутилмаган ҳолат бўлди. “Биз нима содир бўлаётганини ва бу ҳолатнинг сабабларини аниқлашга ҳаракат қилаётган атмосфера изқуварлари сифатида фаолият олиб бораяпмиз”, дейди у. - “Вазият ёмон томонга ўзгарганда биз тезда байроқ кўтарамиз”.
Олимларнинг таъкидлашича ушбу кимёвий модда Шарқий Осиённиг қайсидир ҳудудида ишлаб чиқарилаяпти, аммо айнан қайси мамлакатда эканлигини аниқлаш учун чуқурроқ изланишлар талаб этилади.
БМТнинг атроф муҳит масалалари бўйича вакили Эрик Солхейм бу борада фикр билдирар экан “Агар бу моддаларнинг атмосферага чиқарилиши давом этса, озон қатламининг тикланиши секинлашади. Шу сабабли ҳам бу ўта жиддий масала, биз бу атмосфера чиқиндиларининг қандай вужудга келганини аниқлаб олишимиз ҳамда керакли чораларни кўришимиз зарур”, дея таъкидлади.
19.05.2018 10:46
Олимлар ташвишда: Озон қатламини емирадиган кимёвий модда сирли равишда кўпаймоқда






