1

Али ҲАМРОЕВ: “XXI аср “Ёр-ёр”ини суратга оламан!”

ШОУ-БИЗНЕС 09.08.2014, 11:54
Али ҲАМРОЕВ: “XXI аср “Ёр-ёр”ини суратга оламан!”

Халқимизнинг севимли кинокомедияларидан бири бўлмиш “Ёр-ёр” фильмининг суратга олинганига 50 йил тўлди. Фильм умрбоқийлигининг сири унинг бақувват адабий асосида. Кинокартинани санъатни севадиган режиссёр Али ҲАМРОЕВ суратга олган. Айнан “Даракчи” газетаси учун Али Ҳамроев эксклюзив интервью берди. Ҳозирги пайтда режиссёр Мос­квада истиқомат қилади. Лекин ижоди Ўзбекистон билан боғлиқ...

— Али ака, “Ёр-ёр” фильмининг ғояси қандай туғилган?

—1964 йилнинг март-апрель ойларида “Ўзбекфильм” киностудияси раҳбарияти яхши бир комедия суратга олиш вазифасини топширган. Кулги-юморга бой мусиқали комедия юртимизнинг гўзал манзаралари, ўзбек халқининг феъл-атвори акс этган фильм бўлиши керак эди. Москвадаги кинематография институтини битириб келиб, драматик талқиндаги фильмларни суратга олиш ниятида ижодга шўнғиган пайтим эди. Сценарийни ёзувчи Раҳмат Файзий билан бирга ёзадиган бўлдик. Раҳмат акага сценарий ёзишда ёш сценарийнавис Оделша Аишев ёрдам берадиган бўлди. Деталь деталга, воқеа воқеага уланиб, сценарий ёзилаверди. Раҳмат ака мавзуни ўртага ташлаб, уйқуга равона бўларди. Оделша Аишев билан икковимиз эса тун бўйи сюжет линиясини ёзиб чиқамиз. Эрталаб тун бўйи ёзганларимизни Раҳмат акага ўқиб берамиз. Устоз сценарийни сайқаллаб, меъ­ё­рига етказарди. Икки ҳафтада сценарий тайёр бўлди. Ўғил уйлантириш можароси бўлғуси фильмимизга мавзу қилиб олинди. Оделша қизни телевизорда кўриб қолиш саҳнасини, носвойга манзил ёзилган қоғозни қопқоқ қилиш эпизодларини ўйлаб топди. Фильмнинг номини ҳам Раҳмат ака қўйиб берган.

— Актёрлар ансамбли қандай жамланди? Нима учун бош ролга айнан Сойиб Хўжаев таклиф этилди?

— Ўша пайтда Муқимий номидаги мусиқали драма театрида “Тошболта ошиқ” спектакли анш­лаг эди. Сойиб акани шу спектаклда кўриб, “Ёр-ёр”га таклиф этдим. Ота ролида бошқа актёрни тасаввур этиш қийин эди. Ўғил роли номзодига режиссёр Элёр Эшмуҳаммедовнинг “Учрашув” фильмида суратга тушган ёш актёр Бахтиёр Ихтиёровда тўхталдик. “Ёр-ёр” фильмига таклиф қилганимиздан Бахтиёр беҳад хурсанд бўлган. Со­йиб Хўжаев Фарғонадаги чойхонада ўтириб, шундай ажойиб қочирим гапларни ўйлаб топардики, улар шак-шубҳасиз фильмдан ўрин олган. Суратга олиш жараёнида ўзбек халқининг файзли гап-сўзлари, ҳазил-мутойиба, қочиримлари импровизация натижасида сюжетга киритилган. Актёрларни номма-ном санайдиган бўлсак, ҳар бири бир дунё. Сойиб Хўжаев, Раззоқ Ҳамроев, Ҳамза Умаров, Шукур Бурҳонов, Турсуной Жаъфарова, Ғани Аъзамов, Олим Хўжаев, Раҳим Пирмуҳаммедов... Ҳар бир санъаткор ўз ижодий имконияти, маҳорати, жозибасини фильмда ажойиб тарзда намоён қилган. Ҳар бир образ халқдан олиниб, сайқалланиб, экранга олиб чиқилди. “Ёр-ёр”даги кичкинагина эпизодга Шукур Бурҳоновни таклиф қилганимда, бетоблигини рўкач қилган. Съёмкани Шукур аканинг уйлари атрофида қиладиган бўлдик. Актёр съёмкага пижама ва тапочкада тўғри уйидан чиққан. Дарҳол эгнига милиция полковниги мудири либосини кийдирдик, мўйлов ёпиштирдик. Шу тарзда фильмнинг энг қизиқарли эпизодларидан бири Шукур Бурҳонов билан олинди. Бир пайт актёр Олим Хўжаев ёнимга келиб, “Бу дейман, ҳамма артистларни чақирибсан комедиянгга”, деб қолди. Шунда “Ёр-ёр”да катта роль қолмаганини важ қилганман. Олим ака кичкинагина эпизодда ҳам ўйнашга рози эканлигини айтди. Шу куниёқ халқ артистимизни аэропортга олиб бориб, парашютистлар бошлиғи ролида ўйнатдим.

