Жорий йилнинг 10 июнидан бошлаб намунавий тарзда Андижон вилоятининг туман ва шаҳарларида “Ҳар бир оила – тадбиркор” ҳудудий дастури амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастурини амалга ошириш тўғрисида”ги қарорига кўра, Андижон вилояти ҳокими жорий йилнинг 10 июнига қадар мазкур қарорда кўрсатилган ишчи гуруҳларни тузади.
Ҳудудий дастурда кўзда тутилган вазифаларни молиявий таъминлаш мақсадларига Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси томонидан жалб қилинадиган хорижий молия институтлари кредит линияларидан 200 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағлар ажратилади.
Дастур координаторлари мазкур маблағларни туманлар (шаҳарлар) салоҳияти, келиб тушган мурожаатларнинг асосланганлиги, шакллантирилган лойиҳаларнинг истиқболи ва қўшимча иш ўринлари яратишга йўналтирилганлиги ҳамда ҳақиқий эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда Андижон вилояти тижорат банклари ва туманлар (шаҳарлар) кесимида тақсимлайди ҳамда уларга зарур ҳолларда қайта тақсимлаш ваколати берилади.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ушбу кредит маблағларини Дастур координаторлари тақсимотига асосан Андижон вилоятида фаолият юритувчи тижорат банкларига йиллик 3 фоиз тўлов шарти билан қайта молиялаштиради.
08.06.2018 05:24
“Ҳар бир оила – тадбиркор” Дастури Андижондан бошланади






