Мажбурий ижро бюроси хизмати йўлга қўйилгандан буён Қорақалпоғистон Республикасида электр энергияси, табиий газ ва ичимлик сувидан жами 559 миллиард сўм, ижро ҳужжатлари бўйича 782 миллиард сўм, 11 ой якунига кўра, жами 1 триллион 341 миллиард сўм ундирилган.
Бу ҳақида Нукус шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси томонидан ўтказилган йиғилишда маълум қилинди, деб хабар бермоқда ЎзА.
Тадбирда мажбурий ижро бюроси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси, туман ва шаҳар бўлимлари томонидан бугунги кунга қадар амалга оширилган ишлар ҳар томонлома таҳлил қилиниб, табиий газ, электр энергияси ва ичимлик суви бўйича қарздорликни ундириш ҳолати, суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг ижро этилиши жараёни танқидий муҳокама қилинди.
Соҳада йўл қўйилаётган камчиликларни бартараф этиш бўйича ўз вақтида чоралар кўриш, бюро ходимларининг тартиб-интизомга риоя этиши, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш масалалари, берилган топшириқларнинг сўзсиз ижроси бўйича вазифалар белгиланди.
Тадбирда бюро тизимига илк бор ишга қабул қилинган 39 нафар ходимнинг қасамёд қабул қилиш маросими ўтказилди. Ўз хизмат вазифасига масъулият билан ёндашаётган фидойи ва талабчан 12 нафар ходимга бир маротаба бериладиган пул мукофоти, 20 нафар ходимга Бошқарма бошлиғининг ташаккурномаси топширилди.