Каппадокия – бугунги кунда дунёдаги сайёҳлар қадами узилмайдиган, гавжум, қадимий ва бетакрор гўшаларидан бири. Бугунги туркиянинг Оқсарой, Невшеҳир, , Нигдэ, Қайсари ва Қиршеҳир вилоятлари ҳудудини қамраб олувчи қадимий Каппадокияга сафаридан бир умрлик ўчмас таассуротлар билан қайтдик.
Турли тамаддунлар тўқнашуви
Каппадокия сўзи қадими хитит тилида “гўзал арғумоқлар ватани” деган маънони англатади. Самолёт Невшеҳир аэропорти сари яқинлашаркан, кўз олдингизда ажойиб-ғаройиб манзаралар намоён бўлади. Турли шаклларни ёдга солувчи қоятошлар, қадимий тош кулбалар, табиат ҳайкалтароши томонидан ишланган тош қўзиқоринлар, қатор саф тортган чўққилар – бетакрор табиат манзараси ҳар қандай сайёҳни лол қолдиради.
Маълумотларга кўра, Каппадокиянинг ўзига хос рельефи палеолит даврида, бугунги Эржиес, Ҳасантоғ, Мелентиз тоғларидаги вулқонларнинг ҳаракат келиши натижасида шаклланган. Ана шу табиий жараёнлар ҳосила ўлароқ юзага келган ҳар хил каталикдаги ғорлар қадимий инсонлар учун бошпана вазифасини ўтаган.
Бу ғорлар минг йиллар давомида турли маданий қатламларни ўзига синдириб келган. Каппадокяи ғорлари ва қоятошларида Ассурия даври битикларини ҳам, Рим ва Византия ҳукмронлиги даврида дарж этилган фрескаларни ҳам, исломий маданият унсурларини ҳам учратиш мумкин.
Тарихнинг тилсиз шоҳидлари
Невшеҳир вилояти ҳудудидаги Гўреме кенгликлари “Очиқ осмон остидаги музей” дея эътироф этилган. Ушбу музейнинг тош қопқасидан киришинигз билан бутунлай ўзга бир дунё сизни қаршилайди. Баланд—баланд қоялар бағридаги ғорлар сизга минг-минг йиллик сирларини очмоқчидек, баҳрига чорлайди.
Бу ғорларнинг баъзилари шунчаки тура-жой вазифасини бажарган бўлса, баъзиларидан ибодатхона сифатида фойдаланилган. Тош деворларидаги суратлар шундан далолат беради. Шунингдек, бу ғорлар қадимий Каппадикия аҳолиси учун турли урушг ва босқинлар пайтида бошпана вазифасини ўтаган. Айтишларича бу ерда ана шундай ибодатхоналар сони мингдан ошади. Бугун бу ғорлардан сайёҳлар қадами узилмайди. Ғор-бўлмаларда шу ҳудуддан топилган тарихий буюмлар, меҳнат ва ов қуроллари, қадимги одамлар скелетлари ўрин олган.
Ер остига саёҳат
Кападокия ҳудудида юзлаб ер ости шаҳарлари мавжуд. Юқорида айтилганидек, бу шаҳарлар маҳаллий аҳоли учун бошпана вазифасини ўтаган. Улардан энг йириги вилоят марказидан 40 чақиримлар масофадаги Деринкую туманида жойлашган.
Мазкур тарихий қадамжо эшиги пештоқида “юарги заиф инсонларнинг кииши тақиқланади” деган огоҳлантириш битилган. Дарҳақиқат, бир неча чақиримлик йўлаклар ва бўлмалардан ташкил топган бу ерости салтанатига кириш учун мустаҳкам соғлик талаб этилади.