— Комедиянинг ҳар бир эпизоди ёд бўлиб кетган. Ота-боланинг сувда сузиб кетиш саҳнаси, машинанинг юриб кетиши, Сойиб аканинг эртак айтиб бериш эпизоди. Бу саҳналар сценарийда бормиди ё съёмка жараёнида ўйлаб топилдими?

— Сценарийда бўлган, фақат съёмка жараёнида бойитилган. Кинода импровизация бўлиши табиий.

— “Ёр-ёр”нинг премьераси қандай бўлган?

— Кинокомедиянинг сценарийси баҳорда ёзилиб, суратга олиш ишлари ёз фаслида давом этган. Премьера эса кузда бўлиб ўтган. Фильмнинг илк намойиши жуда катта байрамга айланган. Ҳамма актёрлар саҳнага чиқишган эди. Ҳеч ким “Ёр-ёр” комедияси шу даражада шуҳрат қозонади, деб ўйламаганди. Фильм 40 кун давомида 10 та сеанс­дан намойиш этилса-да, бир ой кейинга ҳам чипталар сотиб бўлинганди. “Ёр-ёр”нинг довруғи бутун Ўзбекистонга таралди.

— Эшитишимизча, “Ёр-ёр”нинг давомини олиш ниятида экансиз...

— 50 йилдан бери фильмнинг давомини олиш истагида бўлганман. Лекин бу истагим амалга ошмади. Мана энди Со­йиб ака, Шукур ака йўқ. Бахтиёр худди Со­йиб акага ўхшаб мўйсафид бўлди, ҳозир бетоб экан. Ўйлаб қарасам, фильм­нинг давомини эмас, янгича талқинини суратга олиш мақсадга мувофиқ бўлади. “Ёр-ёр”нинг давомида Сойиб ака талқин этган қариянинг набиралари ҳаётини кўрсатамизми? “Ёр-ёр”нинг янги талқинида тўй можаролари бугунги кунимизда бўлиб ўтади. Айнан ўша сюжет, ўша қаҳрамонлар, ўша-ўша воқеликлар. Фақат 50 йилдан кейинги муҳитда. “XXI асрнинг “Ёр-ёр”и, мана янги фильмнинг номи. Тўй мавзуси бугун ҳам долзарб. Ота-бола можаролари, ўғил уйлантириш муаммоси бугун ҳам бор. Дўстим Оделша Аишев билан бу лойиҳа устида ишлаяпмиз.

Ўзимизнинг қадрдон “Ёр-ёр” комедиясининг 50 йиллик юбиле­йини 2014 йилнинг октябрь ойида Тошкентда нишонламоқчимиз. Бу сафар саҳнага ҳаётда қолган актёрларимиз чиқишади. Минг афсуски, уларнинг сони жуда ҳам кам. Бу фильм ижодий фао­­лиятимда алоҳида ўрин эгаллаган. “Ёр-ёр” неча-неча авлод томошабинларининг севимли комедиясига айланиб қолганидан бахтиёрман!

Дарҳақиқат, Али Ҳамроев раҳматли отам кинооператор Турди Нодировнинг дўсти сифатида мени “Ёр-ёр” фильмида тасвирга туширган. Ўшанда 3 ёшли қизалоқ эдим. Эсингизда бўлса, фильмда том устида раққоса Гулнора Маваеванинг рақсга тушаётган саҳнаси бор. Томнинг четида нуроний бир чолнинг тиззасида бантик таққан қизча ўтирибди. Кулиб ўтиришим керак бўлган жойда қариядан бегонасираб йиғлабман. Бу кадрлар фильм­га муҳрланиб қолган. Шундай қилиб, “Ёр-ёр” комедия­­си менинг ҳам ҳаётимнинг бир саҳифасига айланиб қолган. “Ёр-ёр”нинг юбилейида сени ҳам саҳнага чиқараман”, деб ният қилди Али ака.

Феруза НОДИРОВА суҳбатлашди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1