Россиянинг шимолий пойтахти номини олган Санкт-Петербургнинг Кронверк проспектида, Приморский метро бекати яқинида жойлашган мовий гумбазлари ва миноралари кўкка қадалган шарқона меъморий обидани кўрган ҳар бир ўзбекистонлик меҳмон беихтиёр ҳайратга тушади. Самарқанду Бухородаги сингари тарихий обидаларни ёдга солувчи бу иншоот қачон ва нима мақсадда қурилган? Уни ким қурган? Нега у айнан бизнинг боболаримиз қурган иморатларни ёдга солади? Келинг, шу саволларга бир бошдан жавоб беришга уриниб кўрамиз.
Бу шарқона услубдаги гўзал бино 2008 йилгача Санкт-Петербургдаги ягона, дунёнинг энг шимолий нуқтадаги масжиди деб қаралган. Унинг мовий гумбази ва миноралари Нева дарёси соҳилидан ҳам бемалол кўриниб туради. Янада ҳайратланарлиси, бу гумбаз Самарқанддаги Амир Темур мақбарасининг гумбази билан деярли бир хил. Бу ўхшашлик ҳам бежиз эмас, албатта.
Маълумки XIX асрнинг охирларига келиб, шаҳарда мусулмонлар сони анча ортган бўлса-да, шаҳарда бирорта масжид бўлмаган. Шу боис, улар маблағ тўплашга киришишади. Бироқ шаҳардаги айрим амалдорлар бу ишга жиддий қаршилик кўрсатишади. Зарур маблағ тезликда йиғилавермайди. Тўпланган пул ҳатто масжид қурилиши учун ер сотиб олишга ҳам етмайди.
Ана шундай пайтда Петербург билан яқин алоқалар ўрнатишга уриниб келган Бухоро амири Сайид Абдулаҳадхон бундан хабар топади ва ўз хазинасидан масжид қурилиши учун ер сотиб олишга катта миқдорда маблағ ажратади. Шу тариқа, масжид қурилиши бошланади. 1910 йил 3 февраль куни шахсан Амир Абдулаҳадхон иштирокида масжиднинг биринчи ғишти қўйилади. Аммо масжид ишга туширилган кунни кўриш амирга насиб этмайди. У 1910 йилнинг 26 ноябрида оламдан ўтади. Масжид қурилиши эса тўхтамайди. 1913 йилнинг 22 февралида масжид тантанали очилади. Унда отасининг ўрнига тахтга ўтирган ҳукмдор, Бухоронинг сўнгги амири Саид Олимхон билан бирга Хива хони Асфандиёрхон ҳам иштирок этган.Қизиғи шундаки, бугунги мамлакатимиз ҳудудидан жой олганикки қўшни давлат ҳукмдорлари фақат ана шу воқеа муносабати билан, айнан Петербургда учрашишган экан.
Масжид ўзининг бир асрдан кўпроқ тарихи давомида кўплаб нохуш воқеаларни бошидан кечирди. Совет даврининг даҳриёна сиёсати ҳукм сурган йилларда шаҳар ижроия ҳокимяти қарори билан масжид ёпиб қўйилади.
Ўтган асрнинг олтмишинчи йилларида Инденезия Президенти Доктор Аҳмад Сукарно Санкт-Петербургга қилган ташрифи асносида яқин атрофдаги катта йўлдан кетаётиб, масжид гумбази ва минораларини кўриб қолади. “Бу ерда масжид кўрдим, мени ўша ерга олиб боринглар”, деб илтимос қилади. Аммо совет расмийлари олий мартабали меҳмонни бу қутлуғ даргоҳга олиб боришмайди. Бундан ранжиган меҳмон фақат энг зарур учрашувларнигина ўтказиб, дарҳол Москвага қайтади. “Сизга Ленинград ёқдими?” деб сўрашганида, “мен бу шаҳарни кўрганим йўқ”, дея мужмал жавоб қайтариб, ватанига қайтиб кетган экан.
Шаҳар мусулмонларининг қайта-қайта мурожаатларидан сўнг 1974 йилда масжид уларга қайтариб берилади. Жоме масжиди ўтган давр мобайнида бир неча бор таъмирланади. Бугунги кунда ушбу гўзал иншоот Санкт-Петербургнинг ноёб тарихий обидаларидан бири сифатида давлат ҳимоясига олинган.
Хабарингиз бор, бу шаҳарда 6-8 июнь кунлари Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари Миллий ассоциацияси бир қатор давлат жамоат ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда “Ўзбекистон маданий мероси – халқлар ва маданиятлар ўртасида мулоқотга йўл” Иккинчи Халқаро Конгрессини ўтказди. Мазкур Конгресс доирасидаги тадбирлар, учрашувлар, мунозаралар миллий ва халқаро оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиб борилди. Конгресс дастуридан ўрин олган хайрли тадбирлардан бири анжуман иштирокчиларининг Санкт-Петербург жоме масжидига ташрифи бўлди.
Меҳмонларни Санкт-Петербург ва Россиянинг шимоли-ғарбий ҳудуди мусулмонлари идораси раиси, мазкур масжиднинг имом хатиби Равил ҳазрат Панчеев кутиб олди. Мазкур масжиднинг яратилиши тарихи ҳақида ҳикоя қилиб берди.
— Ўзбекистон мен учун жуда азиз ва мукаррам замин, – деди Равил ҳазрат Панчеев. — Чунки бу қадим юртда динимиз ривожи учун хизмат қилган жуда кўп буюк зотлар, олиму алломалар етишиб чиққан. Марҳум отам, Россияниг машҳур уламоларидан бўлган Жаъфар ҳазрат Панчеев аввал Бухородаги Мир Араб мадрасасида, кейин Тошкент ислом университетида Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф биланбирга таҳсил олганлар. Ҳар гал Ўзбекистонга борсам, у ердан аллақандай илоҳий куч-қудрат, нур, илҳом олиб қайтаман. Бу гал ҳам шаҳримизда Ўзбекистон маданий меросига бағишланган йирик анжуман ўтаётганидан жуда мамнунман. Чунки бу улкан маънавий мерос наинкиЎзбекистон, балки барча мусулмонларнинг ҳамфахру ифтихоридир.
Ҳазратнинг айтишича, жоме ўз бағрига 3500 дан ортиқ намозхонни сиғдира олади. Аммо жума ва ҳайит намозларида масжиднинг ҳовлиси тўлиб, унинг атрофи ҳам намозхонлар билан тўлиб кетади. Ўша пайтларда атрофдаги кўчалар бир неча соат ёпилади. Масжидга келувчиларнинг этник таркибида ўзбеклар биринчи ўринда туради. Шу боис бўлса керак, ҳазратнинг татарча лаҳжада ўзбек тилида равон гапириши бизни ҳайратга солди.
Масжиднинг иккинчи қаватида аёллар ҳам намоз ўқиши мумкин. Намозгоҳ шифтида Абу Бакр Сиддиқ, Умар ибн Хаттоб, Усмон ибн аффон, Али ибн Абу Толиб ва ул зотнинг икки ўғиллари имом Ҳасан ва имом Ҳусайнларнинг муборак исмлари битилган. Меҳробда Оят ал-курсий сулс хатида акс эттирилган.
Ташриф асносида Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари ассоциацияси раиси Фирдавс Абдухолиқов VIII асрга мансуб “Катта Лангар Қуръони”нинг замонавий полиграфия услубида чиқарилган факсимиле нусхаси ва “Ўзбекистон обидаларидаги битиклар” туркумидан чиқарилган китоб альбомларни жомеъ-масжидига топширди.