1

Мирзачўлда 200 нафар хотин-қиз ишли бўлди

ЖАМИЯТ 22.05.2018, 12:32
 Мирзачўлда 200 нафар хотин-қиз ишли бўлди

“Обод қишлоқ” дастури асосида қайта қурилаётган Жиззах вилояти Мирзачўл туманидаги Ғалаба маҳалласида “Мирзачўл тикувчилик мажмуаси” корхонаси фойдаланишга топширилди, деб ёзади ЎзА.

Ушбу замонавий корхонага маҳаллада янги қурилаётган уйларга кўчиб ўтаётган оилалардаги хотин-қизлар ишга жойлаштирилди.

Маҳалла ҳудудида жойлашган собиқ пахта тозалаш корхонасининг бўш турган биноси реконструкция қилиниб, тикувчилик цехлари барпо этишда лойиҳанинг ташаббускори “Ўзпахтасаноат” акциядорлик жамияти 450 миллион сўмлик қурилиш материаллари ва бошқа жиҳозлар ажратди. Лойиҳа ҳамкорлари “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси 49 ва “Маҳалла” хайрия жамоат фонди 200 тикув дастгоҳи билан таъминлади.

Ушбу корхонани ишга туширишдан мақсад маҳаллада янги қурилаётган уйларга кўчиб чиқаётган оилалардаги хотин-қизларни иш билан таъминлаш, уларнинг ипотека кредитларини ойма-ой тўлаб боришига имконият яратишдир. Шу мақсадда Республика Хотин-қизлар қўмитаси, “Тадбиркор аёл” уюшмаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги касб-ҳунар таълими маркази ҳамкорлигида икки ойлик тикувчилик курслари ташкил этилди. Ўқув курсларида маҳалладаги уй бекалари ва касб-ҳунар коллежларининг битирувчи қизларидан 200 нафари тажрибали ишлаб чиқариш усталари томонидан тикувчилик касбига қайта тайёрланди.

– “Обод қишлоқ” дастури оиламизни ҳам обод қилди, – дейди Гулзора Даминова. – Ҳовлиси умумий бўлган уйда яшашнинг қийинлиги тўй-маъракада, айниқса, билинади. Бу йил қизимни узатишга тайёрланаяпмиз. Тўйни янги уйда ўтказадиган бўлганимиздан беҳад хурсандмиз. Бунинг устига маҳалламизда янги қурилган тикувчилик корхонасига ишга қабул қилиндим. Қизим ёш қурувчилар бригадасида ишламоқда. Ҳам уйли, ҳам ишли бўлдик. Бунинг учун давлатимиздан миннатдормиз.

Корхонада иш қизғин. Жамоа “Ўзпахтасаноат” тизимидаги корхоналарнинг умумий қиймати 1 миллиард сўмликка яқин пахта териш этаклари тикиб бериш бўйича буюртмасини бажаришга киришди. Бундан ташқари, махсус иш кийимлари тикиш бўйича “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамияти билан 366 миллион сўмлик, ”Жиззахнефтмаҳсулотлари” ҳудудий корхоналари билан 70 миллион сўмлик шартнома тузилди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1