Тош зинапоялардан пастлай бошлаймиз. Ёз чилласи бўлишига қарамай, пастлагамиз сари совуқдан этимиз жунжика бошлайди. Ерости шаҳрининг ўзига хослиги ҳам шунда. Қадимги аждодларнинг чуқур ақл-заковати ила барпо этилган бу иншоот ёзда салқин, қишда иссиқлиги билан ажралиб туради. Махсус туйнуклар эса, қадимда ерости бошпанаси учун ҳаво алмаштириш вазифасини ўтаган.
Деворларга чироқлар бизга йўл кўрсатади. Турли катталикдаги бўлмаларни бирма-бир айланамиз. Эҳҳе, бу ҳужралар не-не сир-синоатларга гувоҳ бўлмади экан? Йўлбошловчи эса, бу сирли маскан ҳақидаги ҳикояларини завқ-шавқ билан давом этиради:
-Тинчлик пайтларида бу маскандан аждодларимиз чорвачилик мақсадларида фойдаланишган. Албатта, бу тор йўлаклардан йирик шохли молларни олиб кириш ва олиб чиқиш қийин. Шу боис уларнги бузоқчалик пайтида олиб киришган, уларни боқиб семиртиргач, шу ернинг ўзида сўйиб нимталашган...
Ҳаво шарлари – хизматингизда
Агар қидирув сайтлари орқали “Каппадокия”ни қидириб кўрсангиз, энг аввало ям-яшил водийлар узра парвоз қилаётган ҳаво шарларини суратларини кўришингиз мумкин. Дарҳақиқат, ҳаво шарида саёҳат қилишни истаган ҳар бир сайёҳнингн орзуси бу ерда ушалади.
Бу ерда ҳаво шарларига саёҳатни амалга оширувчи бир қанча фирмалар фаолият кўрсатади. Парвоз хавфсизлик нуқтаи назаридан, шунингдек, тонгги гўзалликдан сайёҳларни баҳраманд этиш мақсадида фақат тонг пайти амалга оширилади. Сиз ҳам талабгор бўлсангиз, бир кун аввал буюртма бериб, рўйхатга ёзилишингизга тўғри келади. Албатта, бу парвоз сизга бирмунча қиммат туюлиши мумкин. Аммо, минглаб чақирим йўл босиб келган сайёҳлар учун ҳаво шарида Каппадокиянинг тароватини тўлақонли ҳис этиш учун бу пулни аямасликлари турган гап.
Албатта, бундай баҳайбат шарларда сайр қилишнинг хатарли томонлари ҳам йўқ эмас. Ўтган йили бу ерда бир ҳаво шарининг ёрилиб кетиши оқибатида бир сайёҳнинг нобуд бўлгани жуда катта шов-шувга сабаб бўлганди. Бироқ, бу хабар саргузашт ишқибозларини ниятидан қайтармаган чоғи, ҳар куни эрталаб ҳаво шарида сайр қилиш учун навбат кутаётган ўнлаб сайёҳларни учратасиз.
Аванос – кулолчилик маркази
Аванос Невшҳир вилоятининг миллий ҳунармандчилик марказларидан бири. Маҳаллий аҳолининг айтишича, бу Аванос кулолчилиги тўрт минг йиллик тарихга эга.
Сайёҳлар бу ерда миллий кулолчилик намуналарини томоша қилишлари, сотиб олишлари баробарида, ушбу антиқа буюмларнинг тайёрланиш жараёнлари билан танишлари, ҳатто бу жараёнда иштирок этишлари ҳам мумкин.
Аваснодаги кулолчилик устахоналарига киришингиз билан кулоллар сизни тавозе билан кутиб олишади, чой билан сийлашади, ўз ҳунарлари тарихи ҳақида эринмай ҳикоя қилиб беришади. Инсон идроки ва меҳнати маҳсули бўлган бетакрор ҳайкалчсалар, нақшинкор кошинлар, оят ва дуолар битилган сопол лавҳалар, уй-рўзғор буюмлари сизни бефарқ қолдирмайди.
Албатта. Бундай илтифот ва назокат қаршисида бу буюмлардан сотиб олмасликни ўзингизга эп кўрмайсиз. Гарчи уларнинг қиймати бозордагидан анча баланд бўлса ҳам...
Ургутдан Ургупгача
Тарихий Каппадокия ўлкасида Ургуп деб номланадиган туман бор. Қизиғи бу туман номи айтилганда Ургутдек эшитиларкан. Бу туман ҳам жуда кўп тарихий қадамжолар, табиат мўъжизалари, осори атиқаларни ўз ичига олади.
Ургут ва Ургуп ўртасидаги ўхшашлик фақат уларнинг номидагина эмас. Ҳар иккаласи ҳам тоғли туман. Осмонўпар чўққилар, қиру адирлар, далалар худди ўзимизнинг Уоргутни ёдга солади.
Ургупда ҳам худди Ургутдагидек боғдорчилик, узумчилик ривожланган. Ҳовлилардаги ишкомлар, кеч кузда кўмилиб, баҳорда очиладиган токзорларда ҳам ана шундай ўхшашлик, уйғунликни кўрамиз. Ҳатто икки мамлакатда жойлашган икки туманда халқ амалий санъати, кулолчилик, заргарлик ва бьошқа ҳунармандларнинг анъаналарида ҳам, икки туман аҳолисига хос меҳмондўстликда ҳам аллақандай муштараклик кўзга ташланади.
Балки бу ўхшашлик оддий тасодифдир. Ҳар қалай, Онадўли халқларининг асосий қисми Марказий Осиёдан кўчиб борганини эътиборга олиб, бу ўхшашлик бежиз эмаслигига ишонгингиз келади.
Ҳожи Бектош турбаси
Каппадокиядаги муқаддас қалдамжолардан бири Ҳожи Бектоши валий мақбарасидир. Манбаларга кўра, Ҳожи Бектош ҳазратлари 1 асрда яшаган. Асли Хуросонлик бўлган Ҳожи Бектош Хожа Аҳмад Яссавийнинг маънавий издошларидан саналади.
Фалакнинг гардиши билан Онадўлига кўчиб келган Ҳожи Бектоши валий шу ерда тасаввуфнинг Бектошия тариқатига асос солган. Айни пайтда ул зотнинг мақбаралари жойлашган туман ҳам Ҳожи Бектош номи билан аталади. Бу маскандан ҳам мамлакатнинг турли бурчакларидан ва хориждан келган зиёратчиларнинг қадами узилмайди. Бу ерда ҳар йили турли санъат фестиваллар, илмий агнжуманлар, тасаввуфий рақсу самоҳ тадбирларини ўтказиш анъанага айланган.
Ҳожи Бектошда ғайриоддий, турли афсона ва ривоятларга йўғрилган қадамжолар жуда кўп. Шулардан бири Беш тош тепалигидир. Ривоятларга кўра, бу тепалик атрофида Ҳожи Бектоши валий чўпонлик билан шуғулланганлар. Ул зотни ўғирликда айблаганларида тоғ тарафдан бешта тош думалаб келган ва ҳазратнинг бегуноҳлигига шаҳодат берган эмиш.
Ҳожи Бектоши валий мақбарасидан сал нарида, бир тепаликдан Поклик ғори жойлашган. Бу ғорнинг иккита туйнуги бор. Афсоналарга кўра, бу ғорнинг бир туйнугидан кириб, бошқасидан чиққанлар гуноҳларидан фориғ бўлармиш. Гуноҳлари кечирилмайдиган инсонлар эса, ғорнинг иккинчи туйнугидан сиғмай қолармиш...
Хуллас, бир сўз билан Каппадокияни сир-синоатлар маскани дейиш ҳам мумкин. Албатта биз қисқа вақт мобайнида бу сирли ҳудуднинг барча гўшаларини кезиб чиқа олмаганимиздек, бир неча сатрда уннг таърифу тавсифини келтириш ҳам мумкин эмас....
Рустам Жабборов