Фитр садақаси аслий ва зарурий эҳтиёжларидан ортган моли нисобга етган ҳар бир озод мусулмонга вожиб бўлади. Имом Шофеъийга кўра фитр садақасини адо этиш фарздир. У киши фитр садақаси ҳақида ворид бўлган ҳадиси шарифдаги "фараза Расулуллоҳи соллаллоҳу алайҳи ва саллама закаата-л-фитри..." (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам фитр закотини фарз қилдилар, белгиладилар) сўзининг зоҳирига кўра шундай деганлар. Бироқ, Имом Шофеъийнинг фитр садақаси ҳукми борасидаги "фарз!" деган сўзлари бу ўринда ҳанафий мазҳабимиздаги "вожиб" сўзига муқобил келади. Зеро, шофеъийларга кўра ҳам фитр садақасини инкор қилган киши кофирга ҳукм қилинмайди. Чунки, мазкур молий ибодат занний далил орқали собит бўлган. Уламоларимиз, ҳадиси шарифда келган "фараза" сўзини "миқдорини белгилаш" маъносида таъвил қиладилар. Бошқа бир таъвилга кўра, эса "фараза" сўзи "фарз қилди" маъносида бўлса ҳам у мазкур сўзни Набий алайҳиссаломдан бевосита эшитган кишилар ҳаққида фарздир. Чунки, у одам учун бу ҳадис қатъий билим ва далолатни тақозо этади. Аммо, бошқалар ҳаққида заннийлигича қолади.
Фитр садақаси қудрати мумаккина (имкон яратувчи қодирлик) орқали собит бўлади. Яъни, аслий ҳожатларидан ортган моли нисобга етган бўлса, унинг ҳаққида бу молиявий ибодат вожибга айланади ва то адо этгунча молига талафот етса ҳам мазкур вожиблик соқит бўлмайди. Закот каби орада бир қамарий йил ўтса ҳам камаймай туриши шарт қилинмайди. Чунки, закот қудрати муяссира, яъни мазкур амални осонлаштирувчи, осон қилувчи қодирлик орқали фарз бўлади.
Фитр садақасининг миқдори жон бошидан ярим соъ буғдой ва унинг маҳсулотларидан масалан, ун, талқон ва ҳоказодан ярим соъ миқдорда чиқарилади. Аммо, арпа, хурмо (тамр) ва майиздан бир соъ миқдорида чиқарилади.
Аслида ҳадиси шарифларда ярим соъ деган миқдор ишлатилмаган. Лекин, Набий алайҳиссалом даврларида Мадинада буғдой кўп эмасди. Одамларнинг емиши асосан арпа ва юқорида зикр этилган егулик турларидан эди.
Аммо, Муовия разияллоҳу анҳу даврига келиб, Ислом ўлкаларида буғдой кўпайиб кетгач, саҳобалар буғдойнинг ярим соъ миқдори арпанинг бир соъига тўғри келади, деган тўхтамга келадилар. Ва буни Муовия разияллоҳу анҳу тасдиқлайди. Шу тариқа буғдой ва унинг маҳсулотларидан бериладиган фитр садақаси миқдори ярим соъ миқдорида қилиб белгиланади. Бу саҳобаларнинг ижмоъси бўлганлигидан эътиборли ҳукмга айланди.
Соъ бу қадимда озиқ-овқат миқдорини ўлчаш учун ишлатилган идиш бўлиб, фиқҳий мазҳаблар унинг килограммдаги ўлчовини белгилашда турли хил йўл тутганлар.
Қадимда ўлчов бирликлари ўта мураккаб ва ноқулай бўлган. Килограмм тизими каби осон ва қулай бўлмаган. Турли хил идишлар ясаб, уларнинг ҳар бирига ном бериб, ишлатганлар. Улардаги ягона қулайлик шу бўлганки, катта ўлчов бирлиги ўзидан кичикроқ ўлчов бирлиги бўлган идишнинг аниқ бир жуфт сонидан иборат бўлган. Масалан, бир соъ тўрт мудд, бир мудд эса икки ратл ва ҳоказо.
Аммо, улардаги яна бир ноқулайлик, мазкур ўлчов бирликлари номи бир бўлса ҳам, турли жойларда ҳажми турлича бўлган. Айнан шунинг учун ҳам уларнинг килограм тизимидаги миқдорини белгилашда мазҳаблар ўртасида тафовут юзага келган.
