Украина Президенти Петр Порошенконинг мамлакатдаги қатор ОАВ лар фаолиятини тақиқловчи фармони мамлакатда кўплаб норозиликларни келтириб чиқармоқда.
АҚШда жойлашган халқаро «Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси» ушбу фармонни бекор қилиш ва журналистлар ҳуқуқларини тиклашни талаб қилган.
Мазкур қўмита дастурининг Европа ва марказий Осиёдаги мувофиқлаштирувчи вакили Нина Огнянова ўз баёнотида бу ҳолатни жиддий қоралаган.
Будан ташқари, Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитасига аввалроқ Украина ҳукумати "РИА Новости Украина" бош муҳаррири Кирилл Вишинскийни давлатга ҳиёнатда, агентликни эса Украинага қарши “информацион уруш” олиб борганликда айблаб, ҳибсга олгани ва унинг идорасида тинтув ишларини ўтказганлиги ҳақида хабарлар келиб тушган.
Пайшанба куни Киев санкциялар рўйхатига "Россия сегодня" Халқаро ахборот агентлигини ва "РИА Новости Украина" порталини киритди. Шунингдек, "Россиясегодня.рф", "Sputniknews.com", "Ria.ru", "Rsport.ria.ru", "1prime.ru","realty.ria.ru" сайтларига киришни тақиқлаб қўйди.
Россия ОАВлари Украинанинг бундай хатти-харакатини зўравонлик деб баҳолади. Россиянинг Ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг таъкидлашича, “бу қабул қилиб бўлмайдиган ҳолатдир”. Россия элчихонаси Украина ташқи ишлар вазирлигига ОАВ устидан зўравонликни тўхтатишини талаб қилиб иккита нота юборди.






