Жорий йил 14 июнда Россия ҳукумати мамлакатнинг пенсия ислоҳотлари концепциясини тасдиқлайди. Янги тартибга кўра амалдаги кексалик нафақасига чиқиш ёш параметри ( айни вақтда россиялик эркаклар 60, аёллар 55 ёшдан кексалик нафақасига чиқиши мумкин) ўзгаради.
Қайд этилишича, Россия ҳукумати томонидан тасдиқланадиган пенсия ислоҳатлари концепциясига мувофиқ, мамлакатнинг эркак фуқароси 65, аёл фуқароси 63 ёшдан кексалик нафақасига чиқарилади. Аммо, пенсия ёши параметри аёллар учун 60 ёш бўлиши мумкин, деган эҳтимол ҳам йўқ эмас.
Таъкидланишича, Россия ҳукуматининг пенсия тизимини ўзгартиришга оид таклифи мажмуавий характерга эга. Ва яна бир тахминга кўра, ҳарбийлар, оғир иқлим шароитида меҳнат қилувчилар, тиббий хизматчилар каби баъзи тоифалар учун амалдаги имтиёзлар сақланиб қолади.
Солиштириш учун: Бугунги кунда пенсия ёши Ўзбекистон Республикасида нафақат Европа, Америка, Осиё мамлакатлари орасида, балки МДҲ давлатлари ичида ҳам энг кичик ҳисобланиб, муддатидан аввал пенсияга чиқиш ҳуқуқини ҳисобга олган ҳолда, ўртача эркакларда 58 ва аёлларда 53 ёшни ташкил этади.






