АсосийJamiyat

Термизда Абай Қўнонбоев ижодига бағишлаб адабий кеча ўтказилди

'Термизда Абай Қўнонбоев ижодига бағишлаб адабий кеча ўтказилди'ning rasmi

Термизда буюк қозоқ шоири ва мутафаккири Абай Қўнонбоев ижодига бағишлаб “Эзгулик ва дўстлик куйчиси” мавзуида адабий кеча ўтказилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Президентимизнинг 2018 йил 13 мартдаги “Буюк қозоқ шоири ва мутафаккири Абай Қўнонбоев ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Адиб Собир Термизий номидаги Сурхондарё вилояти ахборот-кутубхона маркази ҳамда вилоят кўзи ожизлар кутубхонаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда шоир-ёзувчилар, олимлар, адабиёт ихлосмандлари ва талаба-ёшлар иштирок этди.

Ўзбек ва қозоқ халқлари азалдан ён қўшни ва оға-ини бўлиб, аҳил-иноқ яшаб келмоқда. Икки қардош халқ ўртасидаги азалий дўстлик ва адабий алоқалар мустаҳкамлигида Абай ижодининг ўзига хос ўрни бор. Чин инсонийлик, меҳр-оқибат, дўстлик ва тотувлик каби улуғ фазилатлар кенг тараннум этилган асарлари ўзбек китобхонлари томонидан севиб мутолаа қилинмоқда. Буюк мутафаккирнинг қалблардан чуқур жой олган халқона тилдаги “Ўланлари” теран мазмуни ва жозибадорлиги билан китобхонни ўзига мафтун этади.

– Бугунги глобаллашув даврида ёшларимизнинг Абай ижодига катта қизиқиш билдираётгани қувонарлидир, – дейди Адиб Собир Термизий номидаги Сурхондарё вилояти ахборот-кутубхона маркази раҳбари М.Абдушукуров. – Зотан, буюк қозоқ мутафаккирининг халқона услубдаги серқирра ижоди ёшларни Ватанга муҳаббат, азалий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этаётир. Улуғ шоир асарларини тарғиб этишга бағишланган тадбирларда, айниқса, талаба-ёшларнинг фаол иштирок этаётгани бунга яққол мисолдир.

Адабий кечада Термиз давлат университети талабалари шоир шеърларидан ўқиди.

    Бошқа янгиликлар