1

“Ё АСЛИНГ КАБИ КЎРИН...”

ДУНЁ 29.07.2014, 10:52
“Ё АСЛИНГ КАБИ КЎРИН...”

Кўниё – Кичик Осиёнинг кўҳна ва боқий шаҳарларидан бири. Бу шаҳар ўтмиш ва бугуннинг, Шарқ ва Ғарбнинг кўпгина жиҳатларини ўзида мужассам этганини кўриш мумкин. Бироқ, шаҳардаги энг гавжум, серфайз ва мунаввар маскан Мавлоно Жалолиддин Румий мақбараси десак, муболаға бўлмас.

                                   Балхдан то Румгача

  Мавлоно Жалолиддин Румий, маълумотларга кўра, 1207 йилда ҳозирги Афғонистон ҳудудидаги Балх шаҳрида таваллуд топган. Унинг отаси Баҳоуддин Валад ўз замонасининг етук донишманди, фиқҳ ва тасаввуфнинг зукко  намояндаларидан эди.

Ўша пайтда юртда ҳукм сурган сиёсий беқарорлик, шунингдек мўғул истилочилари таъқиби бу оилани муҳожирликка ундади. Баҳоуддин Валад 1220 йилда  ўз оиласини олиб, ҳаж зиёрати баҳонасида Румга, Кўнёга  кўчиб келишади. Жалолиддин Румий аввал шу ерда, кейин Ҳалаб, Дамашқ ва Бағдоддаги мадрасаларда таҳсил олади ва талабаларга сабоқ беради.

                                      “Буни завқи ҳол дерлар!”

Румийнинг камолот чўққисини забт этишида ўз замонасининг буюк алломаларидан бири  шайх Шамс Табризий билан учрашуви жуда катта аҳамият касб этади. Бу тарихий воқеа милодий 1244 йилнинг кеч куз ойларида Кўнё шаҳрида юз беради.

  Ҳазрат Навоий «Насоиймул-муҳаббат» асарида Румий ва Табризий учрашувини қуйидаги ривоят билан боғлайди: Румий бир ҳовуз бўйида кўп китобларни мутолаа қилиб ўтирганида, Шамс Табризий бир дарвеш қиёфасида унинг ёнига келади ва  «бу қандай китоблар?» деб сўрайди. Шунда мавлоно «бу қийлу қолдир, бу билан сенинг нима ишинг бор» дейди. Шунда  Табризий китобларни ҳовузга ташлайди. Румий «бу китоблар отамдан менга ёдгор бўлиб қолган эди, энди уларнит қандай топаман» дея фарёд солади. Шунда Табризий ҳамма китобларни қуп-қуруқ ҳолатда сувдан чиқариб беради. Румий ҳайратланиб, «бу не синоатдур» дея сўрайди. Шунда Шамс Табризий «Буни завқи ҳол дерлар,  бу билан сенинг  не ишинг бор» дея жавоб қайтаради.                                              

 Икки денгиз туташганда...

            Чиндан ҳам Шамс Табризий ва Жалолиддин Румий ўртасидаги самимий дўстлик, устоз ва шогирдлик муносабатилари улуғ мутафаккир ҳаёти ва ижодида катта бурилиш ясади. У Табризийдан тасаввуф, диний ва дунёвий илмларни пухта ўрганди. Маънавий жиҳатдан юксак камолот чўққисини забт эта олди.     

            Устоз ва шогирд орасидаги муносабатлар Румийнинг издошлари, мухлисларига унча ёқмасди. Улар устоз ва шогирдни бир-биридан узоқлатишга ҳаракат қила бошлайдилар. Алалоқибат, Шамс Табризий айрим ғаламис кимсаларнинг босими остида Кўнёни тарк этади. Баъзи маълумотларга кўра, Табризий Кўнёда хоинона ўлдирилган, бошқа тарихчилар фикрича, у Табризга қайтиб умрининг охиригача ўша ерда яшаган. Бироқ, Кўнёда, Мавлоно турбаси яқинидаги бир мақбарани ҳам Шамс Табризийга нисбат беришади.

                                   Нуқсонлар интиҳо топадиган жой

            Мавлон Румий мақбараси эртаю кеч дунёнинг турли бурчакларидан келган зиёратчилар билан гавжум. Мазкур ёдгорлик мажмуаси Мавлононинг ҳаётлик чоғида макон тутган хонақоҳлари, музей, масжид ва мақбарани ўз ичига олади. Мақбарага кираверишда шу сўзлар дарж этилган: “Бу маскан ошиқларнинг каъбасидир, бу ерга кимки нуқсон ва қусурлар билан кириб келса, барчасидан халос бўлади”.

Бу нурли масканга қадам қўйишинигз билан чиндан бутун борлиғингизни ажиб бир тароват қамраб олади. Махсус карнайлардан таралаётган ҳазин най наволари руҳингизга оҳиста киради. Беихтиёр Мавлононинг ўлмас мисралари ёдга тушади:

 Тингла, най андоқ ҳикоятлар қилур,

Айрилиқлардан шикоятлар қилур...

Мажмуани кезаркансиз, ҳар қадамда бир ҳикмат мағзини чаққандек бўлаверасиз. Музей экспонатлари орасида Мавлоно Румийга тегишли шахсий ашёлар, қўлёзмаларни ҳам учратиш мумкин...

                                                                                                    Рустам Жабборов

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1