АсосийJamiyat

Ислом Каримов фонди Анвар қори Турсунов вафоти муносабати билан таъзия билдирди

'Ислом Каримов фонди Анвар қори Турсунов вафоти муносабати билан таъзия билдирди'ning rasmi

Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоат фонди facebook’даги саҳифасида Анвар қори Турсуновнинг вафоти муносабати билан таъзия билдирди ва атоқли уламо ҳаёти ва фаолиятига тўхталди.

"Юртимизнинг атоқли уламоларидан бири саналган Анвар қори Турсунов қарийб 20 йил Тошкент шаҳри бош имом-хатиби вазифасида хизмат қилиб, маънавий-маърифий соҳа равнақига катта ҳисса қўшди. Бу зиёли инсон забардаст уламо сифатида салмоқли диний-маърифий китоблар битди, аҳли сунна вал-жамоа эътиқоди софлигини сақлаш йўлида жонбозлик кўрсатди, Қуръони каримнинг она тилимиздаги илк нашрига (шайх Алоуддин Мансур таржимаси) муҳаррирлик қилди, нуфузли халқаро анжуманларда маърузалар сўзлади; моҳир таржимон сифатида ислом оламидаги машҳур муфассирлардан бири Али ибн Аҳмад Найсобурийнинг “Асбобун нузул” (Оятларнинг нозил бўлиш сабаблари) сингари мўътабар китобларни ўзбек тилига ўгирди; моҳир воиз сифатида сермазмун мавъизалари билан минглаб юртдошларимиз қалбидан ўрин олди; зукко адабиётшунос сифатида навоийшунослик ва тасаввуф илми ҳақида ўнлаб мақолалар ёзди.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ҳам Анвар қори Турсуновга алоҳида меҳр қўйган эдилар. Забардаст уламо кўп бора Биринчи Президентимиз билан ҳамсуҳбат бўлган. 2009 йилда тўғри йўлдан адашган кимсалар элимиз ардоғидаги имомга суиқасд уюштириб, у киши оғир хаста бўлиб ётиб қолди. Имом-хатибнинг кейинчалик ҳикоя қилишича, ўша кезлар Ислом Каримов у кишини яқиндан қўллаб-қувватлаб, улкан кўмак ва далда берганлар. Бу икки инсонни самимий ҳурмат, она Ватанга муҳаббат, миллатпарварлик каби фазилатлар бирлаштириб турган, десак хато бўлмайди.

Анвар қори марҳум Юртбошимизнинг миллий ўзликни англаш, муқаддас динимиз софлигини асраш, улуғ алломаларимизнинг хоки ётган масканларни муқаддас зиёратгоҳларга айлантириш, уларнинг мустабид тузум даврида тақиқ ва таъқибга учраган бой илмий-маънавий меросини тиклаш, юртимиздаги масжид ва мадрасаларни обод қилиш йўлидаги хайрли ишларини зўр мамнуният ила қабул қилган, уларда бевосита қатнашган эди. Хусусан, Ислом Каримов ғоя ва таклифлари асосида Тошкентда қад ростлаган муаззам “Минор” масжиди қурилиши жараёнида ҳам Анвар қори Турсунов фаол иштирок этганди. Атоқли имом ёзган хотирасида Биринчи Президентимиз масжид қурилишининг бошидан охирига қадар меъмор ва усталарга қимматли тавсия ва кўрсатмалар бериб борганларини ёдга олган, марҳум Юртбошимизни “Оллоҳ таоло ато этган ноёб иқтидор, тафаккур ва салоҳиятга эга зот”, дея таърифлаган эди.

Ислом Каримов аҳволлари оғирлашган кезларда имом-хатибимиз “Минор” масжидининг бир неча қориси билан келиб, 12 соат мобайнида Қуръони карим сураларини тиловат қилишган эди. Ислом Каримов омонатларини топшириб, боқий дунёга рихлат қилганларида ҳам Анвар қори у кишининг ёнларида бўлганлар. Ўша паллада имом-хатиб Биринчи Президентимизнинг майитини у киши хуш кўрган жаннат гуллари – райҳонларга буркаган эди ва қорилар билан тонгга қадар Қуръон ўқиб чиққанлар.

Анвар қори Биринчи Президентимизнинг жасадларини ювишда қатнашгани ҳам тасодиф эмас. Имом-хатиб кейинчалик Ислом Каримовнинг юзларида табассум зуҳур этгани, ювиш чоғида эса қошлари қалинлашиб, юзлари ёришиб кетганини сўзлаб берган эдилар.

Инна лиллаҳи ва инна илайҳи ражиун.
Меҳрибон Аллоҳ таоло Анвар қорининг динимиз ривожи йўлидаги барча солиҳ амалларини қабул айлашини, охиратларини обод қилишини сўраймиз. Жойлари жаннатдан бўлсин".

    Бошқа янгиликлар