АсосийJamiyat

Йиллаб кўз ёшлар тўкилган кўздан бугун қувонч нурлари порламоқда

'Йиллаб кўз ёшлар тўкилган кўздан бугун қувонч нурлари порламоқда'ning rasmi

Бу ё омад, ёки Яратганнинг марҳамати. Балки орамизда мурувватли одамлар кўпайяптими?

30 ёшда бўлсам-да, ҳаётда кўп қийинчиликларни бошимдан кечирдим. Катта орзу-умидлар билан турмуш қурдим. Ўша пайтлари бахтим тўкисдай эди. Бирин-кетин 3 нафар фарзандли ҳам бўлдик.

Болаларимиз туғилганда қувонсак-да, уларни эл қатори боқиб, тарбиялай оламизми, улар бировлардан кам бўлиб қолмасмикин, деган хавотирга ҳам тушардик. Негаки, дадасининг ҳам, менинг ҳам на маълумотимиз, на бир ҳунаримиз бор. Бунинг устига, туғма юрак пороги бўлган турмуш ўртоғимнинг аҳволи кундан кун ёмонлашиб бораверди.

32313893_1021052324714424_3882237560377835520_n.jpg

Мана 5 йилдирки, асосий вақтимиз шифохоналарда ўтади, дориларнинг кучи билан бироз соғайгандек бўлади. Болалар уйда кекса, дардманд қайнотам қарамоғида. Улар нима еб, нима ичишяпти? Кийим-кечаклари тозами? Ташвишланаман. Қариндошлар эса узоқда.

Шифокорлар хулосасига кўра, турмуш ўртоғимнинг юраги қанча тез операция қилинса, шунча яхши, акс ҳолда аҳволи оғирлашиб бораверар экан.

Қиш яқинлашаверса, ташвишга тушиб қоламан. Уйимиз совуқ, камига томларидан чакка ўтади. Рўзғоримиз, еб ичишимиз ҳам шунга яраша. Қаҳратонда болаларимни асрашни, турмуш ўртоғимнинг дардларига дармон бўлишни, биз билан бирга яшайдиган қайнотамнинг хизматларини қилишни чин кўнгилдан хоҳлайман. Эримнинг аҳволи яхши томонга ўнгланмади. Болаларимнинг томоғидан кечиб, рўзғор кам-кўстини бир четга суриб, дадасига дори оламиз. У киши соғайиб кетса, ҳаммаси яхши бўлади, деб умид қилишдан чарчамайман.

32283687_1021052188047771_658439385787662336_n.jpg

Аҳвол мушкуллашаверди, хўжайинимнинг 206 минг сўмлик нафақаси ва маҳалладан бериладиган болалар пули ҳеч нарсага етмагач, ҳовлимизнинг тенг ярмини сотишга ҳам мажбур бўлдик. 5 йил давомида жуда кўп ташкилотларга мурожаат қилдик. Ҳеч бўлмаганда, дадасининг ногиронлигини иккинчидан 1-гуруҳга ўтказиб беришларини илтимос қилиб, ёзган мурожаатларимиз эътиборга олинмади. Яшаш керак. Фарзандларимиз катта бўлишяпти, рўзғор ташвишларимиз ҳам ортяпти...

Орзу-умидларим бирин-кетин сўна бошлаган пайтларда “Истеъмолчилар” деган ташкилот борлигини (Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Самарқанд вилоят ҳудудий бирлашмаси), улар бизга ёрдам бермоқчи эканликларини эшитганимда ишонмадим. Уларга ҳеч мурожаат қилмагандим-да. Бир куни аёл киши келди. У шу ташкилотнинг раҳбари Инобат опа Ҳасанова экан. Уйимизни замонавий қилиб, қайтадан қуриб беришларини айтишди. Уларда “Обод хонадон – юрт кўрки” лойиҳаси доирасида ҳар бир вилоятда биттадан кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг уйлари қайтадан қуриб берилаётган экан. Самарқанд вилоятидан бизни танлашибди. Бу ё омад, ёки Яратганнинг марҳаматими... Ёки орамизда инсофли, мурувватли ва диёнатли кишилар кўпайяптими? Билмадим...

32411197_1021052271381096_3521309021585801216_n (1).jpg

Уйимиз шаҳар марказидан анча олисда. Пастдарғом туманининг Қорағуппа қишлоғи. Бироз вақтдан кейин эса, Тошкентдан меҳмонлар келди. Инобат опа “Сизнинг оилангиз билан танишиш учун федерациямиз раиси (Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси) Жаҳонгир ака Саримсоқовнинг шахсан ўзлари келадилар, деганди. Рост экан. Пойтахтдан бундай нуфузли меҳмонларнинг бизникига келиши шов-шув бўлиб кетди. Ўша куни маҳалламизда тўй ҳам бўлаётган эди-да. Жуда тез кунларда ҳовлимизда катта қурилишлар бошланди.

Умримда телевизорга чиқмаганман. Бу орада телевидениедан ҳам келиб, ҳаммасини суратга олиб кетишди. Мен ҳам гапирдим, йиғлаб-йиғлаб. Юрагимда сақлаб юрганларимни тўкиб солдим.

Уйимизнинг деярли ҳамма жойи таъмирталаб эди. Эски деворлар босиб қолай, дейди... томи, эшик-деразалари, дарвозахона. Опанинг ўзлари ҳар куни келиб, ишлар қандай кетаётгани билан танишади. Усталарга йўл-йўриқлар кўрсатади, орада менинг ҳам кўнглимни кўтаришга вақт топадилар. Яна у кишининг ёрдами билан турмуш ўртоғимга 1-гуруҳ ногиронлигини ҳам олди.

Яна ҳам қувончлиси, бу ташкилот мутасаддилари турмуш ўртоғимнинг Тошкентда бўладиган юрак жарроҳлиги амалиёти учун ҳам ёрдам берадиган бўлишди. Юқорига хат жўнатилибди, жавоби келиши билан бизга хабар қилишаркан. Ҳаётимдаги энг катта муаммоларим бирин-кетин ҳал бўляпти.

Келажакка ишонаман, ҳар бир куним учун шукр қиламан. Яқинларим, маҳалладошларим, бутун қишлоғимиз бу яхши ишлардан хабардор. Муҳими, фарзандларим яхшилик қандай бўлишини юракдан ҳис қилиб улғайишмоқда. Буларнинг барчаси учун миннатдорман!

Наргиза Қувонованинг сўзларини Г.Бердиёрова оққа кўчирди.

ЎзА

    Бошқа янгиликлар