Фарғона вилояти ҳокимлигида Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинган 36 кишига фуқаролик паспорти тантанали равишда топширилди, деб ёзади ЎзА.
Шу юртда яшаб, унинг тўлақонли фуқароси сифатида улкан ўзгариш ва янгиланишларга дахлдорлик завқини туйишни сўз билан таърифлаш мушкул. Фуқаролик паспортига эга бўлган бир гуруҳ юртдошларимиз буни ғурур билан изҳор этмоқда.
Тадбирда мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари қонун билан кафолатлаб қўйилгани, фуқароликка қабул қилиш қонунийлик, инсонпарварлик ва ижтимоий бағрикенглик тамойиллари асосида амалга оширилаётгани таъкидланди. Барча ислоҳотлар замирида инсон манфаатлари устувор экани эътироф этилди.

– Қирғизистондан кўчиб келиб, Фарғона шаҳрида яшаётганимизга 25 йил бўлди, – дейди Дилфуза Абдуразоқова. – Ўзбекистон Миллий университетида таҳсил олдим. Шаҳардаги 7-умумтаълим мактабида она тили ва адабиёти фанидан дарс бераман. Фуқаролигим йўқлиги юрагимда армон эди. Ўзбекистон фуқароси бўлишни орзу қилардим. Бугун ана шу орзуим рўёбга чиқди. Энди шу табаррук юртнинг тенг ҳуқуқли фуқаросиман. Бунинг учун Президентимиздан миннатдормиз. Бу жуда катта ишонч. Уни оқлаш учун жонажон Ватанимиз тараққиёти йўлида астойдил, фидойилик билан меҳнат қиламиз.
Ҳа, фуқаролик паспортини олганларнинг бугун қувончи чексиз. Улар шу юртда яшаш, унинг фуқароси бўлиш улкан бахт эканлигини бот-бот такрорламоқда.
– Ватанимиз паспорти мен учун жуда қадрли, – дейди Фарғона политехника институти талабаси Муслимбек Шараев. – У менга битмас-туганмас куч-қувват беради, юртимиз келажаги учун масъул ҳамда дахлдор эканлигимни эслатиб туради. Билдирилган юксак ишончга муносиб бўлиш учун бор куч ва салоҳиятимни ишга соламан.






