АсосийJamiyat

Андижонда касблар фестивали ўтказилди

'Андижонда касблар фестивали ўтказилди'ning rasmi

Андижон олимпия захиралари коллежида “Касб-ҳунар ва тадбиркорлик билан келажак сари” шиори остида касблар фестивали ўтказилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Вилоят ҳокимлиги, прокуратураси, ички ишлар ва ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармалари ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда иш берувчи корхона-ташкилот ва муассасалар, банк вакиллари, ота-оналар ҳамда вилоятдаги 117 касб-ҳунар коллежининг 3 минг 500 дан ортиқ битирувчиси иштирок этди.

Президентимизнинг шу йил 19-20 май кунлари Андижон вилоятига ташрифи давомида берган топшириқлари ҳамда жорий йил 7 июнда қабул қилинган “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастурини амалга ошириш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш, касб-ҳунар коллежи битирувчиларининг келгуси фаолиятини тадбиркорликка йўналтириш мақсадида ташкил этилган касблар фестивалида мамлакатимизда ёшларнинг пухта билим олиши ва ўзлари танлаган касб-ҳунарни эгаллаши, иқтидор ва салоҳиятини тўлақонли юзага чиқариши учун барча шароитлар яратилгани таъкидланди.

1.jpg

Коллеж битирувчилари томонидан ўзлари эгаллаган 100 дан ортиқ ихтисослик ва касблар бўйича кўргазмалар ташкил этилди. Айниқса, касб-ҳунар коллежлари ўқитувчи ва ўқувчилари томонидан яратилган инновацион қурилмалар, ҳаракатли макетлар ва техника ижодкорлиги маҳсулотлари, энг яхши бизнес-режалар, пайванд-конструкциялар, дурадгорлик ва пол ётқизиш, қурилиш ва пардозлаш ишлари, кулолчилик ҳамда ҳайкалтарошлик йўналишларидаги ижодий ишлар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Фестивалда 2017/2018 ўқув йилидан бошлаб 70 касб-ҳунар коллежида умумтаълим мактабларининг 10-синф ўқувчилари учун ташкил этилган ўқув-ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти, 48 касб бўйича ана шу корхоналарни тамомлаётган ўқувчилар томонидан тайёрланган маҳсулотлар намойиш этилди. Шунингдек, "Андижонда ҳар бир оила тадбиркор" шиори остида тушунтириш ишлари олиб борилди. Корхоналар томонидан битирувчиларга бўш иш ўринлари таклиф этилди, мутахассислар уларга тадбиркорлик фаолиятини бошлаш, имтиёзли кредит олиш тартиби хусусида маълумот берди.

Спортчи ўқувчиларнинг кўргазмали чиқишлари, таълим муассасалари қошидаги бадиий жамоаларнинг дастурлари тадбирга байрамона кайфият бағишлади.

    Бошқа янгиликлар