Қонунчилик палатаси депутати Жамшид Пирматов “Юнусобод деҳқон бозори” ҳамда “Олой деҳқон бозори” акциядорлик жамиятлари фаолиятидан қониқмади.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Матбуот хизмати хабар беришича, ҳудудлардаги ўрганиш жараёнлари, аҳоли билан юзма-юз мулоқотлар қизғин руҳда ўтмоқда. Юнусобод туманидаги учрашувларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Жамшид Пирматов “Юнусобод деҳқон бозори” ҳамда “Олой деҳқон бозори” акциядорлик жамиятларининг умумий ҳолати билан яқиндан танишди.
Мазкур бозорларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига савдо-сотиқ қилишлари учун барча шарт-шароитлар яратилган бўлса-да, ўрганишлар давомида айрим камчиликлар ҳам борлиги маълум бўлди. Масалан, Юнусобод деҳқон бозори ҳудудидаги бир қанча тадбиркорлар томонидан (умумий овқатланиш) санитария-гигиена талабларига умуман жавоб бермаган ҳолда озиқ-овқат маҳсулотлари сотилаётганлиги маълум бўлди.
Шунингдек, Олой деҳқон бозори ҳудудидаги айрим савдо-сотиқ билан шуғулланаётган фуқаролар бозорда бўш расталар бўлишига қарамай ерда савдо қилаётганликлари аниқланди. Мазкур бозорнинг назоратчилари томонидан соат 11:30 бўлишига қарамай бозор ҳудудида савдо қилаётган шахсларга “жой ҳақи” (патта) яъни банк чеки берилмаганлиги маълум бўлди. Ушбу бозор ҳудудидаги Тошкент шаҳар ветеринария бошқармаси, ветеринария-санитария экспертиза лабараторияси фаолиятини ўрганилганда ҳам жиддий камчиликлар борлиги аниқланди. Соат 11:00да сотилаётган маҳсулотларнинг бир қанча намуналари олинган бўлса-да, тегишли тартибдаги қоида ва нормалари талабларига мувофиқлигини тасдиқловчи экспертиза лабараториясининг хулосалари берилмаган.
Юқоридаги муаммоларни бартараф этиш бўйича бозор масъулларига тегишли кўрсатмалар берилди.
ЎзА