Хуллас калом, соъни замонавий ўлчов бирликларига нақл қилишда ҳанафий мазҳабининг ўлчови энг юқори ўлчов ҳисобланади. Унга кўра, бир соъ тўрт мудддан иборат. Тўрт мудд эса саккиз ратл.
Ҳанафий мазҳабимизга кўра, бир мудд 1072 граммдан иборат. Шунга биноан соънинг ҳанафий мазҳабидаги миқдори қуйидагича бўлади: 4 мудд x 1072 гр = 4288 грамм. Демак, бир соънинг миқдори 4 килограмм 288 граммни ташкил этади.
Ярим соъ эса 2 килограмм 144 граммдан иборат. Фитр садақасининг буғдой ва унинг маҳсулотидан бериладиган миқдори шунча. Аммо, шайх АбдулҲамид Маҳмуд Таҳмознинг "Ал-фиқҳ ал-ҳанафий фий савбиҳил жадид" китобида ярим соъ тахминан икки килограму 250 грам миқдорида белгиланган. Бунда эса юқоридаги миқдордан тахминан 100 грамм фарқ қиляпти.
Демак, буғдой ва ундан фитр садақа ажратмоқчи бўлганлар юқоридаги миқдордан келиб чиқишлари керак.
Аммо, хурмо, майиз, пишлоқ, арпа каби нарсалардан эса том бир соъ миқдорида фитр закоти чиқарилади. Мазкур нарсалардан жон бошидан 4 килограму 288 грамм миқдорида бериш керак.
Фитр садақасини мазҳабимизда юқоридаги маҳсулотларнинг бозордаги қиймати бўйича ҳам бериш жоиз. Бугунги кунда ҳатто бу афзал ҳамдир. Чунки, замонамизга келиб, бойлик ва фақирлик тушунчаси ҳам жуда ўзгариб кетди. Одамлар қадимда буғдойлари бўлса, қўлбола тегирмонларида янчиб, нон қилиб кунларини ўтказаверганлар. Ҳаёт осон ва содда бўлган. Ҳозир эса нафақат таомланиш ва қорин тўйиши, балки, умуман кўп нарса учун пул бирламчи ўринни эгаллаган даврда яшаяпмиз. Инсон фақир ва муҳтож бўлиши аммо уйида ейдиган нарсаси етарли бўлиши мумкин.
Фақиҳларимиз ҳам шу нарсани ҳисобга олиб, осончилик ва кенгчилик пайтида фитр садақасининг қийматини берган афзал, очарчилик ва қаҳатчилик даврида эса егуликда берган афзал дейганлар.
Шунга кўра, бугунги кунда фитр садақасининг қиймати берилиши афзалроқ. Чунки, шунда эътиёжманд киши қўлига тушган пулни ўзи билиб, ўзи энг зарурий деб ҳисоблаган эҳтиёжига сарфлайди.
Юқорида фитр садақаси бериладиган егуликлар борасида ҳадиси шарифлар ва саҳобалардан нақл этилган нарсалар тилга олинди. У ҳам бўлса, буғдой, арпа, хурмо, майиз ва пишлоқдир. Мана шу нарсалар мусулмон ўлкаларда қадимда асосий емак тури бўлган. Аммо, ҳозир асосий емак турлари, рўзғор маҳсулотларининг тури жуда кўпайиб кетди. Мисол учун, бугун уйга рўзғор қилсангиз, ун, нон, ёғ, макарон, гуруч, мош, тухум ва бошқа нарсалардан харид қиласиз. Хўш, шу нарслардан фитр садақаси берса бўладими(?), агар бўлса, миқдори қанча бўлади(?), деган ҳақли ва ўринли савол туғилади. Бунга жавоб шуки, насс билан собит бўлмаган яъни, ҳадисларда тилга олинмаган егулик турларидан ҳукман берса бўлади. Яъни, уларнинг ўзи эмас, балки, қиймати берилиши мумкин. Масалан, маккажўхори, гуруч, мош, нон маҳсулотлари каби нарсалардан фитр садқа чиқармоқчи бўлса, уларнинг миқдорини пулга чақиб беради.
Фитр садақасининг энг оз миқдордагисидан бериш жоиз. Яъни, 2 килограм 144 грам буғдойнинг қиймати назарда туилмоқда. Аммо, имкон бўлса, хурмо, майиз ва пишлоқнинг бир соъ миқдорини пулга ўгириб берсалар, нур устига нур бўлади.
Алишер СУЛТОНХЎЖАЕВ
azon.uzдан олинди