6 июнь куни Учкўприк туманида Фарғона вилояти судлари ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Фарғона вилоят Кенгаши ўртасида имзоланган Меморандумга мувофиқ “Суд ва ёшлар” учрашуви ўтказилди.
Ўтказилган учрашувда жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят судининг раиси Мирзажонов Муроджон Кодирович, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Фарғона вилоят Кенгаши раиси Акбаров Ахаджон Иброҳимович, жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят судининг судяси Халикназарова Дилноза Анваровна, Учкўприк туман судининг раиси Мирзажонов Нодирбек Рустамович, Бувайда туман судининг раиси Ғаниев Фарҳоджон Боқижонович ва шу суд судьяси Меҳмоналиев Умиджон Ғайратович, Қўқон шаҳар судининг судьяси Эшматов Шерзод Намозовичлар иштирок этишди.
Шунингдек, учрашувда иттифоқнинг Қўқон шаҳар, Боғдод, Бувайда, Риштон, Олтиариқ, Учкўприк, Ўзбекистон туман Кенгаши раислари, ушбу ҳудудлардан ташриф буюрган фаол ёшлар, фидоий етакчилар, ота-оналар ҳамда ОАВ вакиллари қатнашди.

“Суд ва ёшлар учрашуви”да судьялар томонидан ёшлар ўртасида содир этилаётган жиноятлар таҳлили, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг келиб чиқиш сабаблари кўрсатилиб, уларни олдини олиш чоралари юзасидан маърузалар қилинди. Бу борада айниқса уюшмаган ёшлар ўртасидаги тарғибот ва ташвиқот ишларини янада кучайтириш лозимлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Очиқ мулоқот тарзида ўтказилган учрашув давомида ёшлар томонидан берилган саволларга, ёшларнинг ҳуқуқий масалалардаги муаммолари юзасидан берилган саволларга судьялар томонидан атрофлича тушунтириш берилди.
Бундан ташқари учрашув мобайнида ўз йўлидан адашиб жиноят содир этган 4 нафар ёшларга оид жиноят иши Бувайда туман судининг раиси Ф.Ғаниев томонидан сайёр суд мажлисида кўриб чиқилди ва ёшларнинг гувоҳлигида уларга нисбатан ҳукм ўқиб эшиттирилди.

Суд томонидан босқинчилик жиноятини содир этган 4 нафар ёшларга жазо тайинлашда уларнинг муқаддам судланмаганлиги, ёшлиги, айбига тўлиқ иқрор ва қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, жабрланувчининг уларга нисбатан ҳеч қандай даъвоси йўқлиги, оилавий шароити ҳамда Ёшлар иттифоқи Учкўприк туман кенгашининг кафиллиги инобатга олиниб, уларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланди ва суд залидан қамоқдан озод қилинди. Жазо тайинлашда қонуний енгиллик берилиши сўралди ва уларни ёшлар иттифоқи кафиллигига олинди.

Суд томонидан адолатли суд қарори қабул қилиниб, фарзандларини ёшлар иттифоқи кафиллигини инобатга олган ҳолда суд залидан озод этилиб, уларга яна бир бор имкон берилишидан уларнинг ота-оналари, яқин қариндошлари кўз ёшларини яшира олишмади. Фарзандлари тақдирига бефарқ бўлмасдан уларни мунтазам назоратга олиб, мамлакатимиз равнақига муносиб ҳисса қўшадиган фарзанд қилиб тарбиялашга кенг жамоатчилик олдида вада беришди ҳамда “бир умр Президентимиз ва ҳалқимиздан қарздормиз дея” ичларидаги туғённи билдириб ўтишди.
Шу билан бирга ота-оналар бугунги кунда судларда адолат қарор топаётганлигини, Ёшлар иттифоқи ёшларнинг чинакам таянчи ва суяни бўлаётганлигиниэътироф этишди.






