Илғор технологиялар маркази юртимиз ОАВ вакилларини ўз фаолияти ва янги технологиялар биланяқиндан таништириш мақсадида марказга таклиф қилди. Буни журналистлар қизиқиш билан қабул қилишди. Чунки мураккаб ва жиддий лаборатория амалиётига уларни ҳар кун ҳам таклиф этишмайди-да...
Маълумки, 2018 йилнинг 19 апрель куни президент Шавкат Мирзиёев "Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузурида Илғор технологиялар марказини ташкил қилиш тўғрисида"ги 3674-сонли қарорини имзоланганди. Унда илмий ва инновацион фаолиятнинг ривожланишини фаоллаштириш, фан, таълим ва ишлаб-чиқаришнинг янада кенг интеграциясини таъминлаш, янги билимларни яратиш ва кўллаш, илғор инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳаларни ишлаб-чиқиш ва жорий этишда илмий-инновацион салоҳиятдан ва илмий лаборатория базасидан самарали фойдаланиш бўйича шароитлар яратиш вазифаси белгилаб берилганди.

Шундан сўнг, соҳада анча-мунча ишлар амалга оширилди ва Илғор технологиялар маркази директори, биология фанлари доктори Шахло Турдиқулова ҳамда марказнинг ёш, илғор фикрли фаол олимлари жамоаси журналистларни марказ билан таништиришар экан, уларга бир кунга ўзларини олим деб ҳис қилишларига имкон ҳам беришди.
Илғор технологиялар марказида "Биотехнология", "Микробиология", "Биофизика", "Лазер" станцияларида бўлган оммавий ахборот воситалари ходимлари турли лаборотория ишларида иштирок этишди.
Қон таҳлили ўтказиш истагини билдирган журналистлар қондан ДНКни ажратиб, унинг таҳлили асосида инсоннинг гипертонияга генетик мойиллигини аниқлаш, оксидатив стресс даражасини аниқлаш, оғиз бўшлиғидан таҳлиллар олиб, унинг микрофлорасини ўрганиш, қаттиқ метални лазерь ёрдамида тешиш каби лаборатория ишларида фаол иштирок этишди.

Тадқиқот сўнггида барча журналистлар табиат қўйнига сейсморазведкага йўл олдик. Бу ерда сейсмик фаоллик имитация қилинди.
Дарвоқе, Илғор технологиялар марказидаги айрим техник қурилмалар Ўзбекистонда ягона. Марказ раҳбарияти ва ходимлари илгари бегоналар умуман киритилмаган лабораторияларга журналистларни таклиф этиб, янгиликларга, ўзгаришларга, янги ҳамкорликларга тайёрликларини намоён этишди.

Бундан ташқари Илғор технологиялар маркази табиий фанлар соҳасида технологик платформа вазифасини ҳам бажаради. Марказ билимлар ва ғояларни бирлаштириш, иқтидорларни кашф этиш ва инвестицияларни жалб қилиш билан ҳам шуғулланади. Шаҳло Турдиқулованинг таъкидлашича, марказнингвазифаси дунёда Ўзбекистоннинг рақобатбардошлигини ошириш, мамалакат саноати ривожига ҳисса қўшадиган инновациялар ва технологиялар, креатив ғояларни амалга ошириш учун шароит яратишдан иборат.
Дилфуза СОБИРОВА






