Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасидан маълум қилишича, жорий йил 20-26 июнь кунлари Фарғона водийсининг тўртта – Наманган, Андижон, Фарғона ва Қўқон шаҳарларида “Open Air – Oltin Vodiy” концертлари бўлиб ўтади.
Ушбу ўзига хос мусиқий лойиҳа "Sothis Aegis" компанияси томонидан амалга оширилмоқда. "Open Air" – дунёнинг кўплаб мамлакатларида оммалашган, бироқ бизнинг минтақамиз учун янги ва ноанъанавий бўлган очиқ осмон остидаги концертни англатади. Бу турли услубдаги мусиқадан баҳраманд бўлиш, табиат ва санъат уйғунлигини ҳис этиш имкониятидир.
Лойиҳадан кўзланган асосий мақсад концертда жаҳон ва ўзбек мумтоз мусиқасининг дурдона асарлари, машҳур ашула ва куйларнинг янги талқинини тақдим этган ҳолда, мумтоз мусиқа ва жонли ижрони қадрловчилар доирасини янада кенгайтиришдир.
"Open Air" концертлари, таниқли ижрочилар билан учрашувлар ҳамда янги истеъдодлар билан танишувлар дегани ҳамдир. Концертларда классик асарлар, машҳур романтик куйлар, опера мусиқаси ва фильмларда ижро этилган куйлар, ноёб рақс композициялари, ҳажвий чиқишлар намойиш этилади, кутилмаган совғалар улашилади.
“Open Air – Oltin Vodiy” концертларида Ўзбекистон миллий симфоник оркестри, таниқли ва ёш санъаткорлар ўз ижоди билан томошабинларни хушнуд этади.
Концертлар Намангандаги Навоий номидаги вилоят мусиқали драма ва комедия театри, Андижондаги “Андижон Регистони” концерт саройи, Фарғонадаги Ислом Каримов номидаги театр-концерт саройи рўпарасидаги ҳамда Қўқондаги Худоёрхон саройи олдидаги майдонда бўлиб ўтади. Саҳналар катта экранлар, зарур ёритиш ускуналари билан жиҳозланади ва кеча мавзусига монанд безатилади.
Концерт дастури тадбирлар ўтказиладиган ҳудудларнинг ўзига хос жиҳатларини ҳисобга олган ҳолда қизиқарли ва ранг-баранг тарзда ишлаб чиқилган. Тадбирда Пётр Чайковскийнинг “Шелкунчик” ва “Лебединое озеро” балетлари, В.А.Моцартнинг “Сеҳрли най” операси, Энмарк Салиховнинг “Умид” асаридан парчалар, “Маҳаллада дув-дув гап”, “Мафтунингман”, “Чинор остидаги дуэль” каби машҳур кинофильмлардан саундтреклар, Ботир Зокиров, Муслим Магомаев репертуаридан қўшиқлар, Шариф Рамазоновнинг “Наманганнинг олмаси” ашулалари янграйди, “Андижон полкаси”, “Хоразм лазгиси” каби халқ рақслари ижро этилади. Ўзбекистон халқ артисти Исмоил Жалилов, таниқли хонанда Хуршид Иноғомов, Ширин Маматова, Оқилбек Пиязов, Дамир Раҳмонов, Милена Матмусаева, Олимбой Каримбоев, Абдулла Ширинов ва “Grand Voice” гуруҳи ўз ижод намуналари билан томошабинларни хушнуд этади.
12.06.2018 21:44
Фарғона водийсида очиқ осмон остида концертлар бўлиб ўтади